Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Андижон исëни ҳақидаги “Сотқин” фильмини ўғри урди


Сотқин фильми эълони
Сотқин фильми эълони

Таниқли киночи 43 яшар Рустам Сагдиев ўзбек киносининг отахони Рихсивой Муҳаммаджоновнинг 2005 йил 13 май Андижонда юз берган воқеаларига асосланган сценарийси бўйича суратга олган “Сотқин” фильми “видеоқароқчи”лар қўлига тушган. Кино муаллифларининг Озодликка айтишича, “видеоқароқчи”лар фильмнинг асл нусхасини ўғирлаб, тарқатиб юборишган.

Фильм муаллифи Рустам Сагдиев Facebookдаги саҳифасида кинонинг “қароқчи” нусхаси сотилаëтган дўкон тасвирини қўйиб мана бу ëзувни қолдирди:

“Бизда муаллифлик қонунларининг ишламаслиги шунақа бемалол ҳаромхўрлик қилишга олиб келди. Топган пулинглар ош бўлсин хурматли ҳаромхўр қароқчилар!!!”

Ўзбек киноси қароқчилар чўнтагини тўлдирмоқда

Ўзбек шоу бизнеси ҳақидаги мақолалар муаллифи Жасур Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда, “ўзи хон, кўланкаси майдон” бўлаётган “қароқчилар” ўзбек киноси ривожининг “бел”ига тепаётгани ва молиявий зарар етказаëтганига эътибор қаратди:

- Қанча пул сарфланиб суратга олинган янги киноларни ҳали экранга чиқмасидан туриб “видеоқароқчи”лар қўлига тушмоқда. Бу нарса киночиларнинг молиявий синишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда "видеоқароқчи"лик қамрови жуда кенг. Бунга чек қўядиган жонкуяр йўқ¸- дейди суҳбатдош.

"Имонга йўл" китоби йиртилган кино

Икки соат давом этадиган ва 2005 йил 13 май Андижонда юз берган воқеалар акс эттирилган "Сотқин" фильми кульминациясида қахрамоннинг онаси “Андижон исëни раҳнамоси” сифатида кўриладиган Акрам Йўлдошевнинг “Имонга йўл” китобини йиртиб ташлайди.

Фильмда Андижон воқеалари¸ жиҳод йўлини танлаган аканинг дунëвий давлат тарафдори бўлган журналист укани ўлдиришга қасд қилгани ҳақидаги ҳикоя призмасидан туриб тасвирланади.

Фильмнинг якуний титрларида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати идорасига миннатдорлик муждаси акс этган.

Огоҳликка кинодаъват

Давлат буюртмаси асосида суратга олинган бу фильм режиссёри Рустам Сагдиевнинг Озодликка айтишича¸ ушбу асар ëшларни “огоҳликка даъват” қилиш мақсадини кўзлаган:

- Айни пайтда бу жўн плакат тарзидаги тарғибот киноси эмас¸ балки Ўзбекистондаги оилаларнинг ҳаëтини жаҳаннамга айлантираëтган диний эктремизм ҳақидаги фожеадир¸- дейди фильм режиссёри Рустам Сагдиев.

Озодлик мухбирининг "Бу кино Андижонда 2005 йили юз берган исëн воқеаларини қайта мушоҳада қилишга уриниш эмасми?" деган саволига жавоб берган Сагдиев “Ушбу фильм диний радикализмга берилган ўғил жабри боис қадди букилган она ҳақида. Андижон воқеаларига фақат зоҳирий ишоратлар бор” дея жавоб берган эди.

Фильмни томоша қилган мунаққидлар фикрига кўра, кино ҳукумат кўз қарашини ифодалаган жўн бир тарғибот асаридир.

Сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджонов эса Озодлик билан суҳбатда бу фильмда бир ëқлама талқиндан қочишга уринганлигини таъкидлайди:

- Мен бир тарафни қоралаб иккинчи тарафни оқлаш каби тенденциоз ëндашувдан мумкин қадар қочишни истадим. Бу асарда мен бир оила фожеасини тўлақонли акс эттиришга уриндим¸- дейди суҳбатдош.

Фильмда доимо дарғазаб юрадиган ота ролини таниқли актёр Матëқуб Матжонов ижро қилган.

Ўзбекистонда жиҳод қилиб Каримов режимини ағдармоқчи бўлган ўғил ролини эса Жавоҳир Зокиров ўйнаган.

Дунëвий давлат тарафдори бўлган журналист ука ролини ўйнаш эса Фарруҳ Соипов зиммасига тушган.

Шунингдек, фильмда Улуғбек Қодиров, Сайёра Юнусова, Юлдуз Ражабова, Райҳон Уласенова ва бошқалар иштирок қилган.

Одатда қайнона-келин можаролари ҳақида мелодрама фильмлар суратга олинадиган “Ўзбекфилъм” студиясида кейинги пайтда давлат мафкурасини ҳимоя қилишга қаратилган тарғибот фильмлар ҳам ишланмоқда.

Ўтган йили ''Ўзбеккино'' Миллий агентлиги буюртмасига кўра, режиссёр Ҳилол Насимов “Гумроҳлар” фильмини суратга олган эди.

Ўзбекистон ташқарисида туриб Каримов режимига қарши курашаëтган мухолифат ва журналистлар қораланган бу фильм тақдимотида сўзга чиққан Ўзбекистон ҳалқ артисти Эркин Комилов:

''Ота-онасининг дуосини олмаган, ўзга юртларда дайдиб, ўз Ватанига тош отганлар ''гумроҳлар''дир. Бундайларни кечириб бўлмайди'', дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати қарашларини ифода қилувчи тарғибот фильмларини суратга олиш 2013 йилнинг март ойидан 2014 йилнинг декабрига қадар "Ўзбеккино"га раҳбарлик қилган Жаҳонгир Қосимов даврида бошланган эди.

XS
SM
MD
LG