Тожик расмийлари Сурияда “Исломий Давлат” сафига қўшилгани айтилаётган юқори лавозимли тожик полициячиси иши бўйича тергов бошлангани ҳақида маълумот тарқатдилар.
Собиқ ОМОН қўмондони Гулмурод Ҳалимов жангари гуруҳ сафига қўшилганини Интернетдаги видео орқали эълон қилганди. Видеода Ҳалимов уч марта АҚШда махсус дастурларда иштирок этганини айтади.
АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Пужа Жунжхунвала CNN билан суҳбатда бу иддаони тасдиқлади.
“2003-2014 йилларда полковник Ҳалимов АҚШ ва Тожикистонда беш марта контртерроризм тайёрлаш курсидан ўтган”, деди Жунжхунвала.
Видеода русча гапирган Ҳалимов тайёрлаш курслари давомида кўрганлари уни ўз ҳомийларига қарши қилганини айтади.
“Эй, Америка чўчқалари, менга қулоқ солинглар: Мен АҚШда уч марта бўлганман. Аскарларни мусулмонларни ўлдириш учун тайёрлашингизни кўрганман”, дейди Ҳалимов.
Сўнгра у: “Шаҳарларингизни топамиз, уйларингизга борамиз ва сизларни ўлдирамиз”, дея таҳдид қилади.
Контртерроризм мутахассислари Ҳалимовнинг русча гапиришига сабаб Ўрта Осиёнинг бошқа мамлакатларидан жангари ёллаш эканини таҳмин қилмоқдалар.
Видеода Ҳалимов яна тахминан 25 метр масофадан снайпер милтиғи билан помидорни отади.
Тожикистон Бош прокуратураси мулозими Манучеҳр Маҳмудзода 29 май куни Ҳалимовнинг фаолиятини кўриб чиқиш учун тергов бошланганини билдирди.
Жунжхунвала CNN билан суҳбатда Ҳалимов ва унинг бўлими аъзолари контртерроризм дастури учун Тожикистон ҳукумати томонидан тавсия қилинганини айтди.
“Тренингдан аввал барча Леҳи текширувлари амалга оширилган”, деди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.
Бу билан Жунжхунвала Ташқи ишлар ҳамда Мудофаа вазирликларига инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳарбий бўлимларга ҳарбий ёрдам беришни ман қилувчи қонунни назарда тутган.
Бу қонун асосий ташаббускор вермонтлик Сенатор Патрик Леҳи номи билан аталади.
Ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.