26 январь куни Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек деҳқон фермерлар уюшмаси ҳудудида яшовчи элликка яқин аёл электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб, Хатирчи-Зарафшон йўлини тўсиб қўйди. Хатирчилик манбаларга кўра, туман ҳокими воқеа жойига келиб, чироқни ўчирмасликка ваъда бергач, норози аёллар тарқалган.
Душанба куни эрталабки соат 9ларда элликка яқин хатирчилик аёл Мирзо Улуғбек фермерлар уюшмаси ҳудудидан ўтган Хатирчи-Зарафшон автомобиль йўлини 2-3 соатча тўсиб қўйди. Бу ҳақда воқеа гувоҳларидан бири Озодликка маълум қилди:
“Элликтача аёл Хатирчи-Зарафшон йўлини ёпиб, машина қатновини тўхтатиб қўйди. Мирзо Улуғбек уюшмасида свет деярли йўқ. Кунига фақат 50 минут свет беришади. Одамларнинг жонига тегиб кетди. Шунга аёллар келишиб, йўлни тўсиб қўйди”, деди воқеа гувоҳларидан бири.
Ушбу воқеани ўз кўзи билан кўрган бошқа бир хатирчиликка кўра, норози аёллар Хатирчи туман ҳокими Ғофир Алиев келгунча йўлни очишмаган:
“Хатирчида свет кўп ўчганлиги учун норозилик намойиши бўлди. Мен ўзим кўрдим. Улар йўлни ёпиб, қатновни тўхтатиб қўйди. Туман ҳокими келгунга қадар ёпиб турди”, деди хатирчилик манба.
Хатирчи туман ҳокимлиги масъулларига кўра, ҳозирда норози аёлларнинг чироқ борасидаги талаби бажарилган:
“Ўша куни ҳокимимиз Ғофир Қуватовичнинг ўзи йўлга чиққан аёллар ёнига борди. Яна туманнинг мутасадди идоралари раҳбарлари дарров ўша ерга боришди. Милиция, участкавойлар ҳаммаси борди. Улар аёллар талабини ўрганиб, буни ҳал қилишга ваъда беришди. Аёлларнинг талаби юз фоиз бажарилди. Йўлга чиққан аёллар светини ёқиб бердик. Свет ҳал бўлди”, деди туман ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз масъули.
Хатирчидаги норози аёллар билан боғлиқ воқеа тафсилотларини ўрганган Озодлик манбаси аниқлашича, норозилик чиқишидан сўнг Мирзо Улуғбек фермерлар уюшмаси ҳудудида чироқ муаммоси фақат қисман яхшиланган:
“Мен электросеть идораси билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, 26 январгача Мирзо Улуғбек уюшмасига кунига фақат 50-55 минутдан свет берилган. Аёллар кўчага чиққанидан сўнг эрталаб 2 соат, кечқурин эса уч соат свет берила бошланди. Вилоятдан Хатирчи учун қисқа муддатли линияни ишга туширишга рухсат беришган”, деди хатирчилик манба.
Хатирчи туман марказидан 15 километрча узоқликда жойлашган Мирзо Улуғбек фермерлар уюшмаси ҳудудида табиий газ тақчиллиги ҳам мавжуд. Уюшма ҳудудида яшовчи аҳолининг 50 фоизи бундан икки йил аввал таббий газдан бутунлай узилган.
Сўнгги ўн йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида таббий газ ва элетр тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда.
Айрим қишлоқларда кунига 20-22 соат давомида чироқ ўчирилаяпти.
Икки ой аввал Хоразм вилоятининг Боғот тумани Хитой қишлоғи аҳолиси ҳам худди хатирчиликлар сингари норозилик билдириб, кўчага чиқди. Ўттизга яқин боғотлик аёлнинг норозилик чиқишидан сўнг қишлоқ аҳлига газ баллонлари ва кўмир тарқатилган эди.