Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:41

АҚШ Каримовнинг америкалик невараси тақдири билан қизиқяптими?


Гулнора Каримова (расм Uznews.net сайтидан олинди).
Гулнора Каримова (расм Uznews.net сайтидан олинди).

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари уй қамоғида экани ишониладиган Гулнора Каримова ҳамда унинг АҚШ фуқароси бўлган қизи Имон Каримова-Мақсудий аҳволидан икки марта хабар олгани ҳақидаги гап-сўзларни тасдиқламади, лекин инкор ҳам қилмади.



Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ва АҚШ фуқароси бўлган 15 ёшли набираси Имон 17 февралдан буён уй қамоғида қолаётгани, улар барча алоқа воситаларидан узилгани ҳақда Uznews.net интернет нашри Ўзбекистон ичкарисидаги манбаларига таяниб, хабар қилди.

Uznews.net бош муҳаррири Галима Бухорбоева Озодлик билан суҳбатда бу ҳақдаги маълумот Ўзбекистон президенти оиласига жуда яқин бўлган манбадан олинганини таъкидлади.

- Бизга маълум бўлишича, Гулноранинг Тошкентдаги уйида махсус хизматлар рейд ўтказганидан буён у ва қизи ўнга яқин хавфсизлик ходими қуршови остида қолмоқда. Улар алоқа воситаларидан узилган. Ўша рейдлардан буён Каримова Твиттерда ҳам кўринмай қолди, биз билан мулоқотга ҳам чиқмай қўйди,- дейди Бухорбоева.

Гулнора Каримованинг Тошкент марказидаги хонадонида 17 февраль куни тинтув ўтказилгани ва унга яқин одамлар, жумладан фуқаровий эри Рустам Мадумаров ҳибсга олингани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Журналист Бухорбоевага кўра, Каримова ва унинг қизи Имон уй қамоғидалиги пайти АҚШ элчихонасининг ходимлари уларнинг аҳволидан икки марта хабар олган.

- Икки марта зиёрат қилишган, чунки Имон Каримова АҚШ фуқаросидир. Унинг отаси Мансур Мақсудий ҳам бунга аралашгани бизга маълум. Айнан унинг сўровига кўра АҚШ элчихонаси ходимлари қизининг холидан хабар олишган,- дейди Галима Бухорбоева.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Гулнора Каримованинг Америка фуқароси экани ишониладиган қизи Имон Каримова-Мақсудий тўғрисидаги Озодлик саволига жавоб бера олмаслигини билдирди.

Озодлик АҚШ элчихонасига жўнатган сўровига: “АҚШ Давлат департаменти ва бизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз сиёсати, биринчи навбатда, хориждаги Америка фуқароларининг фаровонлиги ва хавфсизлигини кўзда тутади. Айни пайтда, ўз сиёсатимиздан келиб чиқиб, биз сизнинг ушбу сўровингизга жавоб бера олмаймиз”,- деган жавобни олди.

Эслатамиз, 17 феврал куни Ўзбекистон хавфсизлик ҳизмати ходимлари Гулнора Каримованинг Тошкентдаги уйида тинтув ўтказган. У билан бирга уйда бўлган бир қанча одам, жумладан унинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров, шериклари Гаяне Авакян ҳамда Екатерина Клюеваларни хавфсизлик ходимлари иқтисодий айбловлар билан ҳибсга олган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу шахсларга нисбатан 184-мода 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 178-модда 2-қисми (Чет эл валютасини яшириш) ва бошқа айбловлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилганини хабар қилган эди.

Айрим кузатувчилар бу ҳодисаларни президент қизини жабрдийда этиб кўрсатиш учун уюштирилаётган бир “томоша” деб аташмоқда. Лекин, Галима Бухорбоева ундай фикрда эмас.

- Мен буни атайлаб уюштирилаётганига ишонмайман. Бўлаётган ҳодисалар анча жиддий. Ўша рейдлар арафасида Гулнора мен билан бир неча марта мулоқотда бўлган, даҳшатли ҳодисалар кутилаётганини менга айтган эди. Ва бир неча кун ўтиб унинг уйида рейдлар бўлди. Менинг назаримда, буларнинг ҳаммаси Гулнора Каримовани сиёсий конкурент сифатида йўқ қилиш мақсадида уюштириляпти,- дейди Бухорбоева.

Ундай бўлса нега Каримованинг шериклари ҳибсга олинадию, унинг ўзи ҳали ҳам уйида ўтирибди, деган саволимизга Бухорбоева:

- Бу Ўзбекистондаги қонунчилик ҳамма учун бир ҳил эмаслигининг бир кўриниши, - дея жавоб қилди.
XS
SM
MD
LG