Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:46

Сурияга кетган қирғизистонликлар орасида аёллар ҳам бор


Суриядаги жангларда Қирғизистоннинг ўзларини “жиҳодчи” деб атаган 80 га яқин фуқароси, жумладан, 10га яқин аёл қатнашмоқда. Бишкек расмийларининг билдиришларича, йил бошидан бери Сурияга одам ёллаш бўйича 15 факт аниқланиб, 8 жиноят иши очилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг 10-бошқармаси раҳбари ўринбосари Эмил Жээнбековнинг маълум қилишича, шу кунгача Қирғизистондан Сурияга кетиб, у ердаги жангларда қатнашаётган 80га яқин одам борлиги аниқланган.

-Шу кунларда Сурияда 80га яқин фуқаромиз борлиги аниқланди. Сурияда ҳалок бўлганлар ҳам бор. Сурияга жиҳодга бориш чақириғи ўрин олган видеолар интернетда жуда кўпайиб кетмоқда. Бундай сайтларнинг кўпрлиги туфайли уларни назорат қила олмаяпмиз, -деди Эмил Жээнбеков.

Расмийнинг билдиришича, ўзини “жиҳодчи” атаб Сурияга кетган қирғизистонликлар орасида ўнга яқин аёл ҳам бор. Жээнбеков Сурияда уларни “уруш аёли” деб аташларини, агар жангларда унинг турмуш ўртоғи вафот этса, у бошқа бир “жиҳодчи”га турмушга чиқиши шартлигини айтиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги расмийси бугунги кунда Қирғизистонда диний - экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган 12 ташкилот аъзоларидан 7 фоизини аёллар ташкил этишини ҳам таъкидлади.

Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари Ўрўзбек Молдалиев Сурияга кетаётган қирғизистонликлар сонининг кўпайиб бораётганини диёнатчиларнинг давлат томонидан назорат қилинмаётган фаолияти билан боғлайди.

-Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида диний-экстремистик мафкуранинг таъсири кучли. Бу ҳудудларда масжид имомларининг айримлари ҳам мана шу мафкура таъсирига тушиб қолган. Улар ёшларни мана шу мафкура руҳида тарбиялаб, Суриядаги биродарларимиз оғир аҳволга тушиб қолди, уларга ёрдам бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчи қабилида ташвиқот олиб бормоқда, -деб ҳисоблайди Ўрўзбек Молдалиев.

Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари хабарларида Сурияда 190 тожикистонлик, 150 қозоғистонлик ва 70 қирғизистонлик президент Башар Ассад режимига қарши жанг қилаётгани айтилади.

Суриядан Қирғизистонга қайтган “жиҳодчи”лардан камида 25 йигит ва 2 қиз қўлга олингани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG