Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Самарқандлик шифокорлар фестиваль арафасида кўча тозалашга мажбурланмоқда


Регистон майдонида фестивалга тайёргарлик
Регистон майдонида фестивалга тайёргарлик

Самарқандда "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бир ҳафта қоларкан шаҳардаги шифохона ва поликлиникалар ходимлари кўча тозалаш ишларига мажбурланмоқда.

Ҳар икки йилда бир марта Самарқанднинг Регистон майдонида ўтказиладиган нуфузли мусиқа фестивали 25-30 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Самарқандлик манбаларнинг Озодликка маълум қилишларича, 18 августда ўнлаб тиббиёт ходими шаҳарнинг марказий Навоий шоҳкўчаси ва Регистон майдонига тозалаш ишларига жалб этилди.

Шаҳар тери таносил касалликлари диспансери ходимасига кўра, диспансернинг ўнлаб ходимлари эрталабдан Регистон майдонига чиқарилган.

Самарқанд тиббиёт бирлашмаси шифокори эса бирлашма ҳамшира ва фаррошлари Навоий шоҳ кўчасини ободонлаштириш ишларига сафарбар этилганини айтди.

"Латта кўтарган дўхтирлар"

Айни пайтда бутун Самарқанд шаҳри бўйлаб кўчаларни тозалаш, йўллар ва чироқларни таъмирлаш ишлари авжига чиққан.

Хиёбонлар ва бекатларга “Шарқ тароналари” рамзи акс этган баннерлар жойлаштирилган, фавворалар таъмирланмоқда.

"Дўхтирлар латта кўтариб Регистонни ювишга юборилмоқда, - дейди Озодлик билан суҳбатлашган шифокорлардан бири. – Самарқанд тиббиёт бирлашмаси шифокорлари фестивал пайтида махсус навбатчиликда туришади."

Фестивалнинг очилиш маросимида иштирок этадиган шаҳарнинг коллеж ва лицей ўқувчилари эса ҳатто репитицияларга тинтувдан ўтказилиб, кейин қўйилаётганини айтади.

Регистон майдони сайëҳлар учун 11дан 15гача очиқ.

Майдонга қўл телефонларини олиб кириш тақиқланган.

3D форматидаги шоу

"Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали Ўзбекистон Маданият ва спорт ва Ташқи ишлар вазирликлари, Миллий телерадиокомпания, "Ўзбекнаво" эстрада уюшмаси, давлат бастакорлар уюшмаси ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги кўмагида ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.

Ташкилотчиларга кўра, бу йилги фестиваль олдидан Регистондаги санъаткорлар саҳнаси 25 фоизга кенгайтирилди.

Регистонни ёритиш тизими эса замонавий технологиялар асосида бутунлай янгидан яратилмоқда.

"Германиянинг Adhoc компанияси ва “Тошшаҳарнур” корхонаси мутахассислари томонидан асосий юмушлар бажарилиб, замонавий ёритиш воситалари ўрнатилмоқда. Мазкур янги тизим асосидаги ёритиш жараёни ва ранглар шоуси иккита катта мониторда 3D форматда намойиш этилади," дея таъкидланади фестиваль веб саҳифасида.

Меъморлар хавотири

Самарқанднинг ноёб тарихий обидалари марказида мусиқа фестивали ўтказилаётгани санъатшунослар тарафидан танқид остига олиниб келинади.

Маҳаллий меъморлардан бирига кўра, Регистон майдонидаги уч муаззам мадрасада кучли частотадаги шовқин натижасида нураш, дарз кетиш, захланиш ҳолатлари кузатиляпти.

"Тарих бўйи гупиллаб келиб турган кўҳна масканда қўшиқ тинглаб, рақс томошалашга нима етсин! Лекин... Регистонда ҳар икки йилда ўтадиган гиждабаданг базму томоша тарихий обидаларга салбий таъсир этаётгани негадир ҳеч кимнинг хаёлига келмайди," деб айтди самарқандлик меъморлардан бири.

"Энг катта фестиваль"

"Шарқ тароналари" 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир ўтказилади.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, фестивал Ўзбек маданияти ва тарихини дунёга ёйишда муҳим тадбир ҳисобланади ва йил сайин дунёда машҳур бўлиб бормоқда.

ЎзА ахборот агентлиги хабар қилишича, 1997 йилдаги илк фестивалда 31 мамлакатдан мусиқачилар қатнашганлар.

Бу йил эса Самарқандга 60 мамлакатдан кўпроқ санъаткорлар ташриф буюриши кутилмоқда.

"Шарқ тароналари" ЮНЕСКО томонидан шарқнинг энг катта мусиқа фестивали сифатида тан олинган.

XS
SM
MD
LG