Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Каримов ҳокимиятга келганига 25 йил тўлди


1989 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Президент қилиб тайинлангани ҳақидаги мақола.
1989 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Президент қилиб тайинлангани ҳақидаги мақола.

Ўзбекистон деб аталган юрт¸ ўзбекистонликлар деб аталувчи 30 миллион одам ҳаëтидаги кейинги 25 йиллик давр Ислом Каримов даври сифатида тарихга кирди. 1989 йилнинг 23 июн куни расман дунëга келган бу давр¸ амалга ошмаган умидлар¸ пучга чиққан орзулар фонида коррупция ва авторитаризмнинг гуллаган фасли ўлароқ кўрилмоқда.


Бундан 25 йил аввал Ислом Каримов собиқ Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Бош котиблигига тайинланди.

Ўша давр тутумига кўра, Комфирқа бош котиби республиканинг тўлақонли раҳбари ҳисобланар эди.

Бундан 25 йил аввалги Ўзбекистонда раҳбар алмашинуви билан боғлиқ вазиятни ўша даврни яxши билган ва Ислом Каримоов билан турли давр ва турли вазиятларда мулоқот қилган сиëсат ва мухолифат арбоблари билан бирга эсладик.

1989 йилнинг жазирама ëзи

Кремль тарафидан Ислом Каримовнинг Ўзбекистонга раҳбар қилиб тайинланиши арафасида Ўзбекистон этник низолар¸ ўзликни англаш йўлидаги ижтимоий ҳаракатлар юз кўрсатаëтган бир ҳудуд сифатида матбуот диққатига тушиб улгурган эди.

1989 йилнинг май ойида Ўзбекистонда норасмий “Бирлик” халқ ҳаракати ўз қурултойини ўтказиб¸ сиëсий ўзгаришлар талаб қила бошлаган эди.

Бундан олдин эса, Фарғонадаги этник низолар оқибатида илк қурбонлар берилган эди.

Ўша давр матбуотида 1989 йилнинг май-июн ойларида Фарғона водийсида 103 киши нобуд бўлиб¸ 1011 киши тан жароҳати олгани, ички қўшинларнинг 137 ҳарбий хизматчиси, милициянинг 110 ходими яралангани ҳақида ëзилган эди.

Бу маълумотларга кўра¸ аҳолининг 757 уйи, давлатнинг 27 объектига ўт қўйилиб талон-тарож қилинган ва 275та транспорт воситаси ëқиб юборилган.

​Бундан олдин эса, Самарқанд вилоятининг Жумабозор қишлоғида дехқонлар исëн қилиб чиққан ва бу исëнни бостириш учун мунтазам армия қўшинлари жалб қилинган эди.

Фарғона 1989 йил.
Фарғона 1989 йил.

Каримовнинг иқтидорга келиши арафасида Ўзбекистонда ижтимоий-сиëсий бўҳронлар қайнаган¸ миллатлараро низолар боис¸ мамлакатнинг қатор нуқталарида комендантлик назорати жорий қилинган эди.

Бу даврга Каримовнинг ўзи “Тўрт томондан уруш бўлаëтган пайт”¸ дея баҳо берган эди.

"Бугунги Ўзбекистонда катта кураш кетаяпти. Бир томондан эмас¸ тўрт томондан кураш кетаяпти"¸ деган эди 1991 йилги сайловлардан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Каримов иқтидорга келиши арафасида минглаб ўзбекистонликлар пахтани қўшиб ëзишда айбланиб¸ ҳибс қилинган эди.

"Мен 1987 йилда Қашқадарëга биринчи марта борганимда 1500 одам қамалган эди. Ҳамма акамни¸ опамни чиқариб беринг¸ деб келар эди"¸ деб эслаган эди Ислом Каримовнинг ўзи.

1988 йилда Ўзбекистон раҳбарлигига тайинланган дипломат Рафиқ Нишонов 1989 йили собиқ Совет Иттифоқи Миллатлар кенгаши раиси қилиб тайинлангани боис комфирқа котиблиги лавозими бўш қолди.

Мамарасулов нега раҳабарликни рад қилдию нега Анишчев номзоди ютди?


1989 йили собиқ Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси 2-котиби лавозимини эгаллаган ва кадрлар масаласини назорат қилган Владимир Анишчев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги президенти Ислом Каримовнинг ҳокимият тепасига келишида бевосита иштирок этганман, дея билдирди:

Собиқ Ўзбекистон ССР Компартияси 2-котиби Владимир Анишчев.
Собиқ Ўзбекистон ССР Компартияси 2-котиби Владимир Анишчев.

- Мен ўша пайтда кадрлар масаласи билан шуғулланганман. Рафиқ Нишоновнинг Москвага ишга тайинланишидан анча олдин Ўзбекистон Компартияси биринчи котиблигига ким бўлиши масаласи муҳокама қилинган. Госпланда ишлаган Ислом Каримов номзодлардан бири сифатида танланиб¸ Қашқадарë Обком котиблигида ишлаб тажриба орттиришга юборилган эди. Ҳар холда, Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлиги учун муносиб номзод эди¸- деб эслайди ҳозир Россиянинг Воронеж вилоятида нафақахўр мақомида яшаëтган Владимир Анишчев.

Ўзбекистон президенти ҳақидаги "ИАК" романи муаллифи¸ ҳозир АҚШда яшаëтган Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Жаҳонгир Муҳаммад Озодлик билан суҳбатда айнан Владимир Анишчев Ўзбекистон раҳбарлигига Ислом Каримовни олиб келганини тасдиқлайди:

- Ислом Каримов Анишчев танлаган кадр¸ бу тўғри. Кейинчалик, Анишчев Ўзбекистонда коррупцияда айбланганида Ислом Каримов уни қутқариб¸ силлиққина қилиб Москвага кеткизиб юборгани ҳам бунга далил бўла олади. Владимир Анишчев Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси 2-котиби лавозимини эгаллаган ва кадрлар масаласини назорат қилган. Шу Анишчевнинг кадри Ислом Каримов бўлган лекин раҳбарликка номзодлар уч нафар бўлган ва улар орасида Сурхондарë Обком котиби Солижон Мамарасулов лидерлик қилган. Лекин Мамарасулов бу лавозимни рад қилган.


Солижон Мамарасуловни яқиндан таниган журналист Исмат Хушев Озодлик билан суҳбатда президентлик салоҳиятига эга бўлган бу кишининг пировардида ҳукумат эътиборидан бенасиб холда оламдан ўтганлигини айтади:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:25 0:00
Бевосита линк


Жаҳонгир Муҳаммад Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистоннинг собиқ вице президенти мархум Шукрилло Мирсаидов ва журналист Аҳмаджон Мухторовлар билан суҳбатларига асосланиб баъзи тафсилотларни айтиб берди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:19 0:00
Бевосита линк

Кутилган раҳбар

Нишоновнинг Москвага олиниши ва ўрнига янги раҳбар келиши ҳақида 1989 йил баҳоридаëқ гап-сўзлар бошланган эди¸ дея эслайди Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ
Муҳаммад Солиҳ

- Каримовнинг келиши олдиндан тахмин қилинган эди. Нишонов кетмасидан ва Каримов келмасидан олдиноқ ўртамиëна бир одамнинг келиши ҳақида гап-сўз бошланган эди. Айнан шу одам Ислом Абдуғаниевич Каримов бўлади¸ деган фикр бизда йўқ эди. Чунки ўртамиëна одам келиши ҳақида гапирилса ҳам¸ унинг кимлиги ҳақида хабар чиқмаган эди.

Каримовни Москвага тавсия қилган гўë Андижон вилоятининг ўша пайтдаги биринчи секретари бўлган. Бу нарсани қўллаганлар ҳам ичкаридаги йирик сиëсатчилар эмас эди.

Тавсия обком секретарлари¸ обком секретарларининг иккинчи секретарлари¸ яъни рус раҳбарлари савиясида бўлган.

Шу рус раҳбарларидан бири¸ Қашқадарëда иккинчи секретар эди шекилли¸ Евгений Березиков эди. Кейин у одам Ëзувчилар уюшмасининг секретари ҳам бўлди. Бу одам ҳам тавсия қилганлардан бири эди.

У 1989 йилда Каримов сайланишидан икки-уч кун олдин менга сирли қилиб, “Қашқадарë вилоятидаги партиянинг ҳозирги биринчи котиби сайланиши мумкин. Бу одам ҳар ҳолда, иқтисодда ишлаган. У Госпланда ишлаган ва иқтисодни яхши билади” деган гапларни айтган эди.

Бу нарсага биз ҳам жуда қизиқардик. Ўша пайтда биз Нишоновни тоталитар бўлмаса ҳам¸ авторитар деб билардик. Унинг ўрнига келадиган одам мутлақо яхши одам бўлиши керак¸ деган фикрда эдик¸- дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:31 0:00
Бевосита линк

Р. Нишонов: Каримовни ўз ўрнимга мен тавсия қилганман

Рафиқ Нишонов
Рафиқ Нишонов

Ислом Каримовнинг Москвадаги КПСС пленумида Ўзбекистон раҳбари қилиб тайинланганига 25 йил бўлгани хабарини Озодлик мухбиридан эшитган Рафиқ Нишонов "шунча вақт ўтибдия" деб қаҳқаҳа отиб кулди.

Ўзбекистонни 1988-89 йиллари бошқарган Рафиқ Нишоновнинг Озодликка айтишича, Кремль мулозимларининг кўпчилиги Ислом Каримовнинг номзодига қарши бўлишган.

- Ҳатто Михаил Горбачев ҳам келинглар бу масалани кейинга қолдирайлик деган эди¸- деган суҳбатдош 25 йил ўтганидан таажубини яширмади.

- Энди ҳозир бирор нарса айтишим қийин. Стандартний сайловлар 25 йил уже ўтиб кетди.

Озодлик: Бунинг бошида сиз тургансиз. Сиз ўрнингизни бу кишига бергансиз¸ тавсия қилгансиз.

- Ўша вақтдаги кандидатлар ичида республикани эплаб кетадиган¸ республиканинг сиëсий-иқтисодий вазиятни тўғри тушунадиган одам шу эди. Шунинг учун марказга биз буни тақдим қилганмиз. Пленумда муҳокама қилиш вақтида бир қанчадир саволлар чиқиб қолган.

Озодлик: Лигачев қарши бўлган, деди. Мен Эдуард Шеварнадзе билан гаплашдим. У киши Лигачев қарши бўлган¸ мен қўллаб-қувватлаганман, деяпти. Шунақа бўлганми?

- Нафақат Лигачев¸ Горбачев ҳам “Давайте отложим”, деган. Не то что қарши "рассмотрение отложим" деган. Кейин мен эртасига эрталаб¸ энди вақт ўтаяпти¸ бундан бошқа тайëр одам йўқ. Пайдо бўлиб қолган саволларга жавоб топиш мумкин. Шунинг учун тасдиқлаб юборавериш керак, дедим. Кейин Лигачев¸ Горбачев¸ Разумовский учаласи яхши деб шунга розилик беришди.

Озодлик: Сиз ўзингиз арафани билардингиз. Ўзбекистон мураккаб республика эди ўша пайт.

- Албатта билардим. Шунинг учун таклиф қилгандим.

Озодлик: Афсусланмайсизми¸ фахрланасизми қанақа туйғу бор? 25 йил ўтди орадан. Мен ўша бўлган воқеани ҳикоя қилдим. Бошқа гапим йўқ. Энди ҳар қайси республика ўзича ўзининг йўли билан ривожланиб кетаяпти. Ўзбекистон ҳам ўз йўлини топди. Қийинчиликлар бор. Лекин шуни аста-секин амалга ошириб¸ яхши йўллар билан ривожланиш учун йўл топаяпти.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:30 0:00
Бевосита линк


Нишоновнинг айтишича¸ Ўзбекистондаги вазиятнинг нотинчлигини ҳисобга олган раҳбарият Каримовни шартли тарзда раҳбар қилиб тайинлаган.

Ўша пайтда Қашқадарë вилоят партия қўмитасини бошқарган¸ СССР халқ депутати Ислом Каримов номзодини ўшандаги СССР Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

- Мен ўшанда ҳам¸ ҳозир ҳам бу энг тўғри танлов бўлган эди деб ҳисоблайман. Мен ўша пайтда Каримов билан бир неча марта учрашганман. Ўзбекистонда ҳам бўлганман. Орамизда дўстона муносабатлар бор эди¸- дея эслаган эди Эдуард Шеварднадзе Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Шеварднадзе Каримов номзодига қаршилар ҳам бўлганини эслаган эди.

- Шундай онлар бўлдики¸ унинг номзодига эътироз билдирганлар ҳам топилди. Аммо ўшандаги умум кайфият Каримов фойдасига ишлади¸- деган эди Эдуард Шеварднадзе.

Совет сиëсатининг "отахон"ларидан бири бўлган Шеварднадзе ўша пайт кайфияти Каримов тарозисига тош бостирганини айтган эди.

Каримов елканига шамол пуфлаган кайфиятнинг номи умид эди¸ деб эслайди ўша пайтда Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмаси котиби бўлган Муҳаммад Солиҳ.

Маълумотли мустабид

Беларус Республикасини демократик давлат қилиш учун тиришган¸ аммо вазифасини қўлидан бой берган Станислав Шушкевич бир вақтлари ўзи яхши билган Каримовнинг охир-оқибат мустабидга айланганидан таассуф билдиради.

- Каримов мустабид¸ аммо маълумотли мустабид. Беларусдаги диктатордан сал яхшироқ кўринади назаримда¸- дейди Станислав Шушкевич.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:07 0:00
Бевосита линк

Станислав Шушкевич
Станислав Шушкевич

Каримов иқтидорга келган 1989 йил кайфияти ва 1991 йилгача бўлган қисқа бир давр ҳақида ҳикоя қилдик.

Каримов иқтидордаги умрининг 25 йили нимани билдиради деган савол жавобини тарихга ҳавола қилинишидан аввал бу борада замондошлар фикрини ўргандик.

Саробга айланган умидлар ëки қандай қилиб бир шахс Ўзбекистонни таназул ëқасига келтиргани ҳақида

Россиялик таниқли журналист Александр Минкин 1993 йилда Давос форумида Ислом Каримов билан учрашганида “Нега Ўзбекистондаги демократик жараëнларга тўсқинлик қилдингиз” дея сўраганини эслайди.

- Ислом Каримов демократия калимасини эшитган заҳоти дарғазаб бўлиб стол муштлади. “Сиз Ўзбекистоннинг Тожикистон каби қонга бўялишини истайсизми?” деганини эслайман¸- дейди Александр Минкин Озодлик билан суҳбатда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00
Бевосита линк


Александр Минкин назарида Ислом Каримов табиатидаги мустабидликка мойиллик боис у инстинкт даражасида демократия ва эркин сайловларга қарши бўлган.

Ислом Каримов
Ислом Каримов

Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати партияси раиси Абдураҳмон Пўлатов бошиданоқ Ислом Каримовга қаршилик билдирганини айтади:

- 1989 йил июн ойида мен билан Ислом Каримов¸ Рафиқ Нишонов ва Владимир Рижков учрашди. Ўшанда мен бу одамдан республикага фақат зарар олиб келади деб очиқ айтганман¸- дейди Абдураҳим Пўлатов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:53 0:00
Бевосита линк


Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Жаҳонгир Муҳаммад мамлакатнинг бугунги таназзулига фақат Ислом Каримов айбдор деган фикрда собит:

- Катта имконият боис ëруғликка чиққан миллат ва мамлакатини Ислом Каримов чох ëқасига келтириб қўйди.

Ўзбекистон Эрк демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ¸ Ислом Каримовнинг иқтидордаги 25 йиллик даврини ўзбек халқининг қўрқинчли туши деб атади:

- Бундан 25 йил олдин Каримовнинг Ўзбекистон раҳбарлигига келтирилиши оқибатида мамлакат ва миллат фалаж қилинди ëки уйқуга кетишига сабаб бўлди. 25 йилдан бери давом этаëтган уйқу. Халқ уйғонасагина бу қўрқинчли туш тугайди,- дейди Муҳаммад Солиҳ.

XS
SM
MD
LG