Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Марказий банк раддия берди, лекин банклар сўмни барибир конвертация қилмаяпти


Марказий банк раддиясига қарамасдан, Ўзбекистондаги камида 5та банк конвертация вақтинча тўхтатилган, демоқда
Марказий банк раддиясига қарамасдан, Ўзбекистондаги камида 5та банк конвертация вақтинча тўхтатилган, демоқда

Ўзбекистон Марказий банки жисмоний ва юридик шахслар учун валюта айирбошлаш операциялари тўхтатиб қўйилгани тўғрисида матбуотда пайдо бўлган хабарларга раддия эълон қилди. Марказий банк, хусусан, бу ҳақда хабар қилган “Россия 24” телеканалидан раддияни эълон қилишни талаб ҳам қилди. Валюта операциялари вақтинча тўхтатилглани ҳақида дастлаб Озодлик Алоқабанк валюта бўлими мулозимига таяниб, хабар қилган эди. 26 май куни Озодлик Ўзбекистондаги бир нечта банкнинг валюта бўлимларидан конвертация камида июль ойига қадар тўхтатиб қўйилгани тўғрисидаги жавобни олди. Айни пайтда вилоятларда пул тақчиллиги боис пенсияларнинг кечикиши ҳолатлари кўпаймоқда.

Ўзбекистон Марказий банки 25 май куни эълон қилган навбатдаги баёноти уч кун аввалгисидан кескинроқ оҳанг касб этди.

“Россия Федерацияси оммавий ахборот воситаларида, жумладан “Россия-24” телеканалида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жисмоний ва юридик шахслар учун валюта операцияларини тўхтатиб қўйганлиги ҳақида тарқатаётган хабарлари муносабати билан шуни маълум қиламизки, ушбу хабарлар ўйдирма ва ғирт бўҳтон бўлиб, валюта операцияларига ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган”, дея иддао қилинади баёнотда.

Раддия сифатида Россиянинг тегишли оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши талаб этилган баёнотда яна айтилишича, “Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жорий халқаро операциялар ва у билан боғлиқ хорижий валютани сотиб олиш ёки сотиш операциялари чекловларсиз амалга оширилади”.

Озодлик 20 май куни Ўзбекистон Марказий банки жисмоний ва юридик шахслар учун валютани расмий курс бўйича айирбошлаш операцияларини вақтинча тўхтатиб қўйгани тўғрисида Алоқабанк ходимига таянган ҳолда хабар қилган эди.

22 май куни Марказий банк бу хабарга ишора қилоувчи илк “раддиянамо” баёнотни эълон қилган, лекин валюта айирбошлаш операциялари тўхтатилмагани аниқ баён қилмаган эди.

26 май куни шахси сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган Марказий банк мутасаддиси валюта айирбошлаш муаммоси фақатгина Алоқабанкка доир бўлиши мумкин, дея таъкидлади ва расмий баёнотга қўшимча изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Шу куни Озодлик мухбири Ўзбекистондаги яна бир нечта банкнинг валюта операциялари бўлимлари билан мижоз сифатида боғланишга муваффақ бўлди.

Ипак Йўли банки, Ипотека банки ва Туронбанкнинг валюта операциялари учун мутасадди бўлимларининг барчаси сўмни расмий курс бўйича пластик карточкага нақдсиз кўринишда конвертация қилиш операциялари камида июль ойигача тўхатилганини тасдиқлашди.

Ипак йўли банки ходими конвертация вақтинча тўхтатилгани ва қачон очилишидан хабари йўқлигини билдирди.

“Вақтинчалик тўхтатиб турибмиз. Қачон очилишини айтишмаяпти”, деди Ипак йўли банки ходими.

Чекловнинг сабабини изоҳлай олмаслигини айтган суҳбатдошимиз, Озодликнинг валюта операциялари Марказий банк топшириғи билан тўхтатилганми, деган саволига ҳам жавоб бера олмаслигинини билдирди.

Ипотека банки ва Туронбанк вакиллари бир чоракда бир марта сўмни эркин валютага айирбошлаш операциялари тўхтатилганини талабгорлар кўпайиб кетгани билан изоҳлашди ва чеклов Марказий банк томонидан жорий қилнганми, деган саволни жавобсиз қолдиришди.

Қишлоқ қурилиш банкининг валюта операциялари бўлими ҳам конвертация VISA карталарининг йўқлиги боис июль ойигача амалга оширилмаслиги, лекин фавқулодда ҳолда 600 АҚШ долларигача айирбошлаб беришлари мумкинлигини билдирди.

“Ҳозир VISA карталари йўқлиги боис конвертация қилиб бера олмаймиз. Чунки сўмни долларга конвертация қилиш учун фақатгина бизнинг банкдан берилган VISA картангиз бўлиши керак. Карталар июль ойидан кейин бўлиб қолиши мумкин, ўшанда мурожаат қилишингиз мумкин. Лекин VISA картангиз бўлса ва хорижга даволнгани чиқаётган бўлсангиз, алмаштириб беришимиз мумкин. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тегишли маълумотнома олиб келасиз. Шунда ҳам 600 долларгача алмаштириб берамиз, лекин унинг 100 доллари депозитда қолади, яъни 500 долларини ишлатишингиз мумкин бўлади холос”, дея билдирди Қишлоқ қурилиш банкининг валюта операциялари бўлими вакили.

Валюта операциялари вақтинча тўхтатилгани тўғрисидаги хабарлар Марказий банк Ўзбекистон Бош вазирини мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келганидан огоҳланирган пайтга тўғри келди. Нақд пул тақчиллиги жиддий муаммога айланганини мамлакат бўйлаб нафақахўрларнинг пенсия пуллари кечикитириб берилаётганидан кўриш мумкин.

Озодликка турли вилоятлардан келаётган хабарларга кўра, нафақахўрлар банк ва почта идораларида бир неча кунгача пенсиясини кутаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.

XS
SM
MD
LG