Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Қирғизистонда яна эшак гўшти муаммоси жамоатчиликни ташвишга солмоқда


Ўшдаги эшак фермаси.
Ўшдаги эшак фермаси.

Ўшда хитойлик тадбиркорлар томонидан эшак фермасининг ташкил этилиши маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик пайдо қилди. Фуқаролар эшак гўшти пойтахт Бишкекда бўлгани каби Ўшда ҳам мол гўшти сифатида тақдим этилиб, аҳолига сотилиши мумкинлигидан қаттиқ ташвишда.

Ўшда хитойлик тадбиркорлар томонидан эшак фермасининг ташкил этилиши маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик пайдо қилди. Фуқаролар эшак гўшти пойтахт Бишкекда бўлгани каби Ўшда ҳам мол гўшти сифатида тақдим этилиб, аҳолига сотилиши мумкинлигидан қаттиқ ташвишда.

Бир неча кун аввал ўшликлардан бири шаҳрининг Манас ота мавзесидаги фермаларнинг бирида юздан ортиқ эшак боқилаётганини кўриб, уларни суратга олади ва ижтимоий тармоқларда эълон қилади.

Шундан сўнг ўшликлар орасида “Эшак Ўшда сўйиладими?” деган ҳавотирлар пайдо бўла бошлади.

- Бишкекда бўлган воқеани ўзинглар ҳам биласизлар. Биз эшакларнинг Ўшда йиғилаётганидан ташвишдамиз. Эрталабда, кечаси эшакларнинг овозлари эштилади. Мусулмон бўлганимиз учун эшак гўштини билмасдан еб олишдан қўрқамиз,- дейди манас ота мавзесида яшовчи Гулнура Сабиржанова.

Ўшда эшакларни боқаётган хитойлик тадбиркорлар маҳаллий аҳолининг ташвишлари асоссизлигини айтмоқда. Уларга кўра, эшаклар Ўшда сўйилмайди, санитар текширувдан ўтказилгач, тириклайин чет давлатга олиб кетилади.

Қирғиз-Хитой “Момбуланд Трейд” масъулияти чекланган жамияти вакили Сун Го Ценга кўра, барча ишлар қонун доирасида амалга оширилади:

- Бунинг барчаси қонуний бизнес. Биз Хитойнинг Шандун шаҳри ва Қирғизистон ҳокимияти ўртасида тузилган махсус шартномага мувофиқ иш олиб борамиз. Мен қатъий тарзда айтаман, биронта ҳам эшак Ўшда сўйилмади, сўйилмайди ва уларнинг гўшти бу ерда сотилмайди. Барчаси Хитойга кетади. Хитойда эшак гўштидан турли маҳсулотлар ва дори-дармон тайёрланади,- дейди Сун Го Цен.

У тақдим этган ҳужжатларга мувофиқ, “Монбуланд Тренд” ширкати Қирғизистон ҳукуматига қарашли Ветеринар-фитосанитария хавфсизлиги бўйича давлат инспекциясидан шу йилнинг 4 сентябрь куни Ўшда эшакларни парваришлаш учун рухсат олган. Хитойликларга от ва эшакларни Хитойга олиб кетишга рухсат берилган.

Бу маълумот аҳоли орасида тарқалиб, турли ҳавотирлар айтилгач, хитойлик тадбиркорлар Ўш милицияси томонидан текширилган.

- Ҳудуд ва эшак сақланган ерлар текширилди. Эшакларнинг барчаси тирик. 132 эшак бор экан. Бирон жойда ҳам сўйилган эшак топмадик, - дейди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиков.

2015 йил бошларида пойтахт Бишкек яқинидаги қишлоқларнинг бирида эшак сўйилувчи қассобхона аниқланган эди. У ерда сўйилган эшак гўштлари пойтах ошхона ва кафелари ҳамда гўшт бозорларига тарқатилаётгани тўғрисида маълумот тарқалган.

Шу ўринда айтиш лозимки, Бишкекда эшак гўшти билан боғлиқ муаммо жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилинаётган пайтда Ўш вилоятининг тоғли ҳудудларидаги қишлоқлардан бирида маҳаллий аҳоли эшак сутини оғир касалликлардан тузатадиган малҳам сифатида тарғиб қила бошлади. Бу ҳақда Қирғизистон телеканалларида хатто махсус кўрсатувлар ҳам тайёрланди.

XS
SM
MD
LG