Андижон воқеаларининг 10 йиллиги арафасида Озодликка сўзлаган андижонлик аёл ҳукумат вакиллари азадорларнинг ҳам рўмолини ечтирганига гувоҳ бўлганини сўзлаб берди. Диндорлар таъқиблар кучайишига жиддий туртки бўлган қонли воқеадан сўнг Ўзбекистонда чекланган диний либос, ибодат ва маросимларнинг узун рўйхатини тилга олдилар.
"Азадор аёл рўмолини ечишга мажбур бўлди"
"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг Андижон воқеалари 10 йиллиги арафасида ҳозирлаётганимиз ушбу сони учун андижонлик икки аёл билан суҳбатлашдик.
Ўзини муслим бўлмаган, рўмол ҳам ўрамаган аёл, деб тақдим қилган 37 яшар Фотимахон Андижонда азадор аёлнинг рўмоли ҳокимият вакили томонидан ечтирилганига гувоҳ бўлганини сўзлаб берди:
"Биздан 3-4 та маҳалла нарида бир аёл бор эди, мен танийдиган. Шу аёлнинг онаси ўлиб, ҳокимиятга ҳужжат ишлари билан борган экан. Ҳокимиятдаги раҳбар одам: "Опа катта рўмолингизни ечиб ташланг, кичиги билан юрсангиз бўлади", деб азадор хотиннинг рўмолини ечтириб ташлабди, қаранг. Энди бизда азадор бўлса, аёллар кичкина рўмолини устидан катта рўмол ҳам ташлайди-ку, одат шу-ку, шуни ҳам ечиб, фақат кичкина рўмолда юриш мумкин, дейишяпти экан", деди Фотимахон мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.
Андижонда сўнги 10 йил ичидаги чекловлар ҳақида фикр билдирган бу аёл ҳукуматнинг қонли воқеалардан кейин кўраётган чора-тадбирлари кучайгани, уларнинг айримларини маъқуллаши, айримлари ҳақида эса очиқ бир фикр айта олмаслигини қайд этди.
Андижонлик яна бир кекса аёл эса 10 йил ичида чеклов ва кузатув ўта кучайди, дейди:
"Қўни-қўшни бир бўлиб қолса, бирга намоз ўқиш йўқ. Жамоат бўлдинг, дейди. Ҳамма ўзининг уйида ўқийди. Энди ҳозир Андижонда ҳижоб кийган хотин зоти йўқ. Ҳатто, рўмолини жағидан ўраганлар ҳам жуда кам, йўқ ҳисоби. Ҳамма орқасидан қилиб ўраяпти, ҳозир. Маҳалла ҳаммани кузатиб туради. Энди унақа амри-маъруфлар ҳам йўқ, ҳисоби. Бирорта аза ёки шунга ўхшаган маросим бўлса, аввало маҳаллани чақирасиз, маслаҳат соласиз: "Кимни чақирсам бўлади, қачон қилсам бўлади?" деб сўрайсиз-да энди" дейди кекса андижонлик аёл.
Унинг ўзи ёши 60 дан ошгани боис, бир кичик рўмол устидан катта рўмол ташлаб юриши ва маҳалла қўмитаси аъзолари уни яхши танигани боис индамаслигини қўшимча қилди:
"Шу 60-70 ёшдаги кампирлар бўлса, яхши танишса, индашмайди. Лекин, ёшроқ бўлса, айтишади: "Рўмолни орқадан қилиб ўранг, жағдан ўраш мумкинмас, дейишади. Энди ҳозир рўмол диний кийим бўлиб қолди-да, сочларини беркитиб, жағидан ўрадими - диндор хотин бўлаверади", дея хулоса қилади андижонлик пенсионер аёл.
"Рўмолни жағидан ўраганларнинг оқимларга алоқаси бор"
Фарғоналик пенсионер Абдували ака андижонлик аёлларнинг рўмол - диний либосга айланган мазмунидаги фикрини тасдиқлади.
Муҳими, Абдували ака ҳам водийда ёши 40 - 50дан ошган ўзбек аёлларининг иккита рўмол ўраш одати – бир кичик рўмол ва унинг устидан бир катта рўмол ўраб юриши қарийб йўқолиб бораётгани, онда-сонда учраса ҳам, бу кўпроқ ёши 60-70дан ошганлар ёки азадорлар эканини айтади:
- Агар шу рўмолни жағидан қилиб ўраган бўлса, бу аниқ диндор, ҳар хил гуруҳларга алоқаси бор, деб ҳисоблайди одамлар, одамларлаги фикр шунақа ҳозир. Агар эркак киши озгина соқол қўйган бўлса, уни ҳам ҳар хил гуруҳларга алоқаси бор, деб ўйлашади. Ҳозир энди маҳалла бунақаларни қаттиқ кузатаяптику! Шу катта хотинлар орасида ҳам унақа катта рўмол ташлаганлар йўқ, лекин советнинг замонида бемалол ўрашарди, - дейди Абдували ака.
У телефон фикрини очиқ айтишга чўчиди ва буни тан оларкан, бугунги вазият - қонли воқеалардан кейин аҳолининг, айниқса, Андижон аҳлининг телефон мулоқотлари муттасил равишда МХХ томонидан кузатилиши ҳақидаги хавотирларга билвосита ишорат берди.
"Рўмолгамас, уни томоқдан танғишга қаршилар, холос"
22-23 апрель кунлари Марғилон ва Қўқон шаҳарларида бозорлар ва жамоат жойларида юрган аёлларнинг рўмолини ечтиришга оид навбатдаги кампания кузатилди.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус сафарбар қилинган каттагина гуруҳи кўчада рўмолни томоғидан ўраб юрган аёлларни тўхтатиб, улардан рўмолни ечиш ёки орқадан ўрашни талаб қилди.
Бу жараённи шахсан кузатган ва бу ҳақда Озодликка ҳам хабар берган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев маҳаллий идоралар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари назарида рўмол диний либосми, деган саволимизга жавоб берди:
- Асосан, шу томоғининг тагидан танғиб ўралган, ҳижобга ўхшатиб иккитадан рўмолни - диний либос, деб ҳисоблашади. Лекин, бу нотўғри. Шариатда тавсия қилинган аврат жойларини ёпадиган либос, холос бу. Водийда аслида қадимдан аёллар рўмолни иккитадан ўрашган. Лекин, ўша пайтларда бунақа диний муаммоллар - гуруҳларга бўлиниш, турли оқимлар, деган нарса йўқ эди. Оддий мусулмончилик бор эди, атеизм бор эди, ғайридинлик бор эди. Афсуски, кейинги 20 йил ичида Ваҳҳобийлик, Ҳизбут Таҳрирга ўхшаган турли бўлинишлар бошланиб кетди ва бунинг оқибатида, шунақа чекловлар юзага келди, - деб ҳисоблайди ҳуқуқ фаоли.
Идора Фарғонада рўмолни ечтиришганидан хабардор
Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси масъули Абдулазиз Мансур айнан Фарғона вилоятида сўнги кунларда кузатилган рейддан хабари борлиги, аҳволни ўрганаётгани ва бу ҳақда келгуси дастурларимиздан бирида саволларимизга жавоб беришни ваъда қилди.
Унинг таъкидича, бу маҳаллий даражадаги масъуллардан чиққан бир ташаббус бўлиши мумкин, зеро бу борада республика даражасида ҳеч қандай топшириқ ёки тадбир бўлмаган.
Абдулазиз Мансур яна бир карра рўмолнинг диний либос эмаслиги, балки ўзбек аёлларининг асрлар давомидаги ананавий либоси эканини таъкидлади.
2013 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг айнан диний либос, яъни "ибодат либоси"га оид қисмига ўзгартишлар киритилаётгани ҳақида у киши хабар берган эди. Бунинг натижасини сўраганимизда мулозим ўзгартишлар ҳали киритилмагани, қачон киритилишидан бехабарлиги, аммо бу борада ҳам маълумотларни аниқлаб беришни ваъда қилди.
Андижон воқеаларидан сўнг чекланган ибодатлар
Тингловчилар ўзбек аёллари асрлар давомида ўраб келган рўмолнинг диний либосга айлантирилишию аёлларнинг бошидан ечиб олиниши – 10 йил муқаддам Андижонда бўлган қонли воқеалар боис, ҳукумат диний жамоалар устидан ўрнатган аёвсиз назорат ва таъқибнинг натижаси, деган хулосани тилга олмоқдалар.
Ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев бу хулосани қувватлади ва мамлакат ичкариси ҳамда ташқарисидаги вазиятни таҳлил қиларкан, чекловларни қисман маъқуллашини ҳам айтди:
- Биринчидан, масжидларда озгина диндан илмим бор, деган одамлар имомнинг қўлидан микрофонни олиб, маъруза қиларди. Ҳозир шу ҳаракатлар тақиқланди, фақат рухсат берилган масжид ходимлари маъруза қилади. Иккинчидан, тўйларда қўшиқ айтаётган хонанданинг қўлидан микрофонини олиб, ўртага чиқиб маъруза қилишлар бўларди. Учинчидан, уйларда бўладиган ҳар хил маросимларга ҳам маҳалладан рухсат оладиган қилишди. Булар шу Андижон воқеаларидан кейинги чекловлар. Аслида, бунинг тартибга олингани бир томондан яхши бўлди, саводи йўқ ёшлар шунинг ортидан ҳар хил оқимларга кириб кетаётган эди, - дейди Абдусалом Эргашев.
Ҳуқуқ фаоли яна бир қанча чекловларни тилга олди. Қуйида бу фаол, шунингдек андижонлик, фарғоналик суҳбатдошлар ва Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари билан қурилган суҳбатлар асосида ҳозирланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг махсус сонини тинглашингиз мумкин: