Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган ҳафта Фарғонада қамалган 12 диндор мамлакат ҳудудида тақиқланган диний ташкилот тузиш, аудио-видео материаллар тарқатиш билан бирга одамлар орасида ва Интернетда радикал ғояларнинг фаол тарғиботи билан шуғуллангани ҳақида баёнот тарқатди. Озодлик манбалари бу гуруҳ таркибида Қувасой шаҳар ҳокими муовини, бош кассир ва ревизор борлигини хабар қилмоқда.
РИА-Новости агентлигининг Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбасига таяниб, хабар қилишича, 6 апрель куни Фарғона вилоят Жиноят ишлари судида устидан ҳукм чиқарилган 13 диндордан 12 нафари радикал ва террорчилик ғояларининг тарғиботи билан шуғулланган, деб топилган.
"Тергов жараёнида бу шахсларнинг экстремистик адабиётлар, аудио-видео материалларни Ўзбекистон ҳудудида тарқатгани аниқланган. Прокуратура мулозими Қуръон мазмунини яхши тушуниш учун Қуръонни ўқиш ва араб тилини ўрганиш билан бирга бу 12 шахс тарғибот юритиш ҳамда ижтимоий тармоқлар ва бошқа Интернет манбаларида ғоявий фаолият юритиш бўйича машғулотлардан ўтганини маълум қилди", деб ёзди РИА-Новости агентлиги.
Айни пайтда агентлик манбаси машғулотлар ким томонидан ва қаерда ўтилгани, "машғулотлар" дейиларкан, конкрет нима назарда тутилаётгани ҳақида маълумот бермаган.
Куни кеча Озодликнинг Фарғона водийсидаги бир манбаси ҳам рус матбуотида хабари берилган 12 фарғоналик судланувчи орасида Қувасой шаҳар ҳокимининг собиқ муовини, Олтиариқ тумани бош ғазначиси ва вилоят Молия бошқармасининг Назорат-ревизия бўлими мулозими борлигини иддао қилди:
"Марғилон шаҳридан, Қувасой шаҳар ҳоким ўринбосари Нодир исмли йигит, 1981 – йили туғилган – 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Олтиариқ туман Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи Мирзаолим, 1979 – йили туғилган – 6 йил. Вилоят Тафтиш Назорат Бошқармаси (КРУ) назоратчи тафтишчи (ревизор) Азизбек, 1983 – йили туғилган – 6 йил", деб ёзди Озодлик манбаси.
Ўтган ҳафта бу хабарга қўшимча қилган яна бир манба ҳам қамалганлар орасида вилоятдаги туман ҳокимликлари мулозимлари борлигини иддао қилган эди:
"Айблов хулосаси билан танишганим учун айтяпман, юқорида берган малумотларинг, мақолаларинг 100% тугри. Фақат номларини, муддатини, олий маълумотли инсонлар борлигини қушиб қўйсаларинг яхши булар эди - Эргашев А. КРУ ходими, 6 йил; - Ҳайдаров М. Молияда ғазначи, 6 йил; - Яна бири Қувасой хокимлигида ишлар экан, исмини эслай олмадим, 3 йил; - Ҳокимнинг шофёри, унга хам штраф", деб ёзган эди Озодлик манбаси.
Бугунга келиб расман тасдиқланган маълумотларга кўра, бу жиноий гуруҳ таркибида судланган Умарқулова З. исмли 40 яшар аёлга 6 йиллик қамоқ жазоси берилган.
Бу судловга оид маълумотларни суриштирган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ҳам жиноий гуруҳ таркибида қамалган мулозимлар борлигидан хабар топгани ва судланувчилар ўзларига қўйилган айбловларни тан олгани ҳақида маълумот олганини айтади:
"Судланувчиларга "Ҳизб ут-Таҳрир" диний оқимига аъзолик айби қўйилган ва суддаги бир манбанинг айтишича, маҳкамада улар айбни бўйнига олишган", дейди ҳуқуқ фаоли.
Фарғонадаги маҳаллий ҳокимият идоралардан бири мулозимининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳозир вилоят прокуратурасида яна 30га яқин шахс устидан тергов ишлари давом этмоқда:
"Улар турли туманлардан, улар ҳам, асосан, 18-30 ёшгача бўлган йигитлар. "Ҳизб ут-Таҳрир" партиясига аъзоликда гумон қилиниб, тергов қилинаяпти. Улар орасида ҳам нормальный ташкилотларда ишлаган йигитлар бор", деди манба Озодлик билан суҳбатда.
Айни жиноий иш ҳақида Озодликка хабар йўллаган олтиариқлик манбанинг айтишича, судланувчилар ва айни пайтда тергови давом этаётган фарғоналик диндорларни ҳуқуқ-тартибот идораларининг қора ниқобли гуруҳи 2014 йилнинг август ойида қўлга олган:
"Хамма хонадонни кора кийим кийган юзи маскали аскарлар босишган. Хар бир оиладан 2 ёки 3 кишини камокка олишган, жами 30 тача инсонни камокка олишганди. Уйларни тинтув килинганда уларда йук булган дискларни ташлаб, хар бир хонадондан 2 ёки 3 кишидан олингани сабаби кейин маълум булди - хар бир хонадонни биттадан вакилига йук айбни буйнига олиш шарти билан колган оила аъзоларни озод этишни таклиф килишган. Махбуслар мажбур рози булишган, рози булмаганларни каттик инсон зоти кутаралмайдиган азоблар билан кийнашган. Бу азоб турларига дубинка билан оёк остига уриш, кечалари уйки бермаслик, электр токи уланган столда азоблаш кабилар. Баъзи хонадонлардан эр - хотин олиб кетилган, эрга айбни буйнига олмаса хотинини номусига тегиш билан тахдид килишган", деб иддао қилди фарғоналик манба (матн таҳрирсиз берилмоқда-таҳр.).
Шунингдек, бу манба ҳибсга олинган ва қамалганларнинг кўпчилиги хорижга кетгач, ортидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари диний мотивлардаги жиноятларда айблаб, қидирув эълон қилган шахсларнинг оила-аъзолари эканини айтмоқда.
Маҳкамага тортилганларнинг аксарияти вилоятнинг Олтиариқ тумани Полосон қишлоғида яшовчи 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар эканини Бош прокуратура мулозими ҳам тасдиқлади.
Фарғоналик манбалар маҳаллий ҳокимиятнинг юқори мартабали мулозимлари, хусусан, туман ҳокими ўринбосари ёки бош ғазначиси лавозимидаги амалдорларнинг диний-сиёсий мотивдаги жиноятда айбланиб, қамалганига деярли илк бор гувоҳ бўлаётганини қайд этмоқда.
Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари Фарғона вилояти Жиноят ишлар судида қарийб 2 ой давом этган бу маҳкамани сўнгги йиллар ичида вилоятда кузатилган диний-сиёсий мотивларга боғлиқ йирик маҳкамалардан бири деб баҳоламоқдалар.