Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:31

Амир Темур мақбарасининг ишғолчи генерал ўғирлаган қисми Россияда намойиш қилинади


Россиянинг Свердловск вилояти ўлкашунослик музейида Амир Темур мақбарасидан 1868 йили синдириб олингани аниқланган нақшин мармар парча тақдимотига ҳозирлик кўрилмоқда.

Свердловск ўлкашунослик музейидаги бу тақдимотни амалга ошираëтган тарихчи Владимир Быкодоровнинг Озодликка айтишича¸ 100 йил мобайнида музей фондида кўздан панада турган бу осори атиқа 23 октябрь куни илк маротоба намойишга қўйилади:

- Амир Темур мақбарасини ўраб турган нақшинкор мармар тўсиннинг бу парчаси музейимиз хазинасида мавжудлигини яқинда аниқладик. Етти мингдан зиëд экспонатлар қайта текширилганида¸ Амир Темур сағанасининг мармар бўлаги чиқди. Текшириб қадимийлигини аниқладик. Топилдиқнинг муҳимлиги - унинг ноëблигида. Биздаги сағана тўсиғи бўлаги оригинал. Самарқанддагиси эса қалбаки. 1950 йилда ясаб қўйилган замонавий панжара¸ холос¸ дейди Свердловск ўлкашунослик музейининг махсус лойиҳалар бўлими бошлиғи тарихчи Владимир Быкодоров.

Замонавий Ўзбекистонда маънавий падар сифатида улуғланадиган Амир Темур мақбарасидаги тўсиқ қалбакими¸ деган саволни Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Тарих институти ва Тошкентдаги Темурийлар музейи мутахассисларига бердик.

Исми айтилишини истамаган мутахассислар кейинги 30 йил мобайнида Амир Темур даҳмасида илмий изланишлар олиб борилмаганини қайд этиш билан кифояланишди. Уларга кўра¸ Самарқанд халқаро туризм йўналишига киритилган 1960 йилда мавзолей реставрация қилинган ва мақбара атрофидаги тўсиқнинг қалбаки экани ҳақиқатга жуда яқин.

Амир Темур мақбараси билан боғлиқ бу вазиятга ўзбекистонлиик мустақил тарихчи Шуҳрат Барлос ойдинлик киритди:

- Сағана атрофидаги мармар тўсиқнинг Чор ишғоли пайтида талон-торож қилингани тўғри. Лекин сағананинг ўзи турибди. Уч ярим тонналик бу сағана Мўғулистондан олиб келинган нефрит қора тошидан ясалган. Яқинда бориб кўрдим. Ҳеч бир фрагменти синдириб олинмаган. 1740 йилда Эрон шоҳи Нодиршоҳ бу нефрит тошни олиб кетган¸ лекин тош йўлда тушиб синган пайтида уни қайтариб олиб келиб қўйган. Лекин сағанани ўраб турган гирих нақшли мармар тўсин руслар Самарқандни ишғол қилганда вайрон бўлган. Ҳозирги тўсиннинг тарихий қиймати йўқ¸ дейди тарихчи.

Свердловск музейи мулозими Владимир Быкодоров Озодлик билан суҳбатда Амир Темур сағанасини ўраб турган мармар тўсин бўлаги қандай қилиб Россияга келиб қолганлигини гапириб берди:

Самарқандни ишғол қилган Чор генерали Александр Баранов.
Самарқандни ишғол қилган Чор генерали Александр Баранов.

-1868 йилда саркарда Скобелев бошчилигидаги рус қўшинлари Туркистон ишғолини бошлайди. Ўша пайтда генерал Баранов бошқарган батальон Самарқандга киради. Генерал-лейтенант рутбасидаги Александр Баранов тарихга қизиққани боис¸ сағанани ўраб турган нақшин тўсиннинг бир парчасини синдириб¸ ҳарбий трофей сифатида ўзи билан олиб кетади. Бу артефакт ҳақидаги илк маълумот 1887 йил чоп қилинган "Урало-Сибирская торгово-промышленная выставка" каталогидан ўрин олган. Бу осори-атиқа 100 йил мобайнида кўздан панада турди. Энди мана кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинади¸ дейди суҳбатдош.

Музей ходимига кўра¸ бу экспонат ҳақида Ўзбекистон Тарих институтига хабар берилган¸ аммо ўзбек тарихчиларидан жавоб келмаган.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон Фанлар академияси мулозими “Росияга олиб кетилган осори-атиқалар ҳақида гапирмаслик талаби” борлигини айтди:

- Бизга бу ҳақда сукут сақлаш вожиблигини катталар тушунтирган. Билсангиз¸ 1992 йили икки давлат (Россия ва Ўзбекистон) ўртасида имзоланган шартномада тарихий обидалар қайтарилмаслиги кафолатланган. Биз Эрон музейида сақланаëтган Амир Темур қиличи ҳақида гапира оламиз¸ лекин Россия музейларида сақланаëтгтан тарихимизга оид осори-атиқалардан баҳс қила олмаймиз¸ дейди суҳбатдош.

Туркистоннинг бу кунги тупроқлари 1715–1897 йиллар орасида Россия томонидан бирин-кетин ишғол этилган.

Бу ишғол мобайнида қадимий қўлëзма китоблар ваа бошқа нодир ашëлар Россияга ташиб кетилган.

Хусусан¸ Усмон мусҳаби дея танилган Қуръони карим қўлëзмаси¸ Бухоро ва Хива хонинининг фил суягидан ишлов берилган олтин тахти ҳарбий ўлжа сифатида империя пойтахтига олиб кетилган эди.

Бу талончилик совет даврида ҳам давом этди. Большевиклар Бухоронинг 12 та дарвозасидаги олтин халқалар ва Хива миноралари қуббаларнинг олтин ҳилолларини мусодара қилишган.

XS
SM
MD
LG