Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:05

Путин: Ҳеч кимга бизга душман бўлишни тавсия қилмайман


Россия президенти Владимир Путин 13 маротаба россияликлар саволларига тўғридан-тўғри эфирда жавоб берди.

Россия раҳбарининг давлатнинг йиллик иқтисодий натижаларига тўхталиши ортидан Москва биржасида рубл қадрсизланиши кузатилди.

Матбуот конференцияси давомида Владимир Путин мамлакат иқтисодиёти икки йилда инқироздан чиқиши, санкциялар эса уни соғломлаштиришига олиб келиши мумкинлигига тўхталди.

16 апрель куни Россия президенти Владимир Путин 2014 йилги иқтисодий-сиёсий натижалар бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Россияликлар билан 3 соат 57 дақиқа бўлиб ўтган савол-жавоб давомида нафақат Украина ва Қрим, балки мамлакат ичкарисидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, ҳокимият ва бизнеснинг муносабатларига оид масалалар кўтарилди.

“Россия 24” канали маълумотларига кўра, Россия фуқаролари ва хорижликлардан президентга жами 3 миллиондан зиёд савол жўнатилди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков берилган саволларнинг катта қисми нархларнинг ошиши, маошлар, валюта курслари, нафақа ҳамда уй-жой коммунал хўжалик масалаларига бағишланганини билдирди.

Ўз чиқишини Владимир Путин ўтган йил давомида эришилган ютуқлардан бошлади.

У давлатда “ижобий тенденция”лар бошлангани, ҳукумат ишсизлик ўсишига муваффақиятли тўсқинлик қила олгани, қурилишнинг ўсиши ва “фавқулодда кўп йиғилган ғалла ҳосили” тўғрисида сўзлади.

"Умуман олганда, ҳозирда биз рубль мустаҳкамланаётгани ҳамда жамғарма бозорлари ўсаётганини кўриб турибмиз. Биз инфляция спирал шаклида ўсишига тўсқинлик қила олдик," - деди Владимир Путин.

Айни пайтда, Россия президентининг анжумандаги чиқиши давомида евро ва доллар ўсиши қайд этилди.

Россия йўлбошчиси кўплаб сиёсий саволларга ҳам жавоб беришга уринди.

Мухолифат фаоли Ирина Хакамада бирданига иккита савол берди:

“Айтишларича, Немцовни Украинадаги ҳодисалар тўғрисидаги доклади учун ўлдиришди. Тўғрисини айтинг: бизнинг қўшинларимиз у ерда борми йўқми?”

Владимир Путин: "Немцов билан бизда илиқ муносабатлар ўрнатилган эди. Бу шармандали қотиллик. Тергов кетяпти. Жиноятга алоқадор айбланувчилар тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланган. Аммо бу қотиллик буюртмачилари борми-йўқми билмайман. Ва ниҳоят, сизга очиқ ва ойдин жавоб бераман: Украинада рус қўшинлари йўқ".

Россияликлардан мана бундай саволлар ҳам келиб тушаётганини кўриш мумкин:

“Ҳурматли Владимир Владимирович. Мен сизга катта илтимос билан мурожаат қиляпман. 25 апрел куни дугонамизга ит совға қилмоқчи эдик. Унинг эри бунга қарши чиқяпти. Бош Қўмондон сифатида унга буйруқ беринг,” деб мурожаат қилди россиялиялик Елена.

Путин буйруқни берди..

Донбассдан Александр исмли тингловчи Донецк ва Луганскнинг кейинги тақдири борасида сўради.

"Энг аввало ЛНР ва ДНР деб аталувчи ҳудудлардаги вазиятни стабиллашиши, қочқинлар оқими тўхташи тўғрисида ўйлаб кўриш керак. Ким билан ва қандай яшашни эса бу ҳудуд фуқаролари ҳал этади," дея жавоб берди аввал иқтисодий ҳаётни тиклаш зарурлигини гапирган Владимир Путин.

Бошловчи Ситтель Путиндан Адольф Гитлер ва Иосиф Сталин Украинада “бир поғонага қўйилиши”га муносабат билдиришни сўради. Бу саволни мураккаб эканини эътироф қилган Владимир Путин “Сталин Гитлердан фарқли ўлароқ бутун бошли халқларни йўқ қилишни ўзига мақсад қилиб қўймаган”, деди. 16 апрель куни, Москвада анжуман бўлиб ўтаётган бир вақтда, Сургут шаҳридаги марказий майдонлардан бирида Сталин сурати туширилган плакат пайдо бўлгани хабар қилинди.

Россия ҳарбий-тарихий жамият директори Михаил Мягков Москвадаги 9 май парадига Ғарб мамлакатлари келишни истамаганига қандай жавоб қайтариш керак, деган саволига Россия президенти:

- Бу сиёсий фаолларнинг шахсий истаги. Кимгадир рухсат беришмаяпти. Вашингтон обкомидан “мумкин эмас” дейишган, деди.

Шу ўринда, Украинанинг нотинч ҳудудлари билан чегарадош Россиянинг Ростов вилояти фуқаролари қўшни давлат билан уруш бошланиб кетиши мумкинлигидан билдирган хавотирига Владимир Путин уруш бўлмаслигига ишонтиришга уринди:

- Йўқ, бўлмайди уруш, тинчкина яшайверинг... Россия ҳам Шарқ, ҳам Ғарбдаги давлатлар билан нормал муносабатлар ўрнатиш тарафдори, деди давлат раҳбари.

“Бизнинг душманларимиз ким?”, дея берилган кейинги саволга у "халқаро террорчилик ва уюшган жиноятчилик" эканини алоҳида таъкидлаб, “Биз ҳеч бир давлатни душман деб ҳисобламаймиз ва ўзимизни душман дейишни тавсия этмаймиз”, дея жавоб қайтарди. У рус императори Александр III айтган “"Россияда фақат иккита иттифоқчи: армия ва ҳарбий-денгиз флоти". Мумкин бошқалар бизнинг улканлигимиздан қўрқяпти”, деб ҳазиллашди.

Москворецкий кўприги
Москворецкий кўприги

“Эхо Москвы” радиостанцияси бош редактори Алексей Венедиктов Борис Немцов қотиллигини тергов қилаётган терговчилар ишни пайсалга солаётгани, қотиллик содир этилган Катта Москворецкий кўпригидаги мухолифатчи хотирасига бағишлаган мемориални йўқ қилишга бўлаётган уринишлар масаласини кўтарди ва президентнинг бунга муносабатини сўради.

"Стихияли тарзда пайдо бўлгани"га эътибор қаратган Путин, мемориалнинг бўлиши-бўлмаслиги маҳаллий ҳукумат ваколати доирасида эканини айтди. Шунга қарамасдан у Немцов ўлдирилган жойда гул ва турли ёзув туширилган тахтачалар бўлишини табиий ҳол экани ва бу масалада Москва мэри билан алоҳида суҳбатлашиб кўришини маълум қилди.

Венедиктов Владимир Путинга ўз ташаббуси билан Москванинг Марксистская кўчасига Высоцкий номини беришни ҳам таклиф қилди.

Бошловчилар мулоқот чоғида келиб тушган саволлар сони 3 миллиондан ошгани ва мутлақ рекорд ўрнатилганини очиқлади. Мария Ситтель 2 миллион қўнғироқ, ярим миллион СМС-хабар ва яна ярим миллион хат келиб тушгани қайдга олинди, деди.

Бир неча ҳафтадан бери муаммоли нуқтага айланган “Восточный” космодроми қурилишида ишловчи Владимир Санченко ”Восточный” Россия учун Қримни қўшиб олиш билан баробар аҳамиятга эга экани"ни айтиб, ишчиларга маош берилмаётгани масаласини шахсий назорат остига олишни сўради. Путин космодромнинг ҳарбий бўлмаган мақсадлар учун ишлатилишини эслатиб, шунга қарамасдан Қримда “гап миллионлаб одамлар ҳақида боргани”ни айтди ва маош масаласи бўйича ҳам саволлар бартараф этилишига ваъда берди.

Пенсия тўғрисида берилган саволга Россия президенти ҳукумат нафақа ёшини кескин кўтаришга шошилмаётганини билдирди. У нафақа ёши оширилган мамлакатларда фуқароларнинг ўртача ёши ҳам ошгани қайд этилганини айтди.

- Бизда ўртача умр узоқлиги ўсиб боряпти, аммо эркаклар учун бу 65,5 ёшда. Бу нимани билдиради – ишладинг ва тўғри “ёғоч макинтош” (тобут-таҳр.)га сакраб кетди, деганими? деди нафақа тизимини олдинги даражада таъминлаб туриш яқин келажакда бюджет учун оғир тушиши мумкинлигини айтган Владимир Путин.

Залдан берилган яна бир савол: “Илгари “миллат виждони” унвони академик Сахаровга берилган эди. Ҳозир кимни шундай деб аташ мумкин?” В. Путин: “Мен давлат раҳбари сифатида кимнидир “миллат виждони” деб аташим қанчалик тўғри бўлар экан... Масалан, полиция ходимлари”.

Керчь кечиги
Керчь кечиги

Қрим аҳолиси вакиллари Керчь кечиги масаласида Путинга мурожаат қилиб, Қримга кетаётган юк машиналари 12-14 суткалаб навбат кутаётгани, ҳайдовчилар машиналарида яшаётганини айтди. Қримлик фуқаро кечув жойидаги электрон навбатни танқид қилди. Бунга Владимир Путин бу кечикдаги навбатлар тўғрисида билмаслигини айтиб, ҳозирда ишлаётган икки паромга қўшимча яна бешта паром ишга туширилишини ваъда қилди. Россия президенти улар сони ўнтага етишини қўшимча қилди.

Навбатдаги ҳам савол, ҳам унга берилган жавоб кўпчиликка бироз масхараомуздек туюлди:

- Қачон “Газпром ” ходимлари муносиб маош олишни бошлайди?
- Сиз уни камайтириш керак, демоқчимисиз? Билмадим, Миллер билан гаплашиб кўришим керак.

3 соат 57 дақиқа давом этган матбуот анжумани ўз якунига етди.

Мулоқот давомида "тўғридан-тўғри линияга" 3 миллиондан зиёд фақат телефон қўнғироқлари келиб тушгани ва бу мутлақ рекорд эканини билдиришди телемарафон ташкилотчилари.

ТАСС Ахборот агентлиги бу вақт ичида Владимир Путин 90-та саволга жавоб берганини хабар қилди. Кремль матбуот хизмати эса анжуманда давлат раҳбари 74-та саволга жавоб беришга улгурганини эълон қилди.

Шунга қарамасдан Владимир Путин журналистлар билан яна ташқарида суҳбат қилишни давом этди :

Анъанавийга айланиб қолган Владимир Путиннинг телевизион мулоқотлари 2001 йилнинг декабрида бошланган. Охирги савол-жавоб роппа-роса бир йил олдин – 17 апрелда ўтказилган эди.

Охирги мулоқот чоғида Путин Қримга референдумдан олдин ўз ҳарбийларини киритганини тан олган эди.

XS
SM
MD
LG