Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:07

Россиялик фаоллар муҳожир болаларнинг мактабга олинишига оид тўсиқларга қарши курашмоқда


Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти куни кеча Россия Олий Судидан олган тушунтириш хатида мамлакат ўқув юртларига болани қабул қилмасликка муассасада жой етишмаслиги ягона сабаб бўлиши мумкинлиги айтилди. Ташкилот фаолларига кўра, бу хатга мувофиқ эндиликда кўплаб ўрта мактаблар раҳбарлари меҳнат муҳожирлари фарзандларига қайдга туриш талабини қўйишга ҳаққи йўқ.

“Фуқаровий кўмак” Россия минтақаларида мигрантлар болаларининг мактабга қатнаши масаласи узил-кесил ҳал этилаётганига қарамасдан, Москва ва унинг атрофида бунга қаттиқ қаршилик кўрсатаётган мактаб раҳбарлари билан кураш давом этаётганини билдирмоқда.

“Амалдорлар муҳожир болаларидан ҳужжат талаб қилишга ҳаққи йўқ!”

Чоршанба, 16 сентябрь куни Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти фаоллари уюштирган матбуот анжуманида Россия Олий судининг мигрантлар фарзандларининг мактабларга жойлашиши масаласида жўнатган қарорини эълон қилди.

Аввалига Олий суд Россия Таълим ва фан вазирлигининг 2014 йил 22 январида қабул қилган 32-сонли буйруғини ноқонуний деб топишдан воз кечди. Ҳуқуқ ҳимоячилари айнан шу қарорга мувофиқ барча мактаб директорлари муҳожирлар ва умуман хориж фуқаролари фарзандларини ўрта мактабга қабул қилишдан олдин улардан регистрация ва қонуний яшаётганини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қила бошлаганини эслатди.

Бироқ, Олий суд ҳаками Иваненконинг ташкилот номига юборган хатида мансабдор шахслар болалардан бу ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмаслиги аниқ-тиниқ тушунтирилган:

“Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар (яшаш жойи бўйича қайдга туриш варақаси, ота-онасининг Россияда легал яшаб келаётганини тасдиқловчи ҳужжатлар,- таҳр.) боланинг ота-онаси номидан ёзилган шахсий аризага илова қилиниши қўшимча маъно касб этади, <…> аммо ўқув муассасасида бўш жойлар бўлган тақдирда болани қабул қилмасликка асос бўла олмайди”.

Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Озодлик билан суҳбатда Олий суднинг бу қарорига қарамасдан, муҳожирлар мактаблар раҳбариятидан олаётган рад жавоблари муттасил кўриниш олганини гапирди.

- Аслида биз бунга қарши биринчи маротаба курашаётганимиз йўқ. 1996 йилда Москвада биринчи бўлиб бу ғоя яратилди. Ҳозир ҳам Москва хорижликлар фарзандларини мактабга олмасликда илғор. Бошқа кўплаб шаҳарларда вазият бироз дуруст. Ўшанда Москва мэри қарорига қарши бизнинг талабларимиз шаҳар, кейин Олий судда қондирилди. 2012 йилга келиб Таълим ва фан вазирлиги федерал миқёсда янги 107-чи қарор чиқариб ўтирибди. Ана шундан кейин мигрантлар болаларини мактабларга олмасдан қўйишди! Лекин бизнинг босимимиз остида “аввал ўзимизнинг болалар, кейин четдан келганлар олиниши” қарор қилинганди. Мана 1,5 йил олдин бизнинг бошимизга янги бало – 32-сонли қарор тушди! Унда регистрацияси йўқ болаларни мактабларга олмаслик аниқ белгиланди,- дея вазият ривожини тушунтиради Светлана Ганнушкина.

Ҳуқуқ фаоли Россия Конституциясида болаларнинг мактабда ўқиши учун қайдга туриш ёки ҳатто легал ҳолат тўғрисида лом-мим дейилмаганига ҳам ишора қилди.

“Фуқаровий кўмак” мактаб директорларига ҳам ёрдам кўрсатади

Ташкилотнинг муҳожирлар масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова бугунги кунга келиб 64 нафар хориж фуқароси, асосан меҳнат муҳожирлари ва қочқинлар оилаларидан, бу масалада шикоят келиб тушганини айтди.

У шу шикоятлардан иккитаси асосида улар Олий судга мурожаат қилганини гапиради:

Рус мактабига тикланган Умар ва Нусратуллоҳ А.Денисова билан бирга
Рус мактабига тикланган Умар ва Нусратуллоҳ А.Денисова билан бирга

- Олий судга биз икки нафар арзчимиз номидан мурожаат қилдик – бири қизи номидан суриялик қочқин аёл ва иккинчиси Тверь шаҳридан Ўзбекистон фуқаросидан. Иккалови Россияда қонунан яшаб келади, аммо болалари мактабга қабул қилинмаганди. Улар мисолида биз 32-қарорнинг амалда ишлашини кўрсатмоқчи эдик, уни бекор қилиниши кераклиги, Конституцияга зид эканини тушунтиришга уриндик. Ахир давлатнинг болачаларни ўқитиш мажбурияти ҳар қандай қоғозчадан устун бўлиши шарт! - дейди охир-оқибат Олий суд Таълим вазирлиги тарафини олганини айтган Анастасия.

Шунга қарамасдан, ҳуқуқ фаоллари Олий суднинг ягона шу тушунтириш хати вазиятни ижобий ҳал этилишига олиб келишини таъкидламоқда.

Матбуот анжуманига келган суриялик Муҳаммад Бабели бу қарор асосида ва “Фуқаровий кўмак” ёрдамида у ўз фарзандларини регистрациясиз мактабга жойлашишига эришгани, аммо у ерда болаларининг эмлангани тўғрисида маълумотномаларни олиб келишни талаб қилишганини сўзлаб берди. “Ахир ҳамма ҳужжатларим Ҳалабда уйим билан бирга ёниб кетган бўлса”, дея куйинди қочқин.

Афғонистонлик Хоруншоҳ Довудшоҳ тўққиз нафар фарзанднинг отаси. У бирортасини ҳам Москвада мактабга жойлаштира олмаганини йиғилганларга маълум қилди.

- Биз 2012 йилдан буён яшаймиз. Мана ўтган 3,5 йил давомида болаларим мактабга бормайди. Тўққизтадан олтитаси мактаб ёшида ва биз “Фуқаровий кўмак” ташкилоти билан бирга уларни ўқишга жойлаштиряпмиз. Мактаб директорлари эса битта гап гапиради: сиз ва болаларингиз қайдга турмаган,- дейди Россияда қочқинлик мақомида эканини гапирган Хоруншоҳ.

“Фуқаровий кўмак” фаоллари қўмита ҳозирга келиб нафақат оғир вазиятда қолган мигрантлар, балки ФМС ва прокуратура босими остида қолган мактаб директорларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишини билдирмоқда.

Суҳбат сўнггида, Светлана Ганнушкина “болалар бизники ва бегона бўлмайди”, деди.

- Мактаб ташқарисида қолаётган болалар энг қимматли вақти, билим олиш ва онги ўсиши керак бўлган давр – ёшлигини йўқотмоқда. У Россияни ҳурмат қилиб турган вақтда бундан фойдаланиш керак! Ахир дунёда Россияни яхши кўрувчилар ҳам саноқли қолди, деди “Фуқаровий кўмак” раисаси Светлана Ганнушкина.

Бундан олдинроқ Россиянинг Тверь шаҳридаги мактаблардан бирида ўзбек муҳожири фарзандлари, Умар ва Нусратуллоҳ, “мактаб маъмурияти олиб борган мониторинг натижасида Россияда ноқонуний яшаб келаётгани туфайли” ўқувчилар сафидан чиқариб юборилгани тўғрисида хабар берилган.

Мактабдан ҳайдалган болаларнинг отаси Нурбек Қурбонов маҳаллий ФМС идораси қаршилиги туфайли оиласи шу аҳволга тушганини Озодликка гапириб берганди.

XS
SM
MD
LG