Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:18

Жаслиқ қамоқхонасидаги ҳуқуқбон БМТ бош котибидан ёрдам сўради


Аъзам Фармонов мактуби
Аъзам Фармонов мактуби

Деярли тўққиз йилдан буён Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов БМТ бош котиби Пан Ги Мунга мактуб йўллаб, уни ўз ҳимоясига олишни сўради. Аъзам Фармонов яқинларининг 22 май куни Озодликка маълум қилишича, апрель ойида Қорақалпоғистон республикаси Қўнғирот туман суди унинг жазо муддатини яна беш йилу 26 кунга узайтирган.

Шу йил бошида битилгани ва муаллиф дастхати экани ишонилган хатда Аъзам Фармонов Жаслиқ қамоқхонаси маъмурияти уни “руҳий ва жисмоний қийноқлар остида” ушлаб келаётганидан БМТ бош котибига шикоят қилади.

Янгиер шаҳар суди 2006 йил июнь ойида Аъзам Фармоновни товламачиликда айбдор деб топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Фармонов устидан чиқарилган ҳукм замирида “сиёсий сабаблар” турганини билдирганлар.

Аъзам Фармонов яқинларининг 22 май куни Озодликка маълум қилишича, апрель ойида Қорақалпоғистон республикаси Қўнғирот туман суди унинг жазо муддатини яна беш йилу 26 кунга узайтирган.

Суд ҳуқуқбонни қамоқхона тартибини мунтазам бузганликда айбдор деб топган.

Кузатувчиларга кўра, 37 ёшли Фармонов мактуби айрим ўзбекистонликлар орасида “борса келмас” номи билан машҳур Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар аҳволи ва шароити ҳақидаги тасаввурларга ойдинлик киритади.

“Руҳий ва жисмоний қийноқлар”

Ўзбек сиёсий маҳкумлари
Ўзбек сиёсий маҳкумлари

БМТ бош котибига йўлланган хатида Аъзам Фармонов, ўз таъбирида, Жаслиқ манзил колонияси “маъмурияти томонидан қилинаётган жиноятлар”га мухтасар тўхталган.

2006 йилнинг 17 июль куни 71 -сонли манзил колонияси, яъни Жаслиқ қамоқхонасига олиб келишди. Бу ерда мени шафқатсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар остида кутиб олишди. Бу шафқатсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар муассаса бошлиғи ёрдамчилари ва уларни қўл остидаги ходимлар томонидан амалга оширилди. Мени 35 кун давомида карантин ҳолатида ушлаб тинимсиз руҳий ва жисмоний қийноқлар билан ушлашди. Карантиндан чиқгач, бир неча бор изоляторга (интизомий бўлинмага) ташлаб менга шафқатсиз жисмоний ва руҳий қийноқ ўтказишди,” – деб ёзади Аъзам Фармонов (Ҳуқуқ фаолининг мактубидан бу ерда ва мақола давомида таҳрирсиз, муаллиф услубини сақлаган ҳолда иқтибос олинди - муҳаррир).

У, шунингдек, Жаслиқда ўтказган саккиз ярим йил ичида “бир неча бор инсонпарварлик акти амнистиядан маҳрум” этилганини қайд этади. Аъзам Фармонов мактубида қайд этилишича, қамоқхонада “маҳкумларнинг умуман мурожаат ҳуқуқлари йўқ”.

Ариза шикоят ва бошқа барча ҳуқуқларини очиқчасига паймол қилишмоқда. Муассаса ички кун тартиби фақат маҳкумларга руҳий ва жисмоний қийноқлар қўллаш учун муассаса маъмурияти томонидан бир томонлама жорий этилган,” – деб ёзади Аъзам Фармонов.

Унинг даъво қилишича, қамоқхона маъмурияти “хоҳлаган маҳкумни... қоида бузар сифатида айблаши мумкин”.

Муассаса ички кун тартибига биноан, хоҳлаган маҳкумни муассаса маъмурияти ходимлари қоида бузар сифатида айблаши ва уни изоляторга қамаб хоҳлаганча руҳий ва жисмоний қийноқлар ўтказиш ҳуқуқини беради. Бу режим шу даражада тузилганки, унинг бирон бир ҳолати демократик тузумга жавоб бермайди,” – дейди Аъзам Фармонов.

40 даража совуқда сайр

Ҳуқуқбоннинг даъво қилишича, жуда кўп маҳкумлар Ўзбекистон қонунларида белгиланган “ҳуқуқларидан маҳрум”.

Аъзам Фармонов шунингдек маҳкумлар кийим-кечаклари “ўта хароб аҳволда” эканини қайд этган.

Маҳкумлар қиш кунлари -42- 40 ли совуқда ҳам, мажбуран сайр қилишади. Маъмурият вакиллари пахтали шим ва иссиқ кийимлар кийиб маҳкумларга эса юпқа кийим бош бериб, қийноққа солишади,” – деб ёзади Аъзам Фармонов.

Бундан ташқари ҳуқуқбон ўз яқинлари билан учрашувда маҳкумлар дуч келаётган муаммоларга ҳам тўхталган.

Маҳкумларнинг оила аъзолари учрашувга келганда ҳам ҳафталаб 10 кунлар баъзан бир ой давомида навбат кутиб ўтиришади. Улар учун шароит чидаб бўлмас даражада - дейди Аъзам Фармонов. – Халқаро Қизил Хоч қўмитаси аъзолари ҳам маҳкумлар билан эркин гаплаша олмадилар. Чунки, муассаса маъмурияти томонидан қилинаётган жиноятлар бунга асло йўл бермайди. Посилка ёки йўқлов бериш тартиби ҳам руҳий босим остида яъни уйдан келган маҳсулотлар қасддан титиб айримлари умуман ўз эгасига берилмайди. Турли баҳоналар билан.

“Демократик тузумга қарши уруш“

Махсус тартибдаги Жаслиқ қамоқхонасида, маҳаллий ҳуқуқбонларга кўра, 500дан зиёд маҳкумлар сақланади.

Маҳкумларнинг аксарини сиёсий ва диний ташкилотларга аъзоликда айбдор деб топилганлар ташкил этади.

Аъзам Фармоновга кўра, қамоқхонада барча ишлар “пухта режа асосида амалга оширилади”.

Муассасада сиёсий маҳкумлар сони жуда кўп. Шу туфайли барча ишларни амалга ошириш пухта режа асосида амалга оширилади. Бу ердаги жиноятлар шу даражада кўпки санаб адоғига етиб бўлмайди,- дейди Аъзам Фармонов - Фирибгарлик, товламачилик, ўғрилик, одам ўлдириш, баданга қасддан шикаст етказиш ва бошқалар…

Ҳуқуқбоннинг ишонишича, Жаслиқ қамоқхонаси маъмурияти “Ўзбекистон қонунларини бузиш ва оёқости қилиш билан бирга Демократик тузумга қарши уруш эълон қилгандек иш тутмоқда”.

Бу ишлар замирида Ўзбекистон Президентини беҳурмат қилиш, Ўзбекистон ҳукуматини халқдан йироқ эканлигини кўрсатиш. Демократик тузумни нотўғри эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир маҳкум ва уни ортида 100 лаб яқинлари бор. Улар бу ердаги адолатсизликдан қандай хулосага келиши мумкин? Юқоридаги ҳолатларни барчаси ким томонидан жорий этиляпти?” – дея савол беради Аъзам Фармонов.

У Жаслиқда ўтказган саккиз ярим йил давомида қамоқхонадаги қонунбузарликлар бўйича мурожаат қила олмаганини ёзади.

Чунки мурожаат ҳуқуқи йўқ. Мурожаат қилганда ҳам, ҳукумат, президент қўлига етиб бормайди,” – дейди Аъзам Фармонов.

Мактуби охирида ҳуқуқбон Ўзбекистон президенти у қайд этган ҳолатларга “бефарқ қарамайди” дея ишонч билдиради.

Ҳукумат ва президент шаънини оёқ ости қилишга уринганлар аёвсиз жазосини олади,” – деб ёзади Аъзам Фармонов.

Мактуби “ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида” сўнгги мурожаати бўлиши мумкинлигини эслатган ҳуқуқбон БМТ бош котибидан уни ўз ҳимояси остига олишни сўраган.

"Коммунистча чидамсизлик"

Аъзам Фармонов қамоққа олингунга қадар фермерлар ва ногиронларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг собиқ раиси, фахрий ҳуқуқбон Толиб Ёқубов Ўзбекистонда жамият фаолларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар ҳамон давом этаётганини айтади.

Унга кўра, расмий Тошкентнинг бу сиёсати ортида, “Коммунистча чидамсизлик ётибди”.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:22 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG