Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Марғилонда масжид таблолари ўчганини рад этган имомга намозхонлар раддия берди


Марғилондаги "Хонақоҳ" жоме масжиди пештоқи, дея Озодликка 25 май куни йўлланган сурат
Марғилондаги "Хонақоҳ" жоме масжиди пештоқи, дея Озодликка 25 май куни йўлланган сурат

Марғилонлик намозхонлар шаҳардаги марказий масжид ва бир неча жоме масжиди пештоқига ўрнатилган электрон таблолар ҳамон ўчиқ тургани, Қуръон ояти ва ҳадислар ўрнига президентнинг ўгитлари илинганини айтмоқда. 22 май куни Фарғона вилояти имом-хатибининг буни инкор қилиб берган раддиясини рад қилган марғилонликлар таҳририятга бу гал сурат ҳам йўллади.

"Таблолар 2 ҳафтадан буён ўчиқ"

25 май куни Марғилондан Озодликка йўлланган янги фотосуратда шаҳарнинг йирик марказий масжид – “Хонақоҳ”нинг пештоқидаги ўчирилган электрон табло акс этган.

Фото муаллифининг ёзишича, шаҳарнинг “Жалоил”, “Жалолхонтўра”, “Қутайба бин Муслим” масжидларида ҳам айни манзара.

Озодликнинг бошқа бир манбаси "Марғилон шаҳрига кираверишида йўл бўйида жойлашган “Оқ масжид”дан 2 ой аввал ўрнатилган яппа-янги электрон табло олиб ташланган"ини билдирди.

Учинчи манбанинг билдиришича: “Ташқаридан кўринишда ҳеч қандай ҳадис, Аллоҳ номи ёзилгани йўқ... Чойхонада ош устида суҳбатлашиб ўтирган отахонлар портретлари ва ҳоказолар осиб қўйилибди.”

Бу манбалар билан суҳбатдан сўнг Озодлик сўрови билан 26 май куни тушдан кейин шаҳардаги бир неча йирик масжидга борган марғилонлик ҳуқуқ фаоли хабарларни тасдиқлади ва "таблолар 2 ҳафтадан буён ўчиқ қолаётганини" айтди.

Озодлик 19 май куни Марғилон шаҳридаги барча масжидларда беш маҳал намоз вақтини кўрсатиб турадиган электрон таблолар вилоят бош имомининг буйруғи билан ўчириб қўйилгани хабар қилганди. Шундан буён аҳвол ўзгаришсиз қолаётганидан норози бўлган намозхонлардан муттасил мурожаатлар келишда давом этмоқда.

Имом-хатибнинг виртуал раддияси

22 май куни Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига қарашли muslim.uz веб сайтида “Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Убайдулла Абдуллаевнинг 19 май куни бу ҳақда берилган хабарларга раддияси эълон қилинган.

Убайдулла Абдуллаев ўз раддиясида бу ҳақда Озодликда берилган хабарларни “асоссиз”, деб баҳолайди:

"Бу иддаоси билан муаллиф асл воқеликни бузиб талқин этиб, фуқароларимиз орасида хато фикр пайдо қилишга ҳаракат қилгани яққол сезилиб турибди. Аслида эса Фарғона вилоятидаги масжидлар ҳолати ва ундаги шароитлар намозхонларни жуда мамнун этмоқда,” – деб ёзади “Хонақоҳ” масжиди имом-хатиби.

Озодлик мухбири 22 май кунги баёноти ва шунингдек, 26 май куни марғилонлик намозхонлардан олинган маълумотларга Убайдулла Абдуллаевнинг муносабатини олишга уринди. Аммо, имом ва у ишлайдиган масжид ходимларидан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Вилоят бош имоми очиқ қолдирган саволлар

Фарғона вилояти бош имом хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев 26 май куни Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда “бу даъволарда умуман асос йўқ,” дер экан, айнан электрон таблолар ўчирилгани ва масжид деворларидан оят ҳамда ҳадис битилган лавҳалар олиб ташланганига оид конкрет саволларни яна очиқ қолдирди.

Микрофонсиз суҳбатда имом-хатиб вилоятда мусулмонларга “барча шароитлар аъло даражада муҳайё этилган”и такрор-такрор таъкидлаш билан чекланди. Айни мулозим 19 май куни ҳам бу борадаги саволларга аниқ жавоб бермаган эди.

Диний идора масалани ўрганади

Ўзбекистон Диний идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансур Марғилон шаҳридаги масжидларга боғлиқ шикоятлар, имом-хатиб раддияси ва унинг раддиясига шаҳарлик мусулмонлар раддиясини ўрганиб чиқишини айтди:

Олдин ниятларини билайлик. Ҳамма масжидларда олинмагандур. Бир-иккита масжидни янгиламоқчи бўлишгандир. Ё жуда ҳаддан ташқари ҳалиги таблоларни илиб ташлашгандур, ўшани сал ихчамроқ қилишгандур,” деган Абдулазиз Мансур масалани ўрганиб, натижасини маълум қилишни ваъда қилди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, Фарғона шаҳри ва атроф ҳудудларда масжидлардан электрон таблолар олиб ташлангани йўқ.

Эргашев сўнгги бир неча кун давомида Фарғона шаҳридаги жоме масжидларни бориб кўргани ва шахсан, ишонч ҳосил қилганини айтди.

"20 йилда Марғилонда 1 ярим минг диндор қамалган"

Аҳолиси 200 мингдан зиёд бўлган Марғилон шаҳрида 24 та жоме масжиди ва иккита намозхона мавжуд.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари олиб борган ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери Марғилон шаҳри ва атроф туманларда бир ярим мингга яқин одам диний айбловлар билан жазога тортилган ва улардан фақат беш фоизга яқини озодликка чиқарилган.

XS
SM
MD
LG