Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:34

Қирғизистон Ҳақиқатчиси ўзбек чегарачиларини мақтади



23 август куни Ўшда матбуот анжумани ўтказган Қирғизистон собиқ Омбудсмени Турсунбек Ақун Ўзбекистон чегарачиларнинг "мардлиги, қонунга ва тартиб-интизомга қатъий риоя қилиши"ни мақтади. Айни пайтда¸ Қирғизистон чегарачиларини таъмагирликда гумонлади.

Қирғизистон собиқ Омбудсмени - Ҳақиқатчи Турсунбек Ақуннинг айтишича, у чегарага боришдан аввал “Ўзбекистон томонига ўзбек чегарачилари мени ўтказмайди, мени ёмон кўришиб, осмонга ўқ отади”, деган фикрда бўлган. Бироқ воқеа жойида у бунинг аксига дуч келди...

- Қирғизистон чегара постидан ўтолмай¸ бир соатча чегарада турдим. Улан Шейшеналиев деган йигит “Сиз Омбудсменсиз, сизни ҳурмат қиламиз, сизни ёшлигимдан бери биламан, бироқ катталардан рухсат бўлмагунича сизни ўтказолмайман. Чегара хизматига бориб, фалончага учраб, рухсат олиб келинг”, деб ушлаб турди. “Мен Омбудсменман, мени барча чегаралардан хеч қандай тўсиқсиз ўтишга хаққим бор”, десам хам ўтказмай турди. Вице-премьер министр Тўқўн Мамитович ва бошқалар телефон орқали бу ишга аралашгачгина, чегарадан ўтдим.

Чегарадан ўта олмаётган қирғизистонлик ўзбекларнинг 15-20 нафари ўша ерда туришган экан. Ўзбек томонга бориб, чегарачилар билан кўришдим. Чегарачилар бошлиғи Элбек деган йигит экан. У “Турсунбой ака, биз сизни таниймиз, бизни чегара масаласида қаттиқ танқид қилаябсиз”, деб мени таклиф қилиб, Ўзбекистон томонга ўтиб кетдик. Ўша ерда мен билан борган йигирмага яқин одам ҳам чегарадан ўтди, дейди Турсунбек Ақун.

Турсунбек Ақунга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида чегарадан ўтолмай туриб қолган 15-20 чоғли Қирғизистон фуқароларнинг ҳужжатларида турли камчиликлар бўлган. Улардан айримлари Тошкент орқали Хитойга, Кореяга кетаётган, баъзилари Ўзбекистонга фотихага бормоқчи бўлган ўшлик ўзбеклардир. Уларнинг ҳужжатларида камчиликлар бўлгани учун чегарадан ўта олишмаган экан. Турсунбек Ақун телефон орқали тегишли тузилмаларга мурожаат қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилганини, шундан сўнг чегарадан ўтолмай қолган икки давлат фуқаролари ўз уйларига қайтганларини билдирди:

- Ўзбек чегарачилари “Биз ҳеч қачон одамлардан пул олмаймиз. Бу ерга хизматга келиш ҳам қийин. Шунинг учун ҳамма ўз обрўйини сақлайди. Сизларнинг қирғиз тараф эса нима қилаяпти? Бизнинг четда ишлаётган фуқаролар Тошкентга учиш қиммат бўлгани учун Ўшга учади. Сизларнинг чегарачиларининг уларни қароқчилардек тўнаяпти ва калтаклаяпти, деб шикоят қилишди, деди Турсунбек Ақун.

Айни пайтда собиқ Омбудсмен чегарадан ўтаётган одамлар кўпроқ қирғиз чегарачиларидан мамнун эканликларини айтганларини қўшимча қилди:

- Одамлар қирғиз чегарачилардан кўпроқ рози, ўзбек томонига эса норозилар. Ўзбекистонлик чегарачиларнинг жуда қаттиқ текширишлари одамларга ёқмас экан. Қирғиз чегарачилари эса эса анча - мунча нарсаларга кўз юмиб қўйишаверар экан. Албатта, қирғиз чегарачилари кўзларини бекорга юмиб туришмайди, бундан улар манфаатдорку ахир, деди Турсунбек Ақун.

Ўзбекистон 9 август куни "Дўстлик" чегара ўтказиш бекатини ҳеч бир огоҳлантирувсиз бир томонлама равишда ёпиб қўйган эди.

Турсунбек Ақуннинг айтишича, 22 август куни ўзбек чегарачилари билан бўлган учрашувда у шу масалани ҳам тилга олган. Бироқ Ўзбекистон чегарачилари бу муаммо фақат Тошкент буйруғи билангина ҳал этилишини айтишган.

Қирғизистон парламенти Турсунбек Ақунни жорий йилнинг апрелида жиноят оламининг таниқли вакили бўлган Азиз Батуқаевни қамоқхонадан муддатидан олдин бўшатилишига алоқадорликда айблаб, лавозимидан четлатган эди.

Бироқ Турсунбек Ақун ўзини айбсиз деб ҳисоблайди. Ҳозирда мазкур иш бўйича суд жараёни давом этмоқда. Турсунбек Ақун Қирғизистон Омбудсмени-Ҳақиқатчи лавозимига 2008 йили сайланган эди.
XS
SM
MD
LG