Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Обама Исломий давлатни тор-мор қилиш узоқ чўзилишидан огоҳлантирди


АҚШ президенти хориж ҳарбий қўмондонлари билан учрашувда.
АҚШ президенти хориж ҳарбий қўмондонлари билан учрашувда.

Ироқ ва Сурия ҳудудларини ишғол қилиб¸ бу ерда ислом халифалиги иддаоси билан кенг кўламли диний ва этник террор ўтказаëтган Исломий давлат гуруҳига қарши халқаро курашни мувофиқлаштириш АҚШ президенти кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Президент 14-15 октябрь кунлари хориж раҳбарлари ва ҳарбий қўмондонлари билан айни масалани муҳокама қилди.

Душанба куни Вашингтон ташқарисидаги ҳаво кучлари ҳарбий базасида 20 дан ошиқ давлат ҳарбий қўмондонлари билан учрашган Оқ уй раҳбари Исломий давлат гуруҳининг Туркия-Сурия чегарасидаги Кобани шаҳрига уюштираëтган ҳужумлари хусусида ташвиш изҳор қилди. Обама шунингдек¸ жанггариларнинг Ироқдаги Анбар вилоятини тўлиқ ўз назоратига олиш эҳтимоли ҳақида ҳам хавотир билдирди.

- Айни кунларда Ироқнинг Анбар вилоятида бораëтган жанглар диққат-марказимизда қолмоқда¸ шу билан бирга биз Суриядаги Кобани шаҳри ичкариси ва атрофида юзага келган вазиятдан қаттиқ ташвишдамиз. Бу жанглар Ироқ ва Шом исломий давлатининг бу икки давлатга солаëтган таҳдидининг очиқ ифодасидир. Ҳар иккала фронтда ҳам коалиция ҳаво ҳужумлари давом этади¸ деди президент Обама.

Исломий давлат гуруҳининг нафақат Ироқ ва Сурия¸ балки бутун дунë хавфсизлиги учун таҳдид эканини таъкидлаган Оқ уй раҳбари¸ унга қарши халқаро коалиция сафи кенгайиб бораëтганини билдирди:

- Ҳозирги кунга келиб ИШИДга қарши коалицияга 60 га яқин давлат қўшилди ва улардан 20 таси вакиллари бугун орамизда ўтирибди. Булар орасида араб давлатлари¸ Туркия¸ НАТО иттифоқчилари ва бошқа давлатлар бор. Бу амалиëтлар дунëнинг ИШИДга қарши эканини кўрсатади¸ деди АҚШ президенти.

Бу коалиция мақсади¸ Америка раҳбари таъкидича¸ ИШИДни минтақа ва дунëга бошқа таҳдид сола олмайдиган қилиб тор-мор этишдир:

- Бу узоққа чўзиладиган кампания бўлади. Бу муаммонинг қисқа ва тез ечими йўқ. Биз бу курашнинг бошланишидамиз. Ҳар қандай ҳарбий амалиëт давомида бўлгани каби бу жараëнда ҳам лгари силжиш ва ортга кетишлар бўлади¸ дея огоҳлантирди Обама.

Обама 20 давлат ҳарбий қўмондонлари билан учрашиб турган соатларда АҚШ ва коалиция кучлари Кобани ва Анбардаги ИШИД жанггарилари ва истеҳкомларига ҳаводан зарба беришни давом эттирди.

Бу ҳужумларга қарамай¸ Исломий давлат ҳужумлари давом этмоқда ва сўнгги хабарларга қараганда¸ жанггарилар Кобанининг учдан бир қисмини қўлга олган¸ Анбар вилоятидаги Амирия шаҳарчасини ишғол қилаëзган.

Пойтахт Бағдоддан 40 км масофада жойлашган бу шаҳарча жанггарилар қўлига ўтса¸ улар Анбар вилояти устидан тўлиқ назорат ўрнатишга муваффақ бўлади.

Оқибатда эса жанггарилар Бағдод остонасидан то Туркия чегарасига қадар бўлган Ироқ ва Сурия ҳудудини қўлга олган бўлади.

Исломий давлат ўз қамровини кенгайтириб бораëтган айни пайтда¸ АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан “Исломий Давлат” гуруҳи ҳақида разведка маълумотлари алмашишни жадаллаштиришга келишиб олганини билдирди.

АҚШ президенти Барак Обаманинг 15 октябрь куни Британия¸ Франция¸ Германия ва Италия раҳбарлари билан ўтказган видеомулоқотида ҳам асосан Ироқ ва Сурия ҳудудининг каттагина қисмини ишғол қилган Исломий давлат жанггари гуруҳига қарши кураш масалаларини муҳокама қилинди.

XS
SM
MD
LG