Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Тошкентда “разборка”га йиғилган 50 йигит ўртасида пичоқбозлик бўлди


Тошкентнинг Олмазор туманидаги Бешқўрғон массивида 13 сентябрь куни ëш йигитларнинг икки катта гуруҳи ўртасида пичоқбозлик бўлди. Манбаларга кўра, 5 дан зиëд йигит ярадор бўлган ва ўнлаб ўсмир қўлга олинган. Ўтган аср охиридаги Тошкент учун характерли бўлган “Бандит разборка”ларининг бу тахлит қайтиши пойтахт аҳлини ташвишга солмоқда.

Осойишта ва тинч шаҳар деб билинадиган Тошкент маҳаллаларида сўнгги пайтларда жиноий гуруҳларнинг пичоқлашиб, “масала талашгани” тез-тез кузатилмоқда.

Жумладан, 13 сентябрь куни Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Бешқўрғон массивида (Илгариги номи - Тансиқбоев массиви - таҳр.) жанжаллашган ëш йигитларнинг икки катта гуруҳи ўртасида юз берган пичоқлашиш оқибатида бешдан зиëд ëш йигит ярадор бўлгани ва ўнлаб ўсмирлар қамоққа олингани билдирилди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра¸ Бешқўрғон массивидаги ëшларнинг икки гуруҳи гап талашиб, сан-манга борганидан кейин¸ тортишув оммавий муштлашувга айланиб кетган:

- Ëш йигитлар ўртасида стрелкали разборка (Олдиндан белгиланган жойда муштлашиш - таҳр.) бўлди. 13 сентябрь, шанба куни соат 12дан 36 дақиқа ўтганида, Тансиқбоев массивида элликдан ортиқ ëш ўртасида муштлашув бўлди. Тарафларни қўлида арматура¸ пичоқ¸ бейсбол тўқмоғи ва ëғоч калтаклар бўлган. Ички ишлар ходимлари етиб борганида пичоқлашув авжига чиқиб, беш йигит оғир ярадор бўлган эди¸ дейди Озодлик манбаси.

Озодлик суҳбатлашган воқеа гувоҳларидан бири муштлашув пайтида уч йигит ўлганини иддао қилди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси эса муштлашув пайтида ҳеч ким ўлмаган, деб аниқ таъкидлади:

- Ҳеч ким ўлмади. Фақат пичоқ еган ярадорлар бор. Улар ҳозир касалхонада. Воқеа айбдорлари қамоққа олинди. Ҳозир ўндан зиëд киши қамоқда. Бу рақам кўпайиши мумкин¸ чунки сўроқ пайтида муштлашувга алоқадор бўлган янги шахсларнинг исми аëн бўлмоқда¸ дейди суҳбатдош.

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Бешқўрғон маҳалласида яшовчи ва ўзини Рихситилла деб таништирган 20 яшар йигитнинг Озодликка айтишича, ëшлар ўртасидаги тўқнашув шанба куни кечгача давом этган:

- Мен бу жанжалда ҳеч кимнинг тарафида турмадим. Шунчаки жанжал бўлган жойга яқин жойдаги бир савдо фирмасида ишлайман. Шунчаки гувоҳман. Битта бола катта гапириб қўйган экан. Кейин унга гапинга отвечать қил, деб стрелка беришган. У болани ҳам теги бақувват экан, гапидан қолмаган. Кейин жанг бўлди. Ўқотар қурол борлигини эшитмадим. Ўшандан кейин маҳаллани милиция босиб, облава қилишди. Айбсиз болларни ҳам обчиқиб кетишяпти. Ота-оналари бориб терговчига пул бериб фарзандларини қайтариб олишяпти. Хуллас, маҳалла алғов-далғов, дейди суҳбатдош.

Бешқўрғон массиви маҳалла қўмитасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ шу кунларда прокуратура¸ МХХ ҳамда ИИВ вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари вакиллари маҳалла ëшлари билан суҳбатлар ўтказмоқда.

Дендропарк акс-садоси

Бундан бир - икки йил олдин Тошкент МДҲ ҳудудидаги энг осойишта шаҳарлардан бири ҳисобланган. Озодлик суҳбатлашган 68 яшар Мираҳмат ака бу осойишталик ўтмишга айланишидан қўрқади:

- Икки йилдан бери Тошкентнинг тинчи бузилди. Чол кампирларни ўлдириб кетаëтгтан талончи-қотиллар чиқди¸ машина ўғрилари яна пайдо бўлди. Дендропаркдаги разборчиларга ўлим ҳукми берилганидан кейин разбор йўқ бўлиб кетувди. Энди яна чиқди. Шу кунда бутун Тошкент Тансиқбоев массивидаги жанжални муҳокама қилиб¸ яна Тошкентга разборкачилар қайтди, деб қўрқиб ўтиришибди, дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра¸ 1993 йил ëзида Дендропаркдаги отишма нафақат Тошкентни, балки бутун Ўзбекистонни ларзага солган эди. Мираҳмат аканинг эслашича, Дендропаркда Тошкентдаги криминал гуруҳларнинг "куч ишлатар" барзангилари билан “разборка”си бўлган ва улардан икки нафари тўқнашув пайтида отиб ташланган.

Яна бир иддаога кўра, ана шундан кейин криминал гуруҳлар “воровской кодекс”га зид тарзда ҳукумат билан ҳамкорлик қилиб, разборкачилардан баъзи бирларининг қамоққа олинишини таъминлаган.

Шундан сўнг Тошкент тинчиб қолди ва МДҲ ҳудудидаги криминал разборкалар кам учрайдиган шаҳарга айланди.

Аммо, баъзилар ўшанда Ўзбекистондаги криминал гуруҳлар милиция соëбони остига ўтгач¸ разборкалар милициянинг кўздан пана кабинетларига кўчган, деган фикрни илгари суради.

Тошкеннинг Эски шаҳар мавзеидан бўлган ва ўзини Темур деб таништирган 30 яшар йигит ҳозир асосий "разборкачилар" милиция ходимлари деган фикрда собит:

- Дендропаркдан кейин қаттиқ разборка бўлмади. 2008 йилда яна маршрутларнинг рейсини талашиб Дендропаркда йиғилишди, лекин отишмагача бормади. Героин устида ҳам гап бўлди, деб эшитганман, бир-иккита эски шаҳарликни кейин қамаворишди. 2000 йиллардан кейин ҳамма разборка милиционерлар орқали бўляпти, дейди суҳбатдош.

Шу тариқа, Тошкентнинг Бешқўрғон массивидаги “разборка” шаҳар осойишталиги борасидаги стереотипларга барҳам берган жиддий омил сифатида кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG