Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:05

Т. Бакир ўғли Рашод қори ҳимояси учун ҳукуматга мурожаат қилди


Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли Қорасув шаҳридаги Ас-Сарахсий масжидининг ҳибсга олинган имом-хатибини ҳимоя қилиб, ҳукуматга сўровнома киритди. Депутат имом-хатиб Рашод қори Камоловга расман айблов эълон қилинмай туриб, матбуотда уни экстремизм ёки терроризмда айблаш ҳоллари учраётгани, бундан ташқари, бирор асоссиз айблов ёки ноқонуний ҳаракат унинг жамоатида кескин норозиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бакир ўғли: Айби исботланмагунча Рашод қори айбсиздир!

Жўғўрқу Кенеш депутати Турсунбой Бакир ўғли сўнгги кунларда қорасувлик мусулмонлардан бўлган муттасил мурожаатлар ортидан парламент раиси ҳамда президент девонига Рашод қори Камоловнинг ҳуқуқлари таъминланишини сўраб, мурожаат қилганини айтмоқда:

- Бизнинг депутатимиз сифатида шу масалани кўтаринг, деб сўрашди. Бундан ташқари, мен асли қорасувликман ва Рашод қорининг раҳматлик отасини ҳам танийман. Улар динга қизиққан, илмли одамлар. Агар айтилгани каби у одамларни "Сурияга жиҳодга даъват қилган бўлса, нега унинг ўзи кетмади?! У жуда динга қизиққан бола ва бу гаплар рост бўлса, унинг ўзи биринчилардан бўлиб борарди" деб менга айтилган гапларнинг ҳаммасини ҳокимиятга етказдим, - дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Ўшда ҳибсда сақланаётган қорасувлик таниқли имом Рашодхон Камолов 9 февраль куни Қирғизистон ЖКнинг 299-моддаси асосида диний экстремизмга оид жиноятларда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. 11 февраль куни бўлиб ўтган судда уни яна икки ой ҳибсда сақлашга қарор қилинди. Ҳакам тергов жараёнида гумон қилинувчи шахснинг қочиб кетишидан хавотир бор, деган асосда ҳибс муддатини узайтирганини маълум қилган.

Турсунбой Бакир ўғли жиноятда гумон қилинаётган шахсга нисбатан ҳали расман айблов эълон қилинмаганига эътиборни қаратди:

- Ҳозирча терроризм, экстремизмга оид жиноятларда фақатгина гумон қилинаяпти. Ҳали унга айблов эълон қилингани йўқ, бирор далил кўрсатилгани йўқ. Шунинг учун, мен сўровномада айтдимки, конституцияга биноан ҳали айби судда эълон қилинмаган одам - айбсиздир. Бундан ташқари, унинг ортидаги жамоат жуда катта ва, Худо сақласин, эртага жума намозида нималар бўлиб кетиши мумкин?! - дея савол ташлади Бакир ўғли.

Қонун бўйича, у расман мурожаат қилган Қирғизистон президенти ва Бош вазири идоралари бир ой ичида депутат сўровига жавоб бериши лозим.

Турсунбой Бакир ўғли билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:12 0:00
Бевосита линк

Адвокат: Имом асоссиз равишда ҳибсда сақланмоқда

Ўш шаҳридаги тергов изоляторларидан бирида сақланаётгани айтилган Рашод қори Камолов Қирғизистон Жиноят Кодексининг 299-моддаси асосида диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинмоқда.

Имомнинг адвокати Назгул Суюнбаевага кўра, бу гумонга асос бўлиши мумкин бўлган бирор далил топилмагани ҳолда Камоловни икки ой ҳибсда сақлаш ҳақида берилган қарорни асоссиз, деб ҳисобламоқда.

- Кўпчилик гувоҳлар кўз ўнгида ўтказилган тинтувда на диск, на тақиқланган диний адабиёт, на варақа топилган. Буни тинтувга гувоҳлик қилган шахслар ўз кўрсатмасида қайд этган. Лекин, жараённи расмийлаштирган милиция идорага қайтгач, тинтув натижаси ҳақида ҳар хил ахборот бермоқда. Албатта, мен буни сиёсий буюртма, дея олмайман. Лекин декабрь ойидаги чиқишларининг бирида имом "Одамлар Сурияга милиция босимидан қочиб кетмоқда", деб айтгани учун милиция ундан ўч олмоқда, - деб таъкидлайди адвокат Назгул Суюнбаева.

ИИВ: Имом 40 кишини Сурияга жиҳодга йўллаган

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг мулозими Раҳим Салимов шу кунга қадар милицияга Рашод қори Камолов фаолиятига оид кўплаб шикоятлар келиб тушганини айтмоқда:

- Унинг халифалик тузишга ва конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга даъват қилганига исбот бор. Бу борада жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, фуқаролардан Рашод қори уларнинг болаларини Сурияга жиҳодга жўнатганига оид шикоятлар тушди. Бу борада ҳозир 10 та шикоят бор, - деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг мулозими.

Рашод қори 2011 йил бошида ҳибсга олиниб¸ 3 февраль куни Бишкекдаги ҳибсхонадан озод этилган эди. Бишкек шаҳри Свердлов тумани тергов изоляторида 16 кун ҳибсда сақланган Рашод қори Камолов ўшанда Ўзбекистоннинг икки фуқароси аризаси билан ҳибсга олинган эди.

Ўш қозиси: Камолов имом эмас эди

Ўш қозиси Ниёзали ҳожи Арипов Рашод қори Камоловни ҳеч ким ас-Сарахсий масжидига имом қилиб тайинламаган, деб баёнот берди.

Унинг баёнотига кўра, 2007 йилдан кейин Камоловни ҳеч ким расман имом қилиб тайинлмаган, аммо унинг имомлик фаолиятига кўз юмилган.

- Норозилик уйғонмасин, деб уни имом қилиб қолдиришган. Унинг имом қилиб тайинлаши ҳақида ҳеч қандай буйруқ йўқ. Унинг фаолиятига изоҳ бермаймиз, лекин маълум қиламизки, Рашод Камолов расман имом эмас, - деди Ўш қозиси.

11 февраль кунги маҳкамада эса Рашод қори Камолов ўз имомлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тақдим қилинган сертификат ноқонуний, деб топилгани хабар қилинган эди.

Айни пайтда Ўш қозиятнинг Рашод қори расман имом эмас, деб берган баёнотини милиция масъулиятдан бўйин товлаш, деб баҳоламоқда.

Манба: Камоловни новқотлик имом билан алмаштиришмоқчи эди

Қорасувлик манбаларнинг айтишича, 6 февраль куни масжидга шаҳар расмийлари новқотлик бир ёшгина имомни Рашод қорининг ўрнига имом-хатиб қилиб тайинлаш ниятини билдиришган:

"Қирғиз миллатига мансуб новқотлик ёшгина бир имомни Рашод қорининг ўрнига имом-хатиб қилиб тайинламоқчимиз, деган гапни айтишганида масжид қавми мутлақо рад этишган. Расмийлар норозилик кўтарилиб кетмасин, деб тезда қайтиб кетишган. Орадан 3 кун ўтиб, Рашод қорини ҳибсга олишди", деб даъво қилди исми сир қолишини сўраган қорасувлик намозхонлардан бири.

Ўш шаҳри қозияти бу борада ҳали бирор расмий маълумот бермади.

Ас-Сарахсий масжиди имоми Рашодхон қори

37 яшар Рашодхон Камолов асли қорасувлик таниқли имомлардан биридир. Унинг жамоатида нафақат Қорасув, балки қўшни Ўш, Жалолобод шаҳарларидан намозга қайтнайдиган мусулмонлар кўпчилик.

Рашодхон Камолов қорасувлик таниқли Камоловлар сулоласининг вакилидир. Унинг отаси Муҳаммадрафиқ Камолов 2007 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматларининг Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларига қарши, дея ўтказилган қўшма амалиёти чоғида бошидан ўқ еб, вафот этган.

Камоловлар сулоласининг яна бир таниқли вакили Содиқ қори Камолов эса 1990 йиллар бошида Қирғизистон муфтийси бўлган.

Рашодхон Камолов Озодликнинг диний мавзулардаги саволларига жавоб берган ва чиқишларидан бирида "Исломий давлат" эълон қилган ҳалифаликни мусулмонлар тан олмаслиги керак, мазмунида фикр билдирган эди.

Парижнинг Charlie Hebdo журналида яна Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламга карикатура эълон қилинганига норозилик сифатида 2015 йилнинг 24 январида Ўш шаҳри марказида ўтказилган митингда "ака-ука Қуашийлармиз!" дея қилган чиқиши кескин танқидларга сабаб бўлди.

Қуйида Рашод қори Камолов билан 2014 йилнинг октябрь ойида "Исломий давлат" ва Сурияга жиҳод ҳақида қурилган суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Рашод қори Камолов "Исломий давлат" ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:58 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG