Санкт-петербурглик блоггер Марат Буркхард Россия “троллар армияси”да бошидан кечирганларини айтиб берди. Рус “троллар армияси” бу – пул эвазига онлайн форум, сайт ва блогларда кремлни қўллаб фикр-мулоҳаза ёзиш билан шуғулланувчи минглаган троллардан иборат гуруҳдир.
Буркхард кўпчиликка маълум бўлган Санкт-Петербургдаги Интернет изланиш маркази “тролл фабрика”сида икки ой ишлади.
Савушкина кўчасидаги кўримсиз бинода жойлашган Интернет изланиш марказида юзлаган ишчи бўлиб, марказ кечаю кундуз дам олишсиз ишлайди.
Буркхард троллик қилишга қизиқишини қондириш учун рози бўлганини, ишга олишлари учун махсус топшириқларни бажарганини айтди.
“Улар одамларни шу йўсинда танлаб олишади, – деди Буркхард. - Аввалига улар сиздан бетараф мавзуда ёзишингизни сўрашади. Масалан, вегетарианликнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида. Бундан кейин мақсадга кўчадилар ва “Донецкдаги гуманитар ёрдам карвонлари ҳақида қандай фикрдасиз?” каби саволларни берадилар”.
Интернет изланиш марказида турли вазифани бажарувчи бўлимлар бор. Бўлимларнинг бири янги материал тайёрлаш билан шуғулланади. Яна бир бўлим эса LiveJournal ижтимоий тармоғи учун консерватив блогларни тайёрлайди.
Халқаро нашрларда чет тилларида шарҳ ёзиш билан шуғулланувчи бўлим ҳам бор. Яна бир бўлим эса видео материалларни ҳамда “демотиваторлар" деб номланувчи сатирик расмларни тайёрлайди.
Буркхард рус шаҳарлари сайтларида кремлпарастча шарҳлар қолдириш билан шуғулланувчи бўлимда ишлаган. Унинг айтишича, мунозараларни ҳақиқий қилиб кўрсатиш учун бўлим троллари уч кишидан иборат гуруҳларга бўлинади. Ҳар бир гуруҳ аъзосининг ўз вазифаси бор.
“Биримиз бошқалар фикрига қарши чиқувчи ва расмийларни танқид қилувчи “ёвуз” тролл бўламиз. Қолган икки киши у билан баҳс бошлайди, унинг хато фикрлаётганини айтади. Бу иккаласининг бири мавзуга тўғри келадиган тасвир ёки диаграмма топади. Иккинчиси эса ўз фикрини қўлловчи сайтга линк топиши керак”, – дейди Буркхард.
Блоггер Буркхард ўзи аъзо бўлган учлик бажарган вазифани мисол тариқасида сўзлаб берди. Гуруҳ аъзоларига Украинада украин ҳарбийлари билан бир қаторда ғарб мамлакатларидан келган ёлланма аскарлар ҳам жанг қилаётгани ҳақидаги иддаоларни дастаклаш вазифаси юкланган.
Гуруҳ аъзолари алифбо тартибида Астрахань шаҳридан бошлаб бир неча рус шаҳри сайтида троллик қилган.
Бошида “ёвуз” тролл Россия Украинани россияликлар ўзлари қилаётган ишларда айблаётгани ҳақида ёзади.
Кейин мунозарага линк қолдирувчи тролл қўшилади. У биринчи тролл фикрига қарши чиқиб, эътиборли бўлмаган, нотаниш сайтда чоп этилган ва Украинада АҚШ аскарлари борлиги таъкидланган мақолага линк қолдиради.
Ниҳоят, расм қолдирувчи тролл баҳсга қўшилади. Бу тролл ғарбнинг Украина бўйича “мунофиқ” сиёсати мазах қилинган суратни илова қилади.
Астрахандан кейин Бурхарднинг гуруҳи яна бошқа 34 шаҳар сайтига ташриф буюрган. Бу учлик энг охирида Чита ва Череповец шаҳарлари сайтида троллик қилган.
“Шунақа бемаънилик бўляпти, – дейди Бурхард. - Бир-биримиз билан кўп суҳбатлашмаймиз, чунки ҳамма банд. Бир шарҳ 200 белгидан оз бўлмаслиги керак. Ўтириб олиб ёзаверасиз, ёзаверасиз. Охири йўқ. Биз бошқалар нима ёзаётганини кўриб олишимиз мумкин, аммо буни ўқишингиз шарт ҳам эмас, сабаби ёзилган бу шарҳлар аҳмоқликдан бошқа нарса эмас”.
Интернет изланиш маркази ишчилари сурункасига 12 соат ишлайдилар. Икки кун ишлаб, икки кун дам оладилар. Иш пайтида тролларнинг иморатдан чиқишлари мумкин эмас. Уларнинг нима ёзаётгани ва мафкурага амал қилаётгани назорат қилиб турилади. Пардалар доим ёпиқ туради.
“У ерда одамларча муомала қилишмайди, – дейди Буркхард. - Дўст орттириш рағбатлантирилмайди. Жуда репрессив тузум. Агар бир дақиқа кечиксангиз, дарҳол 500 рубль жарима солишади. Ишчилар доимо босим остида. Арзимаган хато учун ҳам жарима бор. Қачон бўлса ишдан ҳайдашларини айтиб қўрқитишади, буйруқлар беришади”.
Бу машаққатли иш эвазига троллар ойига ўртача 700 доллар маош олади. Бу миқдор ёш, тажрибаси оз руслар оладиган ўртача маошдан анча юқори. Рус троллар армияси аъзоларининг аксари айнан шу тоифадаги шахслардир.
Ўз қарашларини либерал ва ғарбпараст деб баҳолайдиган Буркхард икки ойдан кейин мўмай маош ҳам кўзига кўринмай қолганини айтади.
“Мен бу мафкурани қўлламайман. Унга бутунлай қаршиман. Мен икки ой душман лагерида бўлдим, – дейди Санкт-Петербурглик блоггер. - Икки ой вақт у ерда иш қандай олиб борилишини тушуниш учун етарли бўлди. У ерда ишлашдан маъни қолмади, ҳатто пул эвазига ҳам. Сабаби бу жуда қийин иш. Беихтиёр хаёлингизга: “Эсдан чиқар буни, пулни ҳам, у ерга бошқа бормасам бўлди”, деган ўйлар келади”.
Дмитрий Волчек қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан таржима қилинган.