Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:58

Ўзбек имомлари Уралда ИШИДга қарши маъруза ўқимоқда


Ўзбек имомлари Свердловск вилоятида ИШИДга қарши маъруза ўқимоқда
Ўзбек имомлари Свердловск вилоятида ИШИДга қарши маъруза ўқимоқда

Ўзбекистонлик бир гуруҳ дин вакиллари Свердловск вилоятида меҳнат қилаётган муҳожирлар ва маҳаллий мусулмонлар олдида диний масалаларда маъруза ўқиш учун таклиф этилди. Тадбир ташкилотчилари 5 кунлик сафари давомида ўзбекистонлик имомлар диний-экстремистик ғояларнинг айниқса муҳожир ёшлар орасида тарқалишига қарши профилактика ишлари доирасида ваъз ўқишини гапирмоқда.

Жорий йилнинг 1 октябрида Свердловск вилояти Мусулмонлар диний бошқармаси таклифи билан ИШИД ва унинг тарғибот-ташвиқотчилик фаолиятига қарши маъруза ўқиш учун Екатеринбург шаҳрига тўрт нафар ўзбекистонлик имом ташриф буюрди.

Муфтий Абдул-Қуддус (Николай)Ашарин ўзбек имомлари 2 октябрдан 7 октябрга қадар Свердловск вилоятидаги турли масжидларда ваъз ўқишини билдирди. Сведловск бош муфтийси айнан ўзбек имомларини таклиф қилиш ғояси пайдо бўлгани сабабларини ҳам тушунтириб берди:

- Биласизми, бир куни, – 1,5 ойлар олдин, -қўлимга рус тилидаги ўзбекистонлик дин пешволари томонидан ёзилган “Смута ИГИЛ” (“ИШИД фитнаси”) китоби тушиб қолди. Ўни ўқиб, мен қойил қолдим, чунки унда Қуръони Каримга таяниб ИШИДнинг дарҳақиқат фитна эканига исбот-далиллар келтирилган. Ахир, Россия Мусулмонлар бошқармаси уламолари ҳам бу ташкилотнинг ноқонуний ва жиноий эканини тан олди. Мен ўзим ҳам муайян вақт Ўзбекистонда яшаб

Муфтий А.Ашарин ўзбек имомларини аэропортда кутиб олмоқда
Муфтий А.Ашарин ўзбек имомларини аэропортда кутиб олмоқда

келганман, шу сабабли ўзбек уламолари фикрлари бизларники билан якдил эканига ишонч ҳосил қилиб, уларни Сведловск ўлкасига бу мавзуда ваъз ўқишга таклиф қилдик. Мен Ўзбекистон Бош муфтийси номига хат юбордим ва тез орада жавоб олдим. Уларни кеча, 1 октябрь куни аэропортда ўзим шахсан кутиб олдим ва бугундан улар аллақачон диндорларимиз орасида маъруза қилмоқдалар, деди Абдул-Қуддус ҳазрат.

Воизларнинг чиқишлари Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси ва Свердловск вилояти Мусулмонлар диний бошқармаси келишуви асосида ташкиллаштирилгани маълум қилинди.

Екатеринбург бош муфтийси ўзбек имомларининг вилоятнинг тўртта масжидидаги чиқишлари аллақачон жуда катта қизиқиш уйғотди ва минглаб бу ерда меҳнат қилаётган диндорлар эътиборини ўзига қаратди, дейди.

Муфтий Ашарин ўзбек дин вакиллари чиқишлари маҳаллий мусулмонлар ва мигрантлар томонидан умуман олгандан ижобий баҳоланган бўлсада, уларга қарши кескин радикал фикрларни билдирган муҳожирлар ҳам чиқиш қилганини маълум қилди. “Ахир, айнан шу битта-иккита одамни деб қолган мусулмонлар жабр кўрмоқда, ҳамма қора рангга бўялиб қолмоқда”, дейди бош муфтий.

Унинг айтишича, Ўзбекистондан келган имомлар рус ва ўзбек тилида маъруза ўқимоқда:

- Шу кунларга режа тузиб чиқдик, 8- куни улар ортга қайтиб кетади. Бу кунларда биз вилоятимиз масжидларига қатнаймиз. Иккита имом Екатеринбург шаҳрида, яна иккитаси вилоятда: бири Березовск шаҳрида ва яна биттаси Юқори Пишма шаҳри масжидига боради. Уларни қизиқиш билан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан келган муҳожирлар ҳам тингламоқда, мен ўзим биринчи қаторда ўтириб уларнинг ваъзларига қизиқдим. Имомлар ўта билимли экан! Улар Иброҳим Имомов - Бекободнинг Шоҳ-Зайниддин масжиди, Одилхон ҳазрат - Шайҳонтоҳур масжиди, Баҳром ҳазрат – Олмазорнинг Дўстжонбой масжиди, Жасурбек ҳазрат эса Чилонзорнинг Носирхон масжидидан келган. Имом Иброҳим ҳазрат бемалол икки тилда гапирди, ҳатто Пушкиндан мисралар келтирди. Уларнинг чиқишини бир оғиз билан тушинтирсам: кимдир катта пул топаяпти, кимдир эса сохта ғояларга учиб “лаққа гўштга” айланмоқда. Бунинг ҳаммаси билимсизликдан! - деди Абдул-Қуддус Ашарин.

Ўзбек имомлари маҳаллий дин пешволари билан террорчилик ва экстремистик ғояларга қарши курашишда ўз малакалари билан ўртоқлашиши ҳам айтилди. 3 октябрь куни ўзбек имомлари Нижний Тагил шаҳридаги мусулмонлар жамоаси билан ҳам учрашув ўтказиши режалаштирилди.

Эслатиш жойизки, Россия ФСБси мамлакатнинг турли минтақаларида ИШИД томонидан ёлланаётган йигит-қизлар сони кўпайиб бораётганидан хавотир билдириб, бу йўналишда ўз фаоллигини кучайтиргани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG