Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:34

Қумқўрғонда намунали уй қуриш учун стадион бузилмоқда



Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида намунали уйлар қурилиши сабаб стадион бузилаётгани маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Қумқўрғонликлар маҳаллий ҳокимиятни спорт ривожига болта ураётганликда айблашмоқда.

Қумқўрғон туманининг Абдувоҳид Жўраев маҳалласида яшовчи 18 яшар Эшқувват Озодлик билан суҳбатда намунали уйлар қурилиши деб ўзи каби маҳалладошлари стадионсиз қолиб кетаётгани ҳақда куйинади:

- Ўзимизни болaлар билан бекор пайтимиз шу стадионда тўп тепиб, ҳар куни футбол ўйнар эдик. Ўзимиз жамоларни тузиб, спорт маҳоратимизни оширар эдик. Ҳозир энди у ерда уй қураяпти, намунали уй. Энди биз спорт билан қаерда шуғулланамиз. Қаерда футбол ўйнаймиз. Уй қураман деса¸ бошқа жойлар кўпку. Ўзи бу намуналий уйлар ташландиқ жойларда қурилиши керакку, дейди Эшқувват.

Қумқўрғонда юзлаб ёшлар тўп тепиб, спорт маҳоратини ошириб келган 3000 ўринлик стадион 30 дан зиёд намунавий уй қурилишига ер майдони очиш учун бузилмоқда.

- Барча талабга жавоб берадиган стадион эди. Чимлари, томошабинлар ўтирадиган жойлари бор эди. У ерда “Баркамол авлод”, “Умид ниҳоллари”нинг бошланғич этап мусобоқалари ҳам ўтказилганди. Ўтган ҳафта борсак¸ стадионнинг дарвозаларини бузиб олиб кетишибди. Ҳамма бузилишига қарши, лекин ҳокимиятдагилар нима қилган, нима қўйган билмаймиз. Катталарга бир нарса деб ҳам бўлмайди, дейди қумқўрғонлик футболсевар Эшқувват.

Тумандаги Абдувоҳид Жўраев маҳалла аҳли вакилларидан бири Баҳром аканинг Озодликка айтишича, кўпчилик стадион бузилишига қарши чиқиб, ҳокимиятга ҳам арз қилган:

- Аҳоли қарши чиқaяпти, лекин намунали уйларни қурилиши ҳам бир сиёсат, болалар спортини ривожлантириш ҳам бир сиёсат-да. Иккита сиёсат бири бирига зид келаяпти-да. Бу ўзи асли иккита маҳалланинг стадиони. Ҳар куни у ерда ўйин бўлар эди. Ҳозир ерга қурилиш материалларини олиб келиб ташлашибди, намунали уйлар бўлар эмиш. Оқибатда бу ерда иккита маҳалла стадионсиз қолиб кетаяпти, дейди Баҳром ака.

Озодлик мухбири стадион бузилиши борасида изоҳ сўраб Қумқўрғон туман ҳокимиятига қўнғироқ қилди.

Ҳоким биринчи ўринбосари Исмоил Муротов стадион бузилиши борасида аҳолидан шикоят бўлмагани ва кўпчилик намуналий уйлар қурилишидан мамнун эканини иддао қилди:

- Кимлар шикоят қилапяти, бизда шикоят йўқ. Ҳаммаси яхши бўлаяпти. Кўпчилик уйлар қурилишидан мамнун, деб гапни қисқа қилди Қумқўрғон туман ҳокими муовини.

Ҳокимиятнинг қурилиш ва ободончилик ишларига масъул расмийларидан бири эса Озодлик мухбири билан суҳбат давомида Абдувоҳид Жўраев маҳалласи учун келажакда янги стадион қуриб берилишини ваъда қилди.

Маҳалла аҳли номидан гапирган Эшқувват ҳокимиятнинг бундай ваъдаларига ишонмайди:

– Энди стадионни иккита маҳалла тушида ҳам кўрмайди. Энди тарихда бўлмайди, бундай стадион, дейди қумқўрғонлик Эшқувват.

Маҳалла фаоли Баҳром ака туман ҳокимиятини маҳаллаларда спорт ривожига болта ураётганликда айблайди:

- Қаранг, футбол юлдузлари қандай пайдо бўлади, кўчада тўп тепиб футбол юлдузи бўлади. Булар бор стадионни бузишаяпти. Бунақада қачон жаҳон чемпионатига чиқамиз? дейди қумқўрғонлик Баҳром ака.

Сўнгги уч-тўрт йил ичида Ўзбекистонда Осиё тараққиёт банки кредитлари эвазига 650 та қишлоқ массиви барпо этилиб, у ерда намунавий лойиҳалар асосида 24 мингга яқин якка тартибдаги уй-жой қуриб топширилган.

Расмий маълумотларга кўра, бунинг учун жами 1,2 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдордаги инвестиция йўналтирилган.

Келажакда мамлакат бўйлаб 350дан зиёд қишлоқ массиви барпо этиш, уларда намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1,4 миллион квадрат метр бўлган 10 мингта уй-жой қуриш кўзда тутилмоқда.
XS
SM
MD
LG