Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:45

Ўзбекистон бир қирғизистонликни жосусликда айблаб 10 йилга қамади


Ўзбекистонда 41 яшар қирғиз Қубаничбек Эралиев жосуслик ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, 10 йилга қамалди. Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳокими Акрамжон Мадумаровдан олинган маълумга кўра, Ўзбекистонда яширин ўтказилган маҳкамада маҳкумнинг адвокати ҳамда яқинлари қатнашолмаган.

Қадамжой тумани ҳокими Акрамжон Мадумаровнинг айтишича, Қубаничбек Эралиевнинг Ўзбекистон республикаси Фарғона вилоятидаги туман судларидан бирининг қарори билан қамалгани ҳақида маълумот қўшни давлат томонидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига тақдим қилинган.

Расмий маълумотда Қирғизистон фуқароси чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва жосусликда айбланиб, 10 йилга қамалгани билдирилган.

- Бу ишдан туман давлат маъмуриятининг ҳам хабари бор эди. Биз туман ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидан бу масалани назорат қилиш, тергов қандай кетяпти, деб доимо сўраб турганмиз. Маълумотларга кўра, бу шахс иккита айблов — чегарани ноқонуний бузиб ўтиш ва жосусликда айбланаётгани маълум эди, - дейди Акрамжон Мадумаров.

Ҳозирча Ўзбекистон томонидан бу борада расмий маълумот бўлмади. Қадамжой туман ҳокимияти бу масалада ёрдам сўраб, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган.

Маълумотларга кўра, Эралиевнинг ўзи ҳам, жосуслик бўйича айбловни тан олмаган. Ўзбекистонда бўлган маҳкамага қирғиз томонидан ҳеч ким қатнашмагани айтилмоқда.

Қадамжойлик 41 ёшли Қубаничбек Эралиев шу йилнинг 2-май куни қирғиз-ўзбек чегарасида ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган эди. Унинг давлат чегарасини бузгани айтилган ва уни қайтариш бўйича Ўзбекистон тарафи билан бўлган музокаралар натижа бермаган.

Озодлик Қубаничбек Эралиев иши бўйича Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан маълумот олишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Бу Ўзбекистоннинг Қирғизистон фуқаросини жосусликда айблаб, қамаганига оид Озодликка маълум илк ҳолатдир.

Шу пайтгача бир неча Тожикистон фуқароси жосусликда айбланиб, Ўзбекистонда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида муқаддам хабар берган эди.

2012 йилда Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоят телевидениеси Ўзбекистон ҳудудида яшаб, турли вазифаларда ишлаган ва Тожикистон фойдасига жосуслик қилган Бек Паноев, Али Пиров, Абдуҳамид Қодиров ва Раҳмон Ражабов ҳамда ўзбек фуқароси Қувондиқ Сиддиқовлар тақдиридан ҳикоя қилганди.

Даъво қилинишча, бу шахслар Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийлари топшириғи асосида Ўзбекистон давлат сири маълумотларини йиғиш билан шуғулланган. Бу маълумотлар тасдиғи сифатида дастур қаҳрамонлари - айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муҳлатини ўтаб турган “жосус”лар ҳикояси ҳам берилган эди.

Айни пайтда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам бир неча марта “Ўзбекистон жосус юбораётгани”дан шикоят қилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2006 йилдан буён Тожикистонда Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилган ўн киши қўлга олиниб, узоқ йилларга кесилган.

Ўзбекистонлик “жосус”лар Сўғд вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош туманларида кўпроқ қўлга олинаётгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG