Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Ўзбекистон қора бозорида доллар нархи кескин кўтарилди


Ўзбекистон қора бозорларида 1 АҚШ долларининг нархи 4 650 сўмдан ошиб кетган. Тошкентнинг "Чорсу" бозоридаги саррофлардан бирининг Озодликка айтишича, бугун доллар 4650-4700 сўмдан сотилмоқда.

Ҳафта бошида 1 АҚШ долларининг қора бозордаги қиймати 4500 сўмдан паст эди.

- Олиш ҳозир 4650, сотиш 4700 сўм бўляпти, - дейди "Чорсу" бозоридаги саррофлардан бири.

Ўзбекистонда доллар қийматининг кескин кўтарилиши Қозоғистон тангаси ва Россия рублининг қулаши ортидан кузатилмоқда.

Саррофлар ҳам Ўзбекистонда доллар курси ошишини рубль ва танга қадрининг кескин тушиб кетгани билан боғлашмоқда.

Жорий ҳафта ўрталарида Қозоғистон ҳукумати миллий валютасини эркин бозор ихтиёрига ташлаши ортидан қозоқ тангаси қарийб 30 фоизга арзонлади.

Мутахассислар фикрича, постсовет мамлакатларнинг икки гиганти - Россия ва Қозоғистон иқтсодининг чўкиши қўшни давлатлар иқтисодларида ўз аксини кўрсатмоқда.

- Россия рубли икки бараварга қадрсизланди. Қозоғистон тангасининг қиймати бир кунда 30 фоизга арзонлади. Бунинг акси ўз-ўзидан минтақадаги бошқа давлатлар иқтисодида кўриниши табиий, Тожикистон ва Қирғизистон қатори Ўзбекистон миллий валюталарининг ҳам қадрсизланишига олиб келади бу, - дейди Қозоғистондаги Евросиё университети доценти, асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев.

Таҳлилчилар, жумладан Жубаев ҳам Россия ва Қозоғистондаги иқтисодий вазият ўнгланмаса, Ўзбекистон қора бозорида доллар нархи кўтарилишда давом этаверишини башорат қилмоқда.

Россиядаги иқтисодий инқироз сабаб кейинги пайтларда Ўзбекистонга пул ўтказмалари кескин камайди. Россия Марказий банкига кўра, сўнгги бир йил ичида Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш 50 фоизга қисқарган. Бу эса Ўзбекистонда сўмнинг қадрсизланаётганига яна бир сабабдир.

Мутахассислар фикрича, Россиядан меҳнат муҳожирлари юбораётган маблағлар ўзбек сўмини барбод бўлишдан асраб қолаётган асосий омиллардан бўлиб келган.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистон иқтисодининг камида 12 фоизи Россиядан келадиган пул ўтказмаларига боғлиқ.

Айни пайтда Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий курси ўзгаришсиз қолмоқда. Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курс бўйича шу кунда 1 АҚШ доллари 2 минг 590 сўм 38 тийинни ташкил этмоқда.

XS
SM
MD
LG