Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Жиззахда 9 яшар қизчани зўрлаб ўлдирган қотил қидирилмоқда


Тўққиз яшар қизчанинг қотилини топиш учун Бахмал тумани милициясининг оёққа тургани айтилмоқда.
Тўққиз яшар қизчанинг қотилини топиш учун Бахмал тумани милициясининг оёққа тургани айтилмоқда.

Жиззах вилояти Бахмал тумани марказида 19 май куни йўқолган 1-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси орадан қарийб икки кун ўтганидан сўнг ўлик ҳолда топилди. Озодлик манбаларига кўра, қотил тўққиз ёшли қизчани зўрлаган ва уни бўғиб ўлдириб, жарликка ташлаб кетган. Айни пайтда, қотилни топиш учун вилоят ва туман ИИБ ходимлари оёққа турган айтилади.

Бахмал тумани маркази жойлашган 1-умумтаълим мактаби 2-синф ўқувчисининг (қизчанинг исм-шарифи Озодликка маълум, лекин маълум сабабларга кўра уни очиқламаймиз – таҳририят) жасади 20 май куни Ўсмат шаҳарчаси ўртасидаги жарликдан топилди.

Ўсмат шаҳарчасида яшайдиган маҳалла фаоли Очил Мирзаев Озодлик билан суҳбатда бир кун аввал қизчанинг йўқолиб қолганлиги ҳақидаги хабар шов-шув бўлиб кетганини айтади:

- Икки кун олдин йўқолган эди. Маҳалламизнинг марказида катта жар бор, ўша жойдан қизчанинг ўлигини топишган. Целофан қопга солиб жарнинг ичига ташлаб кетган экан. Одамларнинг миш-мишларига қараганда¸ икки хил версия бўлаяпти. Биринчиси, ичидан органларини олиб кетишган¸ деяпти. Иккинчи версияда эса, қизча зўрланиб кейин бўғиб ўлдирилган, дейишаяпти. Лекин бу расмий хулоса эмас, одамларнинг гапини айтаяпман, деди маҳалла фаоли.

Очил Мирзаевнинг айтишича, бу воқеадан сўнг туман милициясининг барча ходимлари қотилни қидириб топишга сафарбар этилган:

- Шу воқеадан кейин милиция қаттиқ ишлаяпти. Милицияда рўйхатда турадиган, спиртли ичимликни кўп истеъмол қиладиган, турмадан чиққан, қанчаки шубҳали шахслар бўлса ҳаммаси чақиртирилиб суриштирув ишлари олиб борилаяпти, деди маҳалла фаоли.

Бахмал тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими жиноят ҳақидаги хабарни Озодликка тасдиқлар экан, қизчанинг ички органлари кесиб олингани ҳақидаги миш-мишларни инкор қилди:

“Бу қизча 19 май куни мактабдан қайтаётганда ғойиб бўлган. 20 май куни кечқурун жарликдан топилган. Ҳеч қандай ички органи кесиб олинмаган. Ҳозирча қотил педофил бўлганлиги тахмин қилинаяпти, чунки қизча зўрланиб кейин бўғиб ўлдирилган. Кечаю кундуз қотилни топиш устида ишлаяпмиз”, деди мулозим.

Ўзбекистонда ўтган йил давомида ёш болаларнинг номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилаётгани ҳақида бир қанча миш-мишлар тарқалган эди. Озодлик суриштируви натижасида бу хабарларнинг биттаси тасдиқланган эди.

Фарғонада икки яшар қизчани ўлдирганликда ўзининг отаси гумонланяпти

Жумладан, жорий йилнинг 30 апрель куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Каримдевона қишлоғида истиқомат қилувчи ёлғиз онанинг икки яшар қизчаси 30 апрель куни кечаси ўғирланиб ўлдириб кетилган эди.

Расмийлар бу воқеада ҳам қизчанинг ички органлари кесиб олингани ҳақидаги хабарни инкор қилган эди.

Озодликнинг Ўзбекистон тумани прокуратурасида ишлайдиган манбасига кўра, икки яшар қизчанинг ўлдирганликда гумонланиб унинг отаси қўлга олинган:

"Қизчанинг қотили ўзининг дадаси, 38 яшар Акмалжон Мамадалиев бўлиб чиқди. Ҳозир бу одам ҳибсга олинган, гуноҳига иқрор ҳам бўлди. Отанинг айтишича, у ажрашган хотинининг шахсий ҳаётидан норози бўлиб, қизини олиб қочган. Йўлда қизи йиғлаган. Тинчитолмаган ва бўғиб ўлдириб қўйган. Кейин қизчани анҳорга ташлаб юборган. Сув қизалоқни қирғоққа чиқариб ташлаган". деди мулозим.

Мулозимнинг айтишича, айни пайтда бу жиноий иш якунланиб судга оширилган.

XS
SM
MD
LG