Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:22

Тошкентлик Сардор Москва саҳнасини забт қилди


Ўзбекистонлик хонанда Сардор Милано
Ўзбекистонлик хонанда Сардор Милано

Ўзбекистонлик 23 яшар Сардор Милано тахаллусли Сардор Эшмуҳаммедов Россиянинг "Главная сцена" лойиҳасининг 30 январь сонида қатнашди ва Andrea Bocelli ва Sarah Brightman ижросидаги "Time To Say Goodbye" қўшиғини шу икки хонанда овозига монанд равишда куйлаб ҳакамларни лол қолдирди.

Ҳакамлардан бири афсонавий поп қўшиқчи¸ асли тошкентлик Юрий Антонов Сардор Эшмуҳаммедовни Ўзбекистон етиштирган навбатдаги санъат генийси деб атади:

- Мен бир тошкентлик сифатида бу йигитнинг мукаммал ижросини тик туриб эътироф қилмоқчиман. Ўзбекистон даҳо санъаткорлардан яна бирини етиштирди. Офарин¸ деди Юрий Антонов.

Сардор Эшмуҳаммедов концертдан кейинги Озодлик билан илк қисқа суҳбатда бундай эътирофни кутмагани ва Ўзбекистонни тамсил қилганидан бахтиëр эканлигини айтди:

- Мен "Х-фактор"нинг Россия талқини "Главная сцена" лойиҳасида 488-рақам билан иштирок этиб¸ бундай ғалабага эришганимдан ва Россияда Ўзбекистон номининг мағрур жаранглашига сабаб бўлганимдан бахтиëрман. Тўғриси бундай ғалабани кутмаган эдим¸ деди.

Сардор Милано
Сардор Милано

Сардор Милано 10 февраль куни Озодлик мухбири билан батафсил суҳбатлашиб¸ саволларга жавоб берди. Кўпчилик ўзбекистонликларни қизиқтираëтган "Нега Эшмуҳаммедов деган фамилияни Миланога ўзгартиртирдингиз?" деган саволган Сардор кулиб жавоб берди:

- Эшмуҳаммедов менинг ҳақиқий фамилиям. Милано эса онам фамилиясининг интерпрeтациясидир. Онамнинг фамилияси Милованова. Мен уни қисқартириб Милано қилдим. Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб эса менинг классик мусиқага муҳаббатим билан боғлиқ. Айнан Милан шаҳрида Ла Скала театри мавжуд. Ла Скалада қўшиқ айтиш менинг асосий орзуимдир. Асосан¸ шу орзуим боис Милано тахаллусини танладим¸ паспортимда эса Эшмуҳаммедов турибди.

Озодлик: Сиз “ўзбек поэтик киноси” деган тушунчага асос солган таниқли киночи Элëр Эшмуҳаммедовнинг невараси бўласиз. Шу маънода бобо изидан кетмай¸ классик мусиқани танлаганингизни изоҳлаб бермайсизми?

- Мен Элëр Муҳитдинович Эшмуҳаммедовнинг невараси эканлигимдан ғурурланаман. Савол жавобига келсам. Мен ҳали уч ëшимда мультфильм ўрнига классик мусиқа клипларини кўрар эдим. Майкл Жексоннинг жонли концертларию Queen каби афсонавий гуруҳлар клипларини ошиғич муштоқлик билан тинглар эдим. Ота-онам менинг жиддий мусиқага қизиқишимни билганидан кейин менга мусиқа билан жиддий шуғулланиш имконини яратиб беришди. Олти ëшимдан бери менинг ҳаëтим тўлалигича мусиқага бағишланган. Тўлалигича фидо қилинди, десам тўғри бўлади.

Озодлик: Сизнинг ҳикоянгиз менга Робертино Лоретти¸ Муслим Магамаев ва Ботир Зокировларни эслатмоқда. Ëшликдан классик мусиқага қизиқиш ва айни пайтда классик мусиқа уйғунлигидаги замонавий ижро. Қаранг сизни кимлар қаторига қўйдим. Аванс деб қабул қилаверинг энди.

- Менинг исмимни сиз айтган афсонавий шахсиятлар Робертино Лоретти¸ Муслим Магамаев ва Ботир Зокировлар билан ëнма-қўйилишига ҳали эрта деб биламан. Улар класссик ижро комиллари эдилар. Мен бўлсам ҳали талабаман. 2010 йилдан Москвадаги “Гнесиных” номли Россия мусиқий акдемиясида ўқияпман. Эстрада-жаз бўлимида ўқияпман. Мен эстрада¸ жаз ва поп мусиқани бирваракайига эплайдиган универсал қўшиқчи бўлишга уринаяпман. Лекин кейинги пайтда мени классик ижро ўзига мафтун қилмоқда. Тушларимда итальянча куйлаб чиқаман. Шу кунларда мени Вена консерваториясига таклиф қилишди. Эшитиб кўрайлик деб. Академик вокаль бўйича бўш ўрин бор экан. Насиб қилса мен ҳам Муяссар Раззоқова¸ Исмойил Жалилов каби ўзбек опера ҳофизлари изидан бораман. Ўзбекистонни ҳозир попса стилидаги енгил мусиқа ишғол қилган. Кошки классик мусиқа ҳам ривожланса¸ деган умидим бор. Шу ўринда Шерали Жўраев қўшиқларини фолк-поп рамкасидан чиқиб улуғлик касб қилган буюк классик мусиқа ижрочиси¸ деб ҳисоблашимни қўшиб қўймоқчи эдим.

Озодлик: Сардор¸ сиз кўз ўнгимизда Москвани забт қилдингиз. Гарчи бобомиз Амир Темур Москвани забт қилишни ўзига эп кўрмаган бўлса ҳам бугун Москва шоу-бизнеси панжасига панжа уриш осон эмас. Шу маънода сиз ўзингизни ўзбек ижодкори деб биласизми ëки рус-умумбашар космополит воқеликмисиз?

- Қизиқ савол бўлди. Ижодкорлар фақат бир мамлакатга эмас, балки башариятга мансубдир. Менинг вазифам дунëдаги максимал катта аудиторияга ўз ижодимни етказиш. Бунинг баробарида мен ўзбек тупроғида туғилганимдан мағрурлигимни таъкидлашни истар эдим. Айнан қуëшли Тошкент менинг ватанимдир. Мен ўзбеклигимдан ва ўзбек традициялари асосида тарбия топганимдан миннатдорман. Ота-онам¸ бобом менга ўзбекона одоб-аxлоқ қадриятларини синдиришди. Бу менга ҳаëтда фақат ëрдам берди.

Озодлик: Москва бомонти орасида ошиғич ҳурматга сазовор ўзбеклар кўп. Рустам Ҳамдамов¸ Шавкат Абдусаломов¸ Али Ҳамроев каби Москва санъат олимпида "устоз" деган мақомга ноил бўлган санъаткорларни назарда тутаяпман. Улар “Творческие узбеки” деган қатлам мансублари. Аммо булар қаторида миллионлаб ўзбек мардикори ҳам бор. Кўп ҳолларда Россия аҳолиси ўзбек мардикорларига таҳқиромуз қарайди. Сиз кўча- кўйда ўзбек қондошларингизни забун аҳволини кўрганда нимани ҳис қиласиз?

- Мен ўз миллатдошларимнинг таҳқирланганини ҳали кўрмадим. Аксинча¸ кўпчилик русларнинг ўзбекларга яхши муносбатда бўлганига гувоҳман. Мен ўзим беш йилдан бери Москвадаман¸ лекин ҳали тақирбошлар ҳужумига учрамадим. Агар ўзбеклар бўлмаганида¸ Москва ахлатга ботган ва ресторану ошхоналардаги таомларнинг мазаси қочган бўлар эди. Ўзбеклар бу ишларни ўз шарафли меҳнати билан ситқидилдан адо қилмоқда.

Uzbekistan - Uzbek singer Sardor Milano
Uzbekistan - Uzbek singer Sardor Milano

Озодлик: Сиздан сал олдин Россиядаги “Голос” лойиҳасида асли ўзбекистонлик Наргиз Зокирова ғолиб бўлган эди. Сизнинг ғалабангизни олқишлаган ўзбек ëшлари Наргизанинг ташқи кўриниши¸ баданига чизган татулари боис совуқ муносабатда бўлишди. Ташқи қиëфаси¸ жинсий ориентацияси боис юзага чиқадиган тоқатсизликка муносабат билдирсангиз?

- Тоқатсизлик. Менинг фикрим шуки¸ биз одамлар кимнидир ташқи қиëфаси боис камситишга ҳақиимиз йўқ. Бунга ҳақсизман¸ деб биламан. Яратган иродаси билан одамлар турлидир. Бу турлиликка тоқатли муносабат зарур деб биламан. Эртага қиëмат кунида ҳар ким ўзи учун жавоб беради.

Озодлик: Сиз ўзингизни тоат-ибодатли мўмин-мусулмон деб биласизми?

- Алҳамдулиллоҳ мусулмонман. Ислом нимани талаб қилса¸ буткул итоат қиламан.

Озодлик: Ҳакамлардан бири афсонавий поп қўшиқчи¸ асли тошкентлик Юрий Антонов сизни Ўзбекистон етиштирган навбатдаги санъат даҳоси деб айтди. Бу эътироф заминида ҳамюртлик севгиси ҳам бор. Шу маънода нима деб ўйлайсиз? Мен ҳамюртлар қўлловини назарда тутаяпман.

- Мен концерт пайтида барча ўзбекларнинг қўлловини бутун ҳужайраларим билан ҳис қилиб турдим. Антоновнинг эътирофи эса бунга илова бўлди. Менинг илк қўшиғим “Ўзбек боласи” деб аталган ва Ўзбекистонда ижро қилган эдим. Бугун мен яъни ўзбек боласи¸ ўзбеклар қўллови боис Москва шоу-бизнес осмонида юлдуз бўлиб чақнасам¸ албатта¸ эл юртимдан миннатдор бўламан. Баъзан юлдуз бир чарақлаб сўнади. Кошки мен сўнмасам. Шуни орзу қиламан. Бугун Ўзбекистонга қахрамонлар керак. Шу боис мен сизлар учун ўзимнинг “The Hero” (қахрамон) деган қўшиғимни куйлаб бераман.

Бу қўшиқ қуëшли замин Ўзбекистондаги Озодлик тингловчиларига менинг совғам бўлсин.

Сардор Милано билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:52 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG