Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:58

Абдуллоҳ: “Оиламдан 7 кишининг Сурияга кетишига мен сабабчи бўлдим"


"Исломий давлат" гуруҳи жанггарилари.
"Исломий давлат" гуруҳи жанггарилари.

Террор ташкилот аъзоси сифатида гумонланиб Ўш вилояти Қорасув шаҳрида қўлга олинган 48 ёшли Абдуллоҳ исмли шахс ўз қариндошларидан иборат етти кишини Сурияга юборганини тан олгани қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан расман билдирилди.

Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуллоҳ сўнгги икки йил мобайнида халқаро террор ташкилотлари билан алоқада бўлган. Ўндан ортиқ одамни Сурия, Афғонистон ва Покистондаги жанг майдонларига юборган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати рухсати билан Озодликнинг қирғиз хизмати мухбирлари у билан учрашган:

- 25 йилдан бери дин йўлида юраман. Аввал даъватга чиқиб, соқол қўйганман. Ўша пайтларда мени ҳеч ким бу йўлдан қайтармаган. Милиция билан ишим бўлмаган. Уч йил аввал менга унчалик таниш бўлмаган оқимларга қизиқиб қолдим. Аввал Сурияга жиҳодга боришга даъват қилиб юрдим. Ҳозир менинг биринчи хотиним, икки ўғлим, укам ва ўгай қизим турмуш ўртоғи билан Сурияда юрибди. Уларнинг кетишига сабабчи бўлганимни тан оламан. Бунинг учун ҳеч кимдан ҳақ олмаганман. Фақат Оллоҳ олдидаги вазифамни бажардим, деб ўйлаганман, - дейди Абдуллоҳ.

Мухбирнинг суҳбатдоши ўз фаолияти давомида оиласидан бошқа ҳеч кимни сурияга юбормаганини, фақат одам ёллаш билан шуғуланганини айтган. Абдуллоҳга кўра, одам ёллаш ва Сурияга юбориш алоҳида-алоҳида тушунчалардир:

-Агар “одам юбориш”, десангиз барча жавобгарлик менинг зиммамда бўлиб қолади. Масалан, мен сизни ёлламоқчиман. Ёлланиш ёки ёлланмасликни, Сурияга бориш ёки бормасликни ўзингиз ҳал қиласиз. Мен сизни жўнатмайман, фақат ёллайман, -деди Абдуллоҳ.

Абдуллоҳ “25 йил дин йўлида юрганман”, дегани билан диний билим олмаган. Ўзига керакли бўлган маълумотларни интернетдан ўқиб ўрганганини айтади. Унга кўра, у маҳаллий диндорларни “мусулмончиликдан фойда излашади”, деб ёқтирмаган.

Ўш вилояти қозиси Самидин Атабаев халқ орасида Абдуллоҳга ўхшаганлар кўп эканини айтди:

- Қирғиз халқида “Сувни сингган ерга сеп”, деган гап бор. Бизни айтганларимизни қабул қилмай, бизни ёмон кўрувчилар ҳам бор. Шунга қарамай қўлдан келишича халққа динни тўғри етказишга ҳаракат қилаяпмиз, - дейди Самидин Атабаев.

Бундан аввал Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Ўрўзбек Молдалиев террорчи ташкилотлар ғояси билан курашиш зарурлиги, бу ишларни куч тизимлари ходимлари эмас дин вакиллари олиб бориши кераклигини айтганди.

Шунга қарамай, Миллий хавфсизлик хизматининг Ўш бошқармаси йил бошидан буён “Хавфсиз маҳалла”, деб номланган лойиҳа доирасида олдини олиш, тушунтириш ишларини бошлаган. Бошқарманинг ўз исмини очиқлашни истамаган вакили мазкур ишлар ўз фойдасини бераётганини айтди:

- Лойиҳа доирасида мобил гуруҳлар тузилди. Унга участка милицияси, ҳудудий кенгаш аъзолари, кўча қўмиталари, қишлоқ раҳбарлари ва имомлар аъзо бўлган. Улар жой-жойларда олдини олиш, тушунтириш ишларини олиб боришади. Бундан ташқари қишлоқдан бошқа ерларга кетган одамлар тўғрисида маълумот беришади, - дейди Миллий хавфсизлик хизмати ходими.

Миллий хавфсизлик хизмати Ўш бошқармаси маълумотига асосан, сўнгги икки йилда беш террорчи ташкилот аъзолари қўлга олинган. Уларнинг барчаси чет давлатларда махсус тайёргарликдан ўтиб қайтган. Қўлга олинган шахсларга алоқадорликда гумонланган, молиявий ва қурол топишда кўмаклашган 80 одам қўлга олинган. Уларга нисбатан 75та жиноят иши қўзғатилиб, элликдан ортиғига суд ҳукми чиқарилган.

XS
SM
MD
LG