Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:39

"Минор" масжиди имом-ҳатиби Charlie Hebdo ҳужумини "фитна" деди


Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов
Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов

“Минор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Charlie Hebdo ҳужумини мусулмонларга қарши “фитна” деб баҳолади. Унинг жума маърузасида иштирок этган тошкентлик намозхонларнинг айтишича, мамлакатдаги энг фаол имом, деб тан олинган 40 яшар Сайфуддинов дунёда "ислом ва террор тушунчалари ёнма-ён қўйилаётганидан" таассуф билдирган. Бунга қадар биргина дин пешвоси - шайх Абдулазиз Мансур Париждаги ҳужум ҳақида фикр билдирган эди.

Фаол имом Париж ҳужумини тилга олди

Озодликка ёзаётган муштарийлар ўтган жума куни юзлаб намозхонга маъруза қилган "Минор" масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни уюштирилган ҳужум ҳақида нуқт сўзлаганини хабар қилмоқда.

Масжидда жума намозида иштирок этган намозхонлардан бири, жумладан, шундай деб ёзди:

"16 январ куни “Минор” жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори жума мавъизасида Париждаги журналга ҳужумни эсга олди. Имом-хатиб буни мусулмонлар учун “фитна” деб атади ва бир неча минг кишилик издиҳомни террорчиликдан узоқ бўлиш ва гўзал ахлоқ намунасини кўрсатишга чақирди. “Минг афсуски, дунёда ислом ва террор тушунчалари ёнма-ён қўйиляпти. Биз гўзал ахлоқимиз, чиройли сабримиз, одобимиз ва маърифатимиз билан бундай қараш хато эканини кўрсатиб беришимиз керак”, деди", деб ёзди жума намозида қатнашган тошкентлик намозхон.

Ушбу мактуб ортидан мухбир боғланганида, бу намозхон Раҳматуллоҳ қорининг Париждаги террор хуружини тилга олган "Ўзбекистондаги қарийб ягона имом", деб атади.

Унинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Раҳматуллоҳ Сайфуддинов, айни пайтда Муҳаммад пайғамбарни мазах қилиб, сурат чизиш қабул қилиб бўлмас ҳолат, деб қайд этган. Имом-хатиб мусулмонлар карикатура чизганларга жавобан Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаёти ва суннатини янада чуқурроқ, теранроқ ўрганиш билан жавоб беришган чақирган.

Интервью бериш ва номи ошкор қилишни истамаган бу намозхоннинг айтишича, Раҳматуллоҳ қори Париж ҳужумлари ҳақида ўз қарашларини ифода қилган, холос. Яъни, бу мавзу ўша куни мамлакатнинг ҳамма масжидларига тарқатилган маъруза матнида акс этмаган.

Эътибор қозонган имом

Ўтган йили қуриб битказилган ва пойтахт намозхонларига тақдим қилинган "Минор" масжиди Тошкентдаги энг муҳташам масжидлардан биридир.

Имом Раҳматуллоҳ қори (ўнгдан иккинчи) Президент Ислом Каримов билан Минор масжидининг очилиш маросимида, 2014, 2 октябрь.
Имом Раҳматуллоҳ қори (ўнгдан иккинчи) Президент Ислом Каримов билан Минор масжидининг очилиш маросимида, 2014, 2 октябрь.

Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов иштирок этган ва ўшанда имом-хатиб Раҳматуллоҳ қори президентнинг чап ёнида ўтириб, Қуръон тиловат қилган эди.

Асли сурхондарёлик 40 яшар имом нафақат пойтахт, балки ўзбекистонлик намозхонлар орасида ҳам танилган имомлардан биридир. 2012 йилда у Ўзбекистондаги энг фаол имом, деб тан олинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида берилган маълумотга кўра, 2012 йилда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўша пайтларда Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби бўлган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов энг кўп чиқиш қилган.

Расмий маълумотда унинг пойтахтдаги маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда халқ орасида, ёшлар орасида диний-маърифий, ахлоқий-тарбиявий мавзуларда турли суҳбатлар ҳам олиб бориши, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ҳам мунтазам чиқиш қилиши айтилган.

Бу имом Ўзбекистонда Париждаги ҳужумларни тилга олган Озодликка маълум иккинчи дин пешвосидир.

Фитна - қотилликдан ҳам ёмон

Бунга қадар Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига бўлган ҳужумни “катта фожеа” деб қоралаган ва у киши ҳам бу ҳужум ортида "фитна қўзғовчилар" турганига оид тахминларини илгари сурган эди.

Абдулазиз Мансур Муҳаммад алайҳиссаломнинг кечиримли бўлганига урғу бераркан, айни дамда мусулмонларни фитнадан огоҳ бўлишга чақирди.

- Ҳозир Пайғамбаримиз алайҳиссалом шаънларига бўлаëтган ҳажвиялар эса билмасдан қилинаëтгани йўқ. Чунки ҳамма шундай деяптики: “Шу нарсани қилишнинг нима кераги бор?” Биладики, бунинг оқибати яхши бўлмайди. Шунинг учун биз айтамизки, Худо инсоф берсин! Бу нарсаларни Оллоҳ таолонинг ўзи кўриб турибдими, суйган Пайғамбарини ҳажв қилаяптими, Ўзи жазосини ҳам беради. Мабодо, улар бугун жазодан қутулиб кетган тақдирда ҳам эртага Оллоҳ таолонинг жазосидан қочиб қутула олмайдилар.

Шунинг учун, биз мусулмонлар фитна чиқадиган бўлса, бостиришга уринишимиз керак. Чунки, фитна - қотилликдан ҳам ёмон нарса. Ундан яхши одамлар азият чекиб, ёмон одамлар роҳат кўриши мумкин, - дея таъкидлайди шайх Абдулазиз Мансур.

Муқаддас манбалар ҳажв, мазах, ҳақорат ҳақида

Ислом дунёси тарихида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв, мазах, ҳақорат қилувчилар содат асри ва ундан кейинги даврларда ҳам мунтазам кузатилиб келади.

Бугун глобал ахборот алмашинуви фаоллашгани боис, хабарлар дунёнинг илм-фан ва маданиятлар тўқнашувидан яхши хабардор бўлмаган минтақаларига ҳам сониялар ичида етиб бормоқда.

Шу боис, Исломда муқаддас қадриятлар - Қуръон, Ислом пайғамбари ва унгача ўтган ҳамда мусулмонлар тан олган пайғамбарлар, мусулмонлар номига қилинган ҳажв, ҳақорат ёҳуд бошқа салбий фикр-мулоҳазалар ҳам айрим мусулмон жамоаларида на дин, на дунёга мос келадиган муносабатга сабаб бўлмоқда.

Аммо, уламолар бундай ҳодисалар қасддан ёҳуд кутилмаган тарзда фитнага сабаб бўлади, дея қарийб якдил фикр билдирар экан, бунга жавобан сабр ва илм билан жавоб бериш керак, деган мазмунда ҳужжат келтирмоқдалар.

Қуйида уламолар келтирган ҳужжатлардан бир нечаси келтирилади:

Ҳадислар:

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳассон ибн Собитга: уларни ҳажв қил ёки улар ила ҳажвлашиш, Жаброил сен билан», деганларини эшитдим». (Муслим ривоят қилган)

Оиша айтди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳассон уларни ҳажв қилди, шифо берди ва шифо топди», деганларини эшитдим». (Муслим ва Бухорий ривоят қилган)

Қуръони карим:

“Албатта, Биз сизни масхара қилувчиларни (жазолаш учун) кифоя қилурмиз”, "Шак-шубҳасиз, Биз улар (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз", "Бас, сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)" “Ҳижр” сураси 95, 97, 98-оятлар.

"Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир", "Нисо" сураси 140-оят.

"У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар (нинг устингиз)дан кулурмиз", "Ҳуд" сураси, 38-оят.

"(Эй, Муҳаммад), сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб-масхара қилинганида, Мен ўша (пайғамбарларини ёлғончи қилиб) куфр йўлини тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб, сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз)", Рад-сураси, 32-оят.

"Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир!" Кахф сураси, 106-оят.

"Қачон бу одамларга етган бало (қаҳатчилик)дан кейин раҳмат (тўкинлик)ни тотдирсак, баногоҳ улар Бизнинг оятларимиз ҳақида макр (ишлатиб, масхара) қилурлар. Айтинг: «Аллоҳнинг макри» (азоби) жуда тездир. Албатта, Бизнинг элчиларимиз (малоикаларимиз) қилаётган макрларингизни ёзиб қўюрлар". Юнус сураси, 21-оят.

"Сиз (улар қилаётган) ёмонликни энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! Биз улар (сизни масхаралаб) айтаётган гапларни жуда яхши билгувчидирмиз". Муъминун сураси, 96-оят.

XS
SM
MD
LG