Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:36

Манба: "UzGazOil ўғирланган бензинни сотгани гумон этилмоқда


UzGazOil ширкатида текширувлар давом этмоқда. Ўзбекистонда энг йирик автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғига эга давлатга қарашли ширкатда ўтган ой охирларида уюштирилган рейдлар ортидан UzGazOil иқтисодий фаолияти тафтиш қилинмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкатига кирувчи UzGazOil идораларидаги сейфлардан топилган 2 миллиард сўм нақд пул нима сабабдан кирим қилинмагани ва қай тарзда идора сейфларига тушиб қолгани юзасидан текширувлар кетмоқда, дейди Озодлик манбалари. Текширувга яқин манбанинг иддаосига кўра, кирим қилинмаган нақд пул нефт базаларидан “ўғрилик йўли” билан олиб чиқилган бензин сотувидан тушгани гумон этилмоқда. Шунингдек, ширкат раҳбари мамлакатни тарк этганига доир гап-сўзларни ҳам манбалар рад этмоқда.

UzGazOil ширкатига қарашли мамлакатдаги барча шохобчаларда 29 май куни бошланган рейд натижасида молиявий қонунбузарликлар аниқланган ва АЁҚШлар бир кунга ёпиб қўйилган эди. Унинг эртасига UzGazOil шохобчалари ишини давом эттирган бўлса-да, солиқ инспекцияси ва “Ўзбекнефтгаз” мутахассислари текшируви шу кунгача ҳам давом этмоқда.

Текширувга яқин Озодлик манбасининг иддао қилишича, тафтиш Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари кузатувида олиб борилмоқда.

Нефтебазадан ўғрилик бензин олиб чиқилган

Озодлик манбаси иддаосига кўра, 29 май куни бирданига UzGazOil-нинг бутун мамлакатдаги барча шохобчаларига қилинган рейд пайтида ширкат идораларидаги сейфлардан топилган 2 миллиард сўм нақд пулнинг келиб чиқиши тафтишчиларни қизиқтираётган асосий масаладир. Текширув ўтказаётган гуруҳ кирим қилинмаган нақд пулнинг манбаси нефт базаларидан “ўғрилик йўли” билан олиб чиқилган бензинга боғлиқ бўлиши мумкин, деган гумонларга бормоқда.

“2 миллиарддан ортиқ пул кирим қилинмасдан сейфларда сақлангани сабаби – бу пуллар нефтебазадан ўғирлаб олиб чиқилган бензиндан тушган пуллар бўлган. Масалан, Бухородаги нефтебазадан ҳужжатларда кўрсатилган ҳажмдан кўпроқ бензин юборилади ва UzGazOil шохобчалари ўртасида тарқатилади. Чунки нефтебазаларнинг ўзлари ўғирланган бензинни реализация қила олмайди, шунинг учун UzGazOil билан келишиб олиб, АЁҚшларга тарқатади”, дея иддао қилади Озодлик манбаси.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдингидаги UzGazOil бўйича мутасадди ходимларидан бири шохобчаларда ўғрилик бензин сотилган бўлиши мумкинлигига доир тахминлар мавжуд эканини тасдиқлади. Унинг айтишича, шу сабабдан ҳозирда шохобчалардаги ёқилғи тарқатиш ускуналари қандай ишлатилгани текширилмоқда.

Ускуна ва касса аппаратлари кўрсаткичлари ўзгартирилган

UzGazOil-даги текширувга яқин Озодлик манбасининг иддаосига кўра, ўғрилик бензинни сотиб бериш билан шуғулланган маълум шохобчалар бўлган. Бу шохобчларда ўрнатилган ёқилғи тарқатиш ускуналари ҳамда касса аппаратларидаги кўрсаткичларни ўзгартириб қўйиш имкони бор, дейди у. Озодлик манбаси бу шохобчаларнинг номини санаб ўтди, лекин бу иддаоларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг иложи бўлмгани боис, уларни очиқламаймиз.

“Бу шохобчаларда ўғирланган бензин ҳужжатлаштирилган бензин билан биргаликда реализация қилинади. Касса апаратлари ҳам чек уриб беради. Лекин куннинг охирида касса аппаратларидаги кўрсаткичлар ортга қайтариб бураб қўйилади. Бу шохобчаларда ёқилғи тарқатиш ускуналари ҳам ортга бураб, ҳисобга тўғрилаб қўйилади. Куннинг охирида ҳужжатлаштирилган бензиннинг пулини инкассаторлар олиб кетади. Ўғрилик бензин пуллари эса сейфларда қолади. Ҳозирги замонавий ускуналарнинг ҳаммасида ҳам кўрсаткични ўзгартириб бўлмайди, лекин мен санаб ўтган шохобчаларда Германиядан келтирилган “Horizon” русумидаги ускуналар ўрнатилган. Ана шу ускуналарда кўрсаткичларни ўзгартириш йўлини топиб олишган булар”, дея иддао қилади манба.

UzGazOil-га яқин бошқа бир манба ширкат сейфларидан топилган 2 миллиард сўм нақд пул фирма ходимларининг шахсий пули бўлганини иддао қилди. Гўёки бу пулларни ширкат ходимлари хавфсизлик нуқтаи назаридан сейфларда сақлашган, лекин рейд пайтида нақд пулнинг келиб чиқишини изоҳлаб бера олмаган.

Лекин тафтишчиларга яқин манба бу иддаолар “куракда турмайди”, дея таъкидлади.

“Ўйлаб кўринг, икки миллиард нақд пулни ходимлар идорадаги сейфларда сақлашадими? Бу биринчидан. Иккинчидан, шунча пул нечта ходимга қарашли бўлиши мумкин? Нима улар “ҳаммамиз пулимизни ишхонадаги сейфга қўямиз”, деб келишиб олганми? Улар ўғрилик бензин пулини кундалик равишда бир жойга тўплашган, лекин ўша куни рейд бирданига ўтказилгани учун пулни яширишга улгурмаган. Ёқилғи тарқатиш ускуналари ва кассалар кўрсатикчларини ҳам ўзгартира олмаган”, дейди Озодлик манбаси.

UzGazOil шохобчаларини тафтишчилар босиши ортидан ширкатнинг бош директори Ботир Тўраев мамлакатни тарк этгани тўғрисида гап-сўзлар тарқаган эди. Озодлик манбаси бу иддаоларни рад этади.

“Йўқ, Ботир Тўраев ҳеч қаерга қочгани йўқ. У ҳозир ҳар куни ишга келмоқда. Рейддан кейин ҳеч ким ишдан ҳам олингани йўқ. Шохобчалар ҳам оддий режимда ишлаяпти”, дейди суҳбатдошимиз.

UzGazOil 2010 йилгача Зеромакс ширкатига қарашли бўлган. Зеромакс конгломерати 2010 йилда синдирилиши ортидан UzGazOil давлатга қарашли “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинги таркибига киритилади ва ширкат раҳбарияти ўзгартирилади. Лекин 2012 йилда ширкат бош директори лавозимига аввал Зеромакс ширкатида фаолият юритган Ботир Тўраев тайинланган.

Озодликнинг “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинги ва UzGazOil-даги манбалари иддаосига кўра, ширкат давлат тасарруфига ўтгандан кейин унга МХХнинг собиқ генерали Ҳаёт Шарифхўжаев ва унинг укаси МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаевлар ҳомийлик қилиб келган. UzGazOil устидан текширувларнинг бошланиши МХХнинг нуфузли зобитлари, ака-ука Шарифхўжаевларнинг ишдан ҳайдалиб, устиларидан жиноят иши очилган пайтга тўғри келгани ҳам бежиз эмас, дейди манбалар.

UzGazOil ширкатига ҳомийлик қилгани иддао этилаётган МХХ генерали Ҳаëт Шарифҳўжаев май ойида ишдан олинган, унинг укаси Жавдат Шарифхжаев давлат мулкини ўзлаштирганликда ва коррупцияда айбдор, деб топилиб, ўтган йилдан бери Бекободдаги қамоқхонада жазо ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG