Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:19

Тутзорларни совуқ урганига қарамай¸ ҳукумат пилла режасини сўрамоқда


Фарғона водийси вилоятларида тут дарахтларини совуқ ургани боис ипак қуртига барг топиш муаммо бўлиб қолди. Пиллачилик мутахассисларининг айтишларича, тут дарахтларининг янги чиқараётган барглари ҳисобига бу йилга мўлжалланган ҳосилнинг ярминигина етиштириш мумкин. Бироқ вилоят ҳокимлари режадаги пиллани топширишни талаб қилмоқдалар.

Жорий йилнинг апрель ойи охирида Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ҳавонинг кескин пасайиб кетиши ортидан мевали дарахтлар билан бир қаторда тут дарахтларини ҳам совуқ уриб кетди.

Оқибатда Ўзбекистонда 2015 қишлоқ хўжалик йили учун белгиланган пилла етиштириш режасининг бажарилиши савол остида қолди.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўзини таништирмаган мутахассисига кўра, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан ташқари бошқа ҳудудларда тут дарахтларини 50 фоиздан 100 фоизгача совуқ урган:

Совуқ тутларга жуда катта зарар етказди. Тутларнинг барглайдиган шохларини совуқ урди. Энди тагидан янги барг чиқараяпти. Баргнинг чиқишига қараб жойларда ипак қурти боқиш бошланган. Сурхондарё ва Қашқадарёда яхши, улар пилла ҳосилини йиғиштириб олишга киришган. Лекин водий вилоятларида энди боқилаяпти. Энди яхши бўлади¸ деб ният қилиб турибмиз”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўзини таништирмаган мулозим.

Вазирлик расмийси, айни пайтда ўтган йилдагига нисбатан қанча кам пилла олиш хусусида аниқ рақам айтиб бўлмаслигини билдирди:

Бу йилги режамиз 26 минг тонна пилла олиш. Албатта¸ бунча бўлмайди, лекин бу ёғи ҳавога боғлиқ. Тутлар яхши барглаяпти ҳозир. Агар ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошса¸ тут барглари дағаллашиб қолади ва уни қурт емайди. Ҳозирча хавотиримиз шундан”, деди мутахассис.

Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги исми сир қолишини сўраган деҳқонлардан бирининг айтишича, туман ҳудуди шамол йўлида жойлашганлиги сабаб, тутларни бутунлай совуқ урмаган:

- Бизда тут новдаларининг ярмидан пасти барг чиқарди. Ўша ярим барг билан қуртларни боқиб, кеча бостирдик. Энди пилла теришга тайёргарлик бўлаяпти. Барг кам бўлганлиги учун ўтган йилга нисбатан 60 фоиз кам қурт берилди. Шунга ҳам зўрға барг топиб бердик, деди деҳқон.

Наманган вилояти Норин тумани пилла бошқармаси бошлиғи Манзура Раҳимова, ўзи яшаëтган туманда тут дарахтларининг янги барг чиқаришига қараб ипак қурти тарқатилаëтганини айтади:

- Биз баргларни 100 фоиз совуқ урди¸ деб ҳисобот бергандик. Лекин кунлар исигандан сўнг тутлар яна новдалар тагидан барглай бошлади. Кейин босқичма-боқич ипак қуртини тарқатдик. Ҳозир ўша янги чиқаётган барглар билан боқишаяпти. Айрим жойларда бор, айрим жойларда йўқ. Имкони борича барг топиб кўпроқ боқишга ҳаракат қилаяпмиз, деди Манзура Раҳимова.

Андижон вилояти Марҳамат туманида истиқомат қиладиган кекса боғбон 85 яшар Кўпайсин бобо, бу йил ипак қурти боқишнинг ҳар йилгига нисбатан бир ойга кечикканини таъкидлайди:

- Бу йилги совуқ тутни ҳам урди, ёнғоқни ҳам урди. Мевали дарахтнику қўяверасиз. Ҳозир тутнинг уч томонида барг йўқ, тагидан чиқаяпти. Шунга қараб энди ипак қурти тарқатилаяпти. Менимча¸ бу барг билан қурт боқиб бўлмаса керак, деди Кўпайсин бобо.

Ўзбекистонда ипак қурти боқиш фермерлар зиммасига юклатилган. Бироқ фермерлар ипак қурти боқиш уларга ортиқча заҳмат эканлигини, етиштириб берган пилла пулини йиллардан буён ололмай келаётганини айтадилар.

Бешариқлик деҳқоннинг айтишича, фермерлар одамларга томорқа учун ер бериш ҳисобига одамларга ипак қурти боқтиради:

- Биз ҳеч қачон пилла пулини олганимиз йўқ. Боқиб берганимизга фермер бизга беш литрдан ёғ, бир қоп ун ва томорқа қилиш учун буғдойдан бўшаган майдондан 15-20 сўтих ер беради. Молга хашак экиб оламиз. Кейин одамлар ўтини учун ҳам пилла боқади, деди бешариқлик деҳқон.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ўтган йили республикада 25 минг тонна пилла етиштирилган. Бу йил эса 26 минг тонна пилла етиштириш мўлжалланган.

Вазирликдаги Озодлик манбасининг айтишича, тут дарахтларини совуқ уриб кетганига қарамасдан пилла режаси қайта кўриб чиқилмаган ва вилоятлардан режадаги пиллани қаердан бўлса ҳам топиб, бажариш талаб қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG