Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:44

"Маош¸ пенсия ва стипендия беролмай қолган Ўзбекистон ижтимоий бўҳронга тортилмоқда"


Ўзбекистонда сўнгги ойларда маош, пенсия ва стипендиялар ўз вақтида бериламаётгани тўғрисида Озодликка мунтазам шикоятлар келмоқда. Бу шикоятлар Ўзбекистонда нақд пул йўқлиги билан боғлиқ тизимли муаммонинг бугун ижтимоий бўҳрон даражасига етганини кўрсатмоқда.

Фарғона вилояти Боғдод туманидаги 44-сонли мактаб ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда икки ойдан бери ойлик берилмаётганини айтади:

- Майдан олдинги ойда маошни кечроқ оласизлар, сабр қилиб турасизлар деган. Ўшандан бери ойлик йўқ. Банкда пул йўқ, деяпти бухгалтеримиз. Қачонгача сабр қилиш мумкин? дейди фарғоналик муаллим.

Фарғона вилоятидаги бошқа бир ўқитувчи Озодлик билан суҳбатда ойлик берилиши учун ўзларига пенсионерларни ўз пулининг 50 фоизини пластик картада олишга кўндириш талаби қўйилаётганини айтади:

- Ойлик қачон берилади десак¸ пенсионерлардан шунақа тилхат олиб келсасизлар¸ кейин ойликларинг берилади, деб бизга шарт қўймоқда, - дейди боғдодлик ўқитувчи.

Талабалар ҳам ўз стипендиясини ола олмаяпти

Самарқанд Тиббиёт институтининг 4-босқич талабаси Нозима икки ойдан бери стипендиялар кечикаётганини гапиради:

- Бермаяпти. Берар, деб кутдик, натижа бўлмаганидан кейин Озодликка мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Бир ойдан сўнг ўқишни биткизамиз, стипендия нима бўлади¸ десак, банкда пул йўқ, деб жавоб беришади, - дейди самарқандик талаба.

Ойлик маош ва нафақалар ўз вақтида берилмаётгани ҳақида Озодликка Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларидан шикоятли мактублар тўхтовсиз келмоқда.

Катта боғ қишлоғилик қариялар пенсияларини кутишяпти
Катта боғ қишлоғилик қариялар пенсияларини кутишяпти

Хоразмнинг Янгиариқ тумани Каттабоғ қишлоғида яшовчи пенсионер Жумагул опа нафақасини олиш учун ҳар куни туман почтасига қатнайди:

- Пенсия йўқ. Почтага борасиз, ҳали пул келмади, эртага келинг дейди. Ҳар куни шу аҳвол бўляпти, - дейди 72 ёшли пенсионер.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида эса намунали уйлар қурилишида ишлаган ишчиларга тўрт ойлик маоши берилмаяпти:

- 11та котежни қурилишида ишладик. Бу уйларни қурилиши билан шуғулланадиган пудратчи ширкат тўрт ойлик маошимизни чўзиб юрибди. Пул йўқ, пул йўқ. Аслида бу уйлар қурилиши учун ҳокимият пул ажратар экан, лекин бир шу ширкат эмас, ҳокимият ҳам бизни алдади-да. Улар ойликлар берилишини айтишган. Лекин пул йўқ, кутинглар деяпти. Ҳозир кимга арзимизни айтишни билмаяпмиз, - дейди исми сир қолишини истаган сурхондарёлик ишчилардан бири.

Ўзбекистонда ишчиларнинг ойлиги, нафақахўрларнинг пенсияси, талабаларнинг стипендияси берилмаëтгани ҳақидаги бундай шикоятларга муносабат билдирган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмийси микрофонсиз суҳбатда савдо ташкилотларининг тижорат банкларига нақд пулни вақтида топширмаётгани маошлар кечикишига сабаб бўлишини билдирди:

- Банкка нақд пул тушмаса, банк қаердан беради пулни, деб гапни қисқа қилди Марказий банк расмийси.

Маҳаллий кузатувчилар Ўзбекистонда нақд пул йўқлиги билан боғлиқ тизимли муаммо бугун ижтимоий бўхрон даражасига етганини айтишмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари томонидан Бош вазир Шавкат Мирзиёевга 10 апрель куни юборилган мактуб нусхасидан эса ўзбек банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани аëн бўлган эди.

“Хизмат доирасида фойдаланиш учун” деб таснифланган 10-11/41 сонли рақамли бу мактуб Озодликка кейинги йиллар ва ойлар давомида йирик стратегик корхона ишчи-хизматчиларидан тортиб¸ пенсионер ва нафақахўрларга қадар билдираëтган шикоятлардан кўрилган муаммо кўламининг нақадар кенг¸ сабабларининг эса¸ нақадар жиддий эканини тасдиқлайди.

Банкларда нақд пул йўқлиги сабаб Ўзбекистонда одамлар хориждан яқинлари жўнатган пулни ололмаётганликлари ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG