Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Ўшлик 9-синф ўқувчиси синфдошларини Сурияда жиҳод қилишга чорлади


Сурия ва Ироқда ўнлаб қирғизистонликлар жанг қилаётгани маълум.
Сурия ва Ироқда ўнлаб қирғизистонликлар жанг қилаётгани маълум.

Ўшлик 9-синф ўқувчиси ўз синифдошларини Сурияга бориб, жиҳодчилар сафларига қўшилишга тарғиб қилгани аниқланган. Бу борада Озодликка Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов маълум қилди. Унга кўра, ўтган йили Россияга кетган ўқувчи “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали синфдошларини Суриядаги жангларда иштирок этишга чақириб келган. Ҳасанбой исмли ўсмир бу жангларда қатнашиш ҳар бир мусулмон учун фарз эканини таъкидлаб, Сурияда туширилган радикал исломий чақириқлар фото ва видеоларни юбориб турган. У ўз дўстларидан бу материалларни бошқа ўқувчиларга тарқатишни хам сўраган.

Ҳозирча дўстларини жиҳодга чорлаган мактаб ўқувчисининг исми Ҳасанбой экани маълум холос. У дўстлари билан алоқага гоҳ, Россия гоҳ Туркия орқали алоқага чиқиб тургани боис унинг ҳозир қаерда эканлиги ноаниқ қолмоқда.

29 октябр куни Ўш шаҳридаги мактабларининг бирида 9-синфда ўқиган 3 ўқувчи ҳамда уларнинг ота-оналари ва мактаб раҳбари, тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида, шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб келинган. Бу борада Озодликка Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов гапириб берди.

- Бу ўқувчиларнинг собиқ синфдоши 8-синфни тамомлаб, ўқишни ташлаган ва “Россияга ишлагани кетдим”, деб кетганидан бери улар билан Интернет орқали алоқада бўлган холос. Бу бола синфдошларини Суриядаги жиҳодга қўшилишга тарғиб қилган. У дўзах азоби билан қўрқитиб, фото ва видео материаллар юбориб уларга руҳий босим ўтказган. Биз уларни чақириб, тушунтириш ишларини олиб боргандан сўнг қўйиб юбордик. Ҳозир ёзган боланинг шахси аниқланган. Унинг ким эканини биламиз. У аввал ота-онаси ажрашгани сабабли оғир ижтимоий аҳволда яшаган бола экан. Бу борада оператив ишлар олиб борилмоқда ва ҳозирча бошқа маълумотларни айтишга эрта,- деди Замир Сидиқов.

Ҳозирча суриштирув ишлари олиб борилаётгани сабабли Ҳасанбойнинг қайси мактаб ўқувчиси экани очиқланмаяпти.

Озодлик Ҳасанбой ўқиган мактабни аниқлади. Лекин мактабнинг ижтимоий педагоги Маҳаммаджон Охунов, мактаб рақамини очиқламаслигимиз шарти билан Озодликка берган суҳбатида, ҳозирда Ўш мактабларида ўқувчилар турли диний оқимларга қўшилиши олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилганини гапириб берди:

- Мактаб режасида “Диний экстремизмга қарши деган” махсус тарбиявий режалар тузилади. Вақти-вақти билан шу режа асосида ўқувчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилади. Баъзи ҳолларда динни яхши билган ва мактаб яқинида бўлган масжид имоми ёки отинчалар, дунёвий ҳамда диний билимга эга бўлган одамларни таклиф қилиб давра суҳбати ёки савол-жавоб ўтказилади. Бундан ташқари, терроризм бўйича махсус дисклар бор ўқувчиларнинг ёшига мўлжалланган. Шу нарсалар кўрсатилади,- деди Махаммаджон Охунов.

Ўшда мактаб ўқувчисининг Суриядаги жиҳодчилар сафига қўшилишга чақирганиб билан боғлиқ ҳодиса илк бор кузатимоқда. Ҳасанбой ўз дўстларини Суриядаги қайси гуруҳга қўшилишга чақиргани ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда. Лекин Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган "Исломий давлат" экстремист гуруҳи сафида ўнлаб қирғизистонликлар жанг қилаётгани маълум.

Сурияда Қирғизистоннинг ўзларини “жиҳодчи” деб атаган 80га яқин фуқароси, жумладан, 10га яқин аёл борлиги айтилади. Қирғизистон расмийларининг билдиришича, йил бошидан бери Сурияга одам ёллаш бўйича 15та факт аниқланиб, 8та жиноят иши очилган.

XS
SM
MD
LG