Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:50

Маҳалла оқсоқоллари ИШИДга қарши тренингдан ўтказилмоқда


Ўзбекистонда маҳалла оқсоқоллари, посбонлари ва фаоллари узоқ муддатга чет элга кетаётган фуқароларни ёт оқимлар, хусусан, "Исломий давлат" таъсиридан сақлаш учун тренингдан ўтказилмоқда. Жумладан, ўтган ҳафта "Ғоямиз-ҳимоямиз!" номи остида тренингдан ўтказилган тошкентлик оқсоқолларга сертификат тақдим қилинди. Сертификати бор фаоллар тарғибот учун маҳаллаларга йўлланмоқда.

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва шаҳар, вилоят, туман ҳокимликлари томонидан уюштирилаётган тренинглар ҳозирча алоҳида ҳудудларда ўтказилмоқда.

Жумладан, 29 июндан 4 июлгача Тошкент шаҳридаги маҳалла фаолларига "Ғоямиз — ҳимоямиз!" номи остида тренинг ўтказилди ва унда фаоллар исломий экстремизмга қарши курашиш бўйича дарс олдилар.

"ИШИД га қарши курашиш тўғрисида тренингдан ўтдик. Шу вақтгача ўқиганларимизнинг чаласи қолган экан, билмай юрган эканмиз", деди ҳазиломуз оҳангда тренингда иштирок этган тошкентлик маҳалла оқсоқоли мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Бир ҳафталик машғулотлар давомида оқсоқолларга, асосан, чет элга қисқа ва узоқ муддатларга бориб келаётган аҳоли билан ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

"Маҳалла" жамғармаси Тошкент вилояти бўлимларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимига кўра, тренингга аҳоли билан бевосита ишлаётган оқсоқоллар, маҳалла посбонлари ва фаоллари жалб қилинмоқда:

"Улар ҳар бир маҳаллада ким четга чиқади, ким келади, ким қандай ўзгаришлар билан келади - ҳаммасини билади. Ҳозир ҳукуматимиз шу маҳалла фаолларига исломий экстремизмга қарши кураш бўйича қўлланмалар ўқитяпти. Кейин улар жойларда аҳоли билан ишлашда бу қўлланмаларни амалиётга жорий қиляпти. Ҳозир бундай тарғибот ишлари кучайтирилган", деди жамғарма ходими микрофонсиз суҳбатда.

Жумладан, ўтган ҳафтадаги тренингда қатнашган тошкентлик фаолларга пойтахтдаги "Чинобод" санаторийсида сертификатлар топширилди. Сертификати бор фаоллар эса ўз маҳалласида ёки қўшни маҳаллаларда учрашувлар ўтказиб, ўрганганларини ҳамкасбларига ўргатиши кўзда тутилган.

Маҳалла оқсоқолларига берилаётган қўлланма ва тавсиялар матни ҳозирча Озодликда йўқ.

Аммо, Самарқанд вилоятида май ойида ўтказилган ана шундай машғулотларни уюштиришда иштирок этган мулозимлардан бири бу қўлланмалар мазмуни билан қисқача таништирди:

"Ҳозирги экстремистик гуруҳлар қандай, масалан ИШИД ҳақида маълумотлар бор. Кейин унга аҳолимиз қандай қўшилиб қолиши мумкин, уларни (қўшилганларни - таҳр.) қандай аниқлаш мумкин ёки қандай қайтариш мумкин, аёллар билан ишлаш, эркаклар билан ишлаш, яъни уларга шу масалаларни тушунтириш - шунақа нарсалар-да энди. Тошкентдан бир-иккита одам келиб, ўқитиб кетди", деди исмини ошкор қилмаётганимиз самарқандлик мулозим.

Фарғона шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг фаоли эса вилоятлардаги оқсоқоллар ҳам Тошкентга бир ҳафталик ўқишга чақирилаётганини айтди.

- Мен шахсан борганим йўқ. Лекин, шаҳардаги бир-иккита маҳаллалардан оқсоқоллар чақирилган, деб йиғилишда айтишганда эшитдим. Энди, асосан, узоқ муддатга чет элга кетаётган фуқаролар билан ишлаш бўйича ўқитишар экан. Ўтган ойда ҳам мажлислар бўлиб ўтиб кетди. "Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш" деган мавзуда бўлди, ИШИД ҳақида гаплар бўлди. Яъни, ИШИДга кириб қолмаслик, рўйхатда турганлар билан ишлаш мавзуида кўрсатмалар берилди, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз маҳалла фаоли.

Ўзбекистонда фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари сифатида ташкил қилинган жами 9 минг 804 та йиғин бор. Булардан 8 минг 163 таси маҳалла фуқаролар йиғинидир.

Расмий маълумотларга кўра, кейинги йилларда аҳолини исломий экстремизм, миссионерлик каби ғоялардан ҳимоялаш ва айни пайтда, аҳоли орасида шундай қарашга эга, деб кўрилган қатламларни тугатишга қаратилган тадбирлар мунтазам равишда ўтказилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Анвар Аҳмедовнинг 2015 йил I-чорак якуни тўғрисидаги маърузасида бу борада шундай маълумот берилган:

"... Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият тарғибот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда маҳаллаларда барқарор диний ва маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш мақсадида аҳоли ўртасида диний экстремизм, миссионерлик ҳамда ақидапарастликнинг турли кўринишларига барҳам беришга қаратилган 3 мингдан ортиқ давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ташкил этилди. Мазкур тадбирларга 210 мингга яқин аҳоли, шундан 126 мингдан ортиқ ёшлар жалб этилди".

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинларининг оқсоқоллари ва посбонлари турли йўналишлардаги тарғибот-ташвиқот кампаниялари, коммунал тўловларни йиғиш, оммавий ҳашар ёки тадбирларга аҳолини жалб қилиш, таълим муассасаларидаги болалар, ўсмирлар ва талабаларни назорат қилиш, айниқса, кейинги 2 йил ичида хорижга чиқаётган фуқароларни рўйхатга олиш, кузатиш, назорат қилиш ва бундай маълумотларни ИИВ, МХХ бўлимларига тақдим қилишда ҳокимият органларининг ўнг қўлига айлангани кузатилди.

XS
SM
MD
LG