Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Россияга кетган эрига хиёнат килган аёл ва унинг ўйнаши акаси томонидан пичоқланди


Хоразм вилояти Шовот туманининг Чатқала қишлоғида истиқомат қилган ака синглисини ўйнаши билан тўшакда ушлаб олгандан сўнг, уларнинг иккаласини ҳам пичоқлади. Озодлик манбаларига кўра¸ олинган тан жароҳатидан 33 яшар аёл оғир ҳолатда касалхонага ётқизилган, 34 ëшдаги ўйнаши эса воқеа жойида жон берган.

Озодликка маълум бўлишича¸ фожиа 8 июндан 9 июнга ўтар кечаси содир бўлган.

Шовот туманидаги "Гулистон" қишлоқ фуқаролик йиғинининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, аканинг қотиллик қилишига синглисини ўз уйида ўйнаши билан ушлаб олгани сабаб бўлган:

- Аëлнинг эри Россияга ишлагани кетган. Менимча бир ярим йилдан буён келгани йўқ. Ўша кечаси акаси унинг уйига бориб, синглисининг ўйнаши билан тўшакда ушлаб олади. Кейин алам устида аввал болани пичоқлайди, кейин синглисига пичоқ уради. Ўйнаш ўша жойда ўлган, сингил эса уч кундан буён касалхонанинг реанимация бўлимида ётибди. Аҳволи жуда оғир, дейишяпти, деди маҳалла фаоли.

Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлади. Унинг айтишича, қотил ака ҳозир ҳибсга олинган ва Шовот тумани ички ишлар бўлими изоляторида сақланмоқда.

Одам ўлдиришда айбланаётган ака устидан очилган жиноят ишини Шовот тумани прокуратураси олиб бормоқда.

Иқтисодий муаммоларни хорижга кетиб¸ ортида қолганларга пул юбориш орқали ҳал қилишга аҳд қилган ўзбек эркаклари¸ кузатувчилар фикрича¸ ўз ортида янги ижтимоий муаммолар ўпқонини очиб берди ва бу оила институти таназзулидир.

28 май куни Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги Зирабулоқ қишлоғида 30 яшар эр (эр-хотиннинг кимлиги Озодликка маълум¸ аммо бу маълумотни эълон қилмасликка қарор қилди - таҳр.) икки фарзандининг 27 яшар онасини бўғиб ўлдирди ва ички ишлар бўлимига ўзи бориб¸ таслим бўлди. Жанозада қатнашган қишлоқдошларининг Озодликка ҳикоя қилишича¸ фожиага эрнинг ўз хотини мобил телефонидан бегона эркак томонидан ëзилган SMS ва тунги қўнғироқларни топгани сабаб бўлган.

Фожиа рўй берган оилага яқин яшовчи зирабулоқликлардан бирининг Озодликка айтишича¸ қотиллик 28 май куни пешинга яқин содир бўлган.

Ўлдирилган аëл яқинларининг қишлоқдошларига айтишича¸ эр икки боласини олиб отасининг уйига кетган хотинига эрталаб телефон қилиб¸ ундан маҳалла оқсоқоли чақиртираëтгани ва шунинг учун уйга қайтишни сўраган. Эридан ажралиш учун маҳалладан қоғоз тўплаб¸ судга мурожаат қилган келинчак бу гапга ишониб¸ эрининг уйига келган.

Уйга келган хотинини бўғиб ўлдирган эр ўша куниëқ милиция бўлимига ўз оëғи билан бориб¸ жиноятига иқрор бўлган; аëл эртасига дафн этилган.

Нарпай туман ички ишлар тизимидаги манба таъкидича¸ ҳозирда эр қамоққа олинган¸ туман прокуратураси қасддан одам ўлдириш юзасидан жиноят иши очган.

Қишлоқдошларга кўра¸ ўз қотиллигига иқрор бўлган эр шу йил март ойининг ўрталарида Россияда қарийб бир йил ишлаб уйига қайтган.

“Уйга қайтиши билан уни қишлоқда қолган ўртоқлари хотинига қарши қайрай бошлаган. Унга хотининг сен йўғингда фалончи таксичига ўйнаш бўлди¸ дейишган. Бу гаплардан кейин эр бориб ўша таксичи болани тутиб урган¸ иш мелисага оширилган эди. Хотинининг хиëнатини исботлаш учун эр Paynetга 1 миллион 800 минг сўм тўлаб¸ ўзи йўқ ойларда хотинининг ким билан қанча гаплашгани¸ SMS ëзишмаларини чиқартириб олган. Шундан кейин оилада тинчлик йўқолиб¸ ҳар кун жанжал бошланди. Маҳалла фаоллари бир неча марта аралашиб¸ уларни келиштира олмади. Охир келинчак икки ярим ва тўрт яшар болаларини олиб отасиникига кетиб¸ ажралиш ҳақида судга ариза топширган эди”¸ дейди зирабулоқликлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

29 май куни тупроққа қўйилган келинчак ҳам¸ унинг Россиядан қайтгач¸ ишсиз ўтирган эри ҳақида ҳам нарпайликлар орасида ҳар хил миш-мишлар тарқаб улгурган. Оқтош бозорида¸”келинчак эри Россиядан қайтганида ҳомиладор бўлган ва эр бундай хиëнат ва шармандаликка чидай олмай қотилликка қўл урган” деган гапларни эшитдим¸ деб ëзди Озодликка оқтошликлардан бири.

Аммо Озодликнинг зирабулоқлик манбаси¸ бу миш-мишларнинг асоссиз экани¸ хотин ўзининг эри йўғида тунги соат 12 дан кейин бошқа эркак билан соатлаб гаплашганини бўйнига олгани¸ бироқ унга жисмонан хиëнат қилмаганини айтганини таъкидлади. “Келинчакнинг ҳатти-ҳаракатидан унинг бузуқ эканини сезмаган эдик. Унинг эри ҳам ароқхўр ë наркоман бола эмас эди”¸ дейди қўшнилардан бири Озодликка.

Эндиликда қасддан одам ўлдиришда айбланаëтган эр¸ суд ҳукми билан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

“Энди эр қамоқда¸ хотин гўрда¸икки нафар бола кўчада қолди”¸ дейилади Озодлик WhatsAppига келган хабарда.

Зирабулоқликларнинг Озодликка билдиришича¸ рашк орқасидан пайҳон бўлган бу ëш оиланинг икки фарзандини келинчакнинг онаси олиб кетган.

Бу фожиа бир оила эмас¸ бутун ўзбек жамияти фожиасидир!

Аксар ишга лаëқатли эркаклар ëппасига Россия¸ Қозоғистон ва бошқа узоқ-яқин хорижга иш излаб муҳожиратга кетган¸ ортида қолган хотин-болаларини кўпи билан бир йилда бир марта¸ баъзи ҳолларда йиллаб кўрмайдиган бўлиб қолган ҳозирги шароит ўзбек жамиятидаги оила институтини ичдан барбод қилди¸ деган фикрда Озодлик суҳбатлашган кузатувчилар.

Бундай вазиятда йиллаб эрсиз қолган аëлларнинг ëлғизлик¸ зерикиш ва бошқа жисмоний ва маънавий эҳтиëжлар турткисида хиëнат йўлига ўтиши¸ Россиядаги эрларнинг у ерда бошқа аëл билан яшаши каби¸ кенг тус олмоқда¸ дейди ўзбекистонлик блоггер Гуласал Камолова:

-Мен тўй-маъракаларда кўп юраман¸ аëлларнинг юриш-туришини кўп кузатаман. Ҳаммаси дея олмайман¸ албатта¸ аммо кўпчилиги ҳозир Россияда ишлаб пул жўнатиб турган эрига хиëнат қилишдан тортинмай қолган. Балки¸ жисмонан хиëнат қилиш у қадар кўпмасдир¸ лекин телефондаги беҳаë қилиқлар жуда кенг тарқалган. Менга эри Россияда¸ ўзи ëш болалари билан уйда ўтирган келинларнинг бегона йигитларга телефон¸ WhatsApp орқали юборган яланғоч суратларини кўп кўрсатишади. Телефонда бундай келинлар билан соатлаб гаплашиш¸ улардан шунақа расм сўраш¸ ëш йигитлар орасида урф бўлган ҳозир. Бу ҳам¸ назаримда¸ оилага хиëнатнинг янги кўриниши¸ дейди бухоролик блоггер.

Жисмоний ва телефондаги хиëнатлар ортидан эри Россияга қатнайдиган оилалардаги ажралишлар ва Нарпайдагига ўхшаган қотилликлар кўпаймоқда¸ дер экан бу суҳбатдош¸ Бухорода ўтган бир неча ой ичида айнан хиëнат боис Россиядан қайтган икки эркакнинг ўз хотинини ўлдирганини тилга олади.

Иқтисодий-ижтимоий таназзул ўзбек оиласини ҳам таназзулга тортган бундай шароитда¸ кузатувчилар¸ муаммонинг ечими сифатида кўп эркакларнинг эндиликда меҳнат муҳожиратига нафақат ўзи¸ балки хотини¸ баъзи ҳолларда эса¸ болаларини ҳам олиб кетаëтганини қайд этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG