Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Тошкентда турк киноси ҳафталиги бўлиб ўтаяпти


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркияда чиқадиган “Ҳуррият” газетасига берган суҳбатида "Муҳташам юз йил" филмини севиб томоша қилишини айтган.
Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркияда чиқадиган “Ҳуррият” газетасига берган суҳбатида "Муҳташам юз йил" филмини севиб томоша қилишини айтган.

Ўзбекистон телеканалларида Туркияда ишланган кўп серияли бадиий фильмларининг намойиши тўхтатиб қўйилган бир пайтда Тошкентда турк киноси ҳафталиги бўлиб ўтяпти.

Тошкентдаги Radisson Blu меҳмонхонасида ўтказилаётган кино ҳафталиги Истанбулнинг ишғол этилиши ҳақидаги “Фотиҳ” фильмининг намойиши билан бошланди.

Шунингдек, “Визонтеле Туба”, “Қуёш ўғли” каби фильмлар намойиши ҳам ҳафталик дастурига киритилган. Турк филмлари ўзбекча субтитр билан намоиш этилмоқда.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида маданият ишлари бўйича атташе бўлиб ишловчи Жиҳан Варлиқнинг Озодлик радиосига айтишича, турк фильмларини томошабинлар катта қизиқиш билан томоша қилмоқда.

- Турк фильмларига бу ерда қизиқиш катта эканига яна бир бор гувоҳ бўлаяпмиз. Айниқса, “Фотиҳ” филмини томошабинлар оҳиригача ўтириб кўришди. Бу филмни кўрувчилар кўпайиб кетгани учун ҳафталик доирасида уни икки марта қўядиган бўлдик, - дейди элчихона расмийси.

Ўзбекистонда турк фильмларига қизиқиш катта эканига қарамай Ўзбекистон телевидениесида турк сериаллари намойишига норасмий чеклов мавжудлиги айтилади.

Ўзбекистонлик томошабинлар шу кунларда дунёнинг 20дан зиёд мамлакатида намойиш этилаётган "Муҳташам юз йил" сериалини рус каналлари орқали томоша қилишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам ўтган ой Туркияда чиқадиган “Ҳуррият” газетасига берган суҳбатида бу фильмни севиб томоша қилишини айтган эди.

Ушбу фильмда бош ролни ижро этган туркиялик актёр Ҳолит Эргенч бир йил аввал Каримова Тошкентда уюштирган кечаларнинг бирида кўринган. Унинг "Гули" эркаклар атири тимсолига ҳам айланган эди.

Лекин "Муҳташам юз йил" фильми Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилмаяпти.

Туркия элчихонасининг маданият ишлари бўйича атташеси Жиҳан Варлиқ бундай фильмлар намойиши учун элчихона масъул эмаслигини айтди.

- Ҳусусий сектор маҳсули бўлган филмлар намойишини бу ерда таъминлаш вазифамиз йўқ. “Муҳташам юз йил” фильми тижорий фильм. Фильм намойиши учун телеканаллар пул тўлаши, шартнома имзолаши керак. Бу улар орасидаги иш, бизни бунга алоқамиз йўқ. Биз бу ерда давлат кўмаги билан яратилган киноасарлар намойишини таъминлашимиз мумкин, - дейди Варлиқ.

"Муҳташам юз йил", “Чолиқуши”сериалларини суратга олаётган Туркиянинг “TIMS Production” ширкати вакили Гўзде Йилмаз Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон телеканаллари тарафидан қизиқиш билдирилса бу фильмлар намойишига рухсат берилиши мумкинлигини айтганди.

Ўзбек каналларида турк сериаллари намойишининг тўхтатилиши ёки намойиш этилмаётгани Туркия билан муносабатлар, расмий Тошкентнинг турк дунёсига қарши салбий қарашлари маҳсули ўлароқ баҳоламоқда.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан намойиш этиб келинган “Осиё”, “Арғувонлар остида”, “Аччиқ ёлғон”, “Зерда”, “Ишкомли уй”, “Кумуш” сингари турк сериаллари ўз томошабинларини топган ва катта қизиқиш билан кутиб олинган эди.

Лекин, бу филмлар намойиши икки йил аввал, кутилмаганда тўхтатилди. Ўзбекистон давлат телеканалларида бу филмларнинг нега тўхтатилгани ҳақида Туркия элчихонаси расмийлари изоҳ беришмади.

Ўзбекистон расмийлари ушбу қарор сабабини шу пайтгача изоҳламаганлар.

Ўзбекистонлик томошабинлар эса турк сериалларини рус каналлари орқали ёки Интернетдан дискга кўчириб, дўконларда яширинчи сотаётганлардан олиб томоша қилмоқда.
XS
SM
MD
LG