Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:17

МТС хўжайини қамоққа олингани мобил ширкатнинг Ўзбекистонга қайтишига таъсир қилмайди


МТСнинг асосий ҳақдори Владимир Евтушенков Россияда уй қамоғига олингани телеком ширкатининг Ўзбекистонга қайтиш режаларига таъсир қилмайди. АФК “Система” холдинги хўжайини, миллиардер Евтушенков устидан очилган жиноят ишининг МТС фаолиятига алоқаси йўқ, дея билдирди ширкат расмийси Озодликка. Айни пайтда, МТС Ўзбекистондаги “Алоқабанк”дан кредит сўрганига доир хабарни ширкат вакили изоҳлашдан бош тортди. Икки йил аввал Ўзбекистондан ҳайдалган МТС жорий йил охирига қадар ўз фаолиятини тиклаши кутилмоқда.

Россиянинг МТС ширкати орадан икки йил ўтиб Ўзбекистон телеком бозорига қайтаётгани айнан Владимир Евтушенковнинг шахсий ютуғи сифатида талқин қилинмоқда. МТС 2012 йилда молиявий жиноятларда айбланиб, Ўзбекистондан ҳайдалган пайтда Евтушенков, Тошкент ҳукумати билан келишиб олиши ва мамлакатга қайтиши борасида некбинлик билан гапириб келган.

МТСнинг асосий ҳақдори АФК “Система” холдинги хўжайини Владимир

МТСнинг Ўзбекистонга қайтаётгани айнан Владимир Евтушенковнинг шахсий ютуғи сифатида талқин қилинмоқда.
МТСнинг Ўзбекистонга қайтаётгани айнан Владимир Евтушенковнинг шахсий ютуғи сифатида талқин қилинмоқда.

Евтушенковнинг сешанба куни Россия суди тарафидан уй қамоғига олиниши мобил ширкатининг фаолиятига таъсир қилмайди, дея билдирди МТС матубот вакили Андрей Солодовников Озодлик билан суҳбатда.

- Кеча МТСнинг 53,46 фоизлик улушига эгалик қиладиган АФК “Система” компанияси директорлар кенгаши раиси (Владимир Евтушенков)га нисбатан Бошқирдистон Республикаси ёнилғи-энергия комплексига кирувчи корхоналарга доир акцияларни ноқонуний легализация қилиш айблови эълон қилинди. АФК “Система” Бошқирдистон ёнилғи-энергия комплекси корхоналари акциялари қонуний ва шаффоф тарзда сотиб олинган, деб ҳисоблайди. АФК “Система” тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилмоқда ва ўз позициясини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган барча воситалардан фойдаланиш ниятидадир. Мазкур тергов МТС гуруҳи фаолиятига тўсқинлик қилмайди, дея баён қилди МТС матбуот вакили.

Евтушенковнинг терговга жалб қилингани МТСнинг Ўзбекистондаги режаларига таъсир қиладими, деган саволни жаноб Солодовников жавобсиз қолдирди.

Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бири Владимир Евтушенков Россия Тергов қўмитаси тарафидан Бошқирдистон собиқ президенти Муртаза Раҳимовнинг ўғлидан Башнефть ширкати мулкини ноқонуний тарзда сотиб олганлик ва уни легализация қилганликда айбланмоқда.

АФК “Система” хўжайини устидан очилган жиноят ишини шарҳлаётган россиялик таҳличилар гап Россия ҳокимиятига яқин доираларнинг Евтушенковдан айнан нефть бизнесини тортиб олиш нияти ҳақида кетаётганини айтмоқда.

Айни пайтда, чоршанба куни МТС Ўзбекистон ҳукумати билан ташкил қилаётган “Universal Mobile Systems” қўшма корхонаси “Алоқабанк”дан кредит сўраб мурожаат қилганига доир хабарлар пайдо бўлди.

“Алоқабанк” Интернет сайтида шу йилнинг 20 сентябрь куни 50,1 фоиз улуши МТС, 49,99 фоиз улуши Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлган “Universal Mobile Systems” мобил ширкатига кредит ажратиш масаласига бағишланган йиғин ўтиши тўғрисида маълум қилинди.

“Алоқабанк” МТС-Ўзбекистон қўшма корхонаси сўраган кредит миқдорини очиқлагани йўқ. Банк вакиллари Озодликнинг бунга доир саволларига жавоб беришдан бош тортди.

МТС матбуот вакили Андрей Солодовников ҳам ширкат кредит сўраб мурожаат қилгани ёки қанча ёрдам сўрагани тўғрисидаги саволга жавоб бермади.

- Биз бу масалани изоҳламаймиз, деди МТС расмийси.

Лекин МТС вакиллари Озодлик билан микрофонсиз суҳбатларда ширкатнинг янги мобил оператори фаолияти учун қўшимча сармоя қилиш режалари йўқлигини билдирган. “Ўзбекистон тарафи маълум миқдорда сармоя ётқизиши борасида келишув бор”, деган эди икки ой аввал Озодлик билан ўзаро суҳбатда шахси сир қолиши истаган МТС мулозими.

16 сентябрь куни Озодлик қўлга киритган ҳужжатга кўра, янги очилаётган мобил оператори учун бутун Ўзбекистон бўйлаб атиги икки ярим миллион абонент рақами ажратилган.

МТС вакиллари бу ҳужжатнинг ҳақиқийлигини на тасдиқлади, на инкор этди.

МТСнинг Ўзбекистондаги собиқ шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айбланиб, лицензиясидан маҳрум этилган эди.

Шу йилнинг июль ойида 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоиз улуши Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация давлат қўмитасига қарашли “Universal Mobile Systems” қўшма корхонасини тузишга доир Муроса битими имзоланди.

Муроса битимига биноан, икки томон ўзаро даъволардан воз кечиши ҳам кўзда тутилган.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистон телеком бозоридаги энг йирик мобил алоқа оператор бўлган МТС 10 миллионга яқин мижозини қўлдан бой берди.

МТС Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилганидан 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ зарар кўрди ва Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга бу юзадан шикоят қилган.

XS
SM
MD
LG