Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:20

Россия олтин ўғирлаганликда гумонланган шахсни Ўзбекистонга топширди


Қўлбола олтин ювиш ускунаси
Қўлбола олтин ювиш ускунаси

Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Қорақўтон конидан таркибида бир миллион долларлик олтин бўлган рудани ўғирлаганликда айбланганидан сўнг Россияга қочиб кетган Ўзбекистон фуқароси Жавлонбек Исматов расмий Тошкент сўровига биноан қўлга олиниб¸ мамлакатга экстрадиция қилинди.

Бу ҳақда Москва вилояти прокуратураси матбуот хизмати вакили Марина Каурова Озодликка билдирди.

Каурованинг таъкидича¸ Жавлонбек Исматов 2015 йилнинг март ойида Москва вилояти Одинцово туманида қўлга олинган.

Исматов Россия федерацияси Бош прокуратурасида экстрадицион текширувдан ўтгач¸ жорий ойда Ўзбекистонга топширилган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг айтишича¸ Жавлонбек Исматов 2012 йилдан 2014 йилгача Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Қорақўтон” конидан олтин ўғирлайдиганлар жиноий гуруҳига раҳбарлик қилган:

- Исматов ҳозир айбланувчи сифатида Тошкентда терговчилар саволларига жавоб бермоқда. У алоҳида қўриқланадиган Қорақўтон конидан 3 миллиард сўм (тахминан бир миллион АҚШ доллари) атрофида таркибида олтин моддаси бўлган рудани мунтазам ўғирлаш тизимини ташкил қилганликда айбланмоқда. Исматов Навоий вилоятида қўлбола ускуналар ëрдамида рудадан олтин ажратиш цехларини ташкил қилган¸ деб хабар берди Озодлик манбаси.

Манбанинг айтишича¸ ўтган йили Жавлонбек Исматов ташкил қилган “жиноий гуруҳ”нинг бир неча аъзоси қўлга олиниб жиноий жавобгарликка тортилган:

- Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида истиқомат қилувчи Мансур Рўзиев, Қаҳрамон Раҳмонов, Нодиржон Аллаяров ҳамда ака-ука Элёр ва Наврўз Ўтановлар Қорақўтон конидаги олтин маъданли тошларни ўғирлаётганда қўлга олиниб¸ маҳкама ҳукми билан жазога тортилган эди. Ҳозир улар ўз ташкилотчилари ҳақида кўрсатма беришмоқда¸ дейди Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Қорақўтондаги олтин васвасаси

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги тоғ зонасида жойлашган Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Қорақўтан олтин қазиб олиш бўлимида ноқонуний тарзда бир неча гуруҳ ишлаëтгани ҳақида ўтганда Озодлик бир неча бор маълумот берган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ кон яқинида Зиёвуддин деган шаҳарча¸ Черёмушка деган посёлка ва Қарноқ ота деган қишлоқ бор.

Ана шу шаҳарча ва қишлоқлардаги уйларда изнсиз ишлаëтган махсус "тегирмонлар"да руда майдаланиб, ун ҳолатига келтирилади. Кейин уни махсус кислоталар орқали тозалаб олтин зарралари ажратиб олинади.

Қорақўтон конидаги вазиятдан хабардор бўлган Озодлик манбасининг айтишича¸ бу гуруҳлар маҳаллий раҳбарлар ҳомийлиги остида ўзлари ишчи ёллаб олтин қаздиришда давом этмоқда:

- Қорақўтон олтин кони режимли зона ҳисобланади. Давлатнинг алоҳида назоратида. Шу боис кимдир ҳомийлик қилмаса¸ у ерда олтин қазиб бўлмайди. Масалан¸ менинг билишимча¸ давлат мулозимлари акахонлик қилаëтган иккита гуруҳга оид ёлланма ишчилар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди. Буни бировга таянмасдан амалга ошириш қийин. Агар кимдир қўлга олинган бўлса¸ демак буни рақобатчи гуруҳнинг акахони амалга оширган¸ дейди манба.

Суҳбатдошга кўра¸ бу гуруҳлар олтин қазишнинг ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади. Ер остидаги конни шамоллатиш учун ҳар жой, ҳар жойда туннеллар қазилган ва олтин изловчилар ана шу туннеллардан белига арқон боғлаб 60 метр пастга тушади; чўкич ва белкурак ёрдамида рудани қазиб, юқорига олиб чиқишади¸ дейди Қорақўтон конидаги вазиятдан хабардор бўлган манба.

Ноқонуний қазувларда техника хавфсизлигига риоя қилинмагани учун Қорақўтонда ўлим ҳоллари тез-тез юз беради.

Хусусан¸ ўтган йили Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи Қувончбек Жумаев беш нафар шериги билан конга ўғриликка кириб¸ руда кавлаб олаётганларида, устларига тоғ жинслари қулаб тушган эди.

Оқибатда, Жумаев ва унинг уч нафар шериги жароҳатланган, икки нафар шериги эса тош остида қолиб нобуд бўлган эди.

XS
SM
MD
LG