Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

GuliGate: VimpelCom можароси ортидан Telenor собиқ раҳбари билан алоқаларни узди


Ширкатнинг собиқ бош директор Йон Фредерик Баксаас
Ширкатнинг собиқ бош директор Йон Фредерик Баксаас

Норвегиядаги Telenor Group телекоммуникация корпорацияси VimpelCom ширкати Ўзбекистон президентининг қизига пора бергани иддаолари билан боғлиқ можаролари ортидан ширкатда маслаҳатчи мақомида қолаётган собиқ бош директор Йон Фредерик Баксаас билан алоқаларни бутулай узди. Telenor 33 фоизига эгалик қиладиган VimpelCom устидан тергов давом этмоқда.

Telenor Group билан алоқаларини буткул узаётган собиқ бош директор Йон Фредерик Баксаас 2015 йил учун тегишли мукофотни олмасликка ҳам рози бўлди:

"VimpelCom фаолияти устидан давом этаётган терговларда аниқланган сўнгги маълумотлардан сўнг менинг бу ширкатда маслаҳатчи бўлиб қолишим мушкуллашди. Мен бутун мавқеимни Telenor ширкати учун бағишлаганман ва бугунги вазият ширкат учун жуда афсусланарли, мураккаб ҳамда ачинарлидир, деб ҳисоблайман", дея баён қилди Баксаас 9 ноябрь куни.

Шунингдек, у АҚШ ва Европа терговчилари текширувида бўлган ширкатнинг ҳозирги раҳбариятида муаммони ижобий ҳал қилиш имкони бор, деб билишини ҳам қайд этди:

"Ҳозир Telenor раҳбарияти ва директорлар кенгашида бу муаммони самарали ҳал қилиш учун имконият борлиги жуда муҳимдир ва умид қиламанки, менинг қарорим зарур натижага эришиш йўлида хизмат қилади", деди норвегиялик журналистлар олдида қилган чиқишида Баксаас.

Айни пайтда Европа давлатлари ва АҚШ тергов идоралари нафақат Telenor, балки Ўзбекистонда фаолият юритган TeliaSonera ва МТС ширкатлари ҳам йиллар давомида мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаолар устидан тергов олиб бормоқда.

Коррупцион жанжал 30 октябрь куни Telenor бошқарув кенгаши раиси Свейн Оссернинг истеъфога чиқарилишига сабаб бўлди. Йон Фредерик Баксаас шу йилнинг август ойида Telenor бош директори лавозимидан кетган, лекин ширкатда маслаҳатчи мақомида қолаётган эди.

9 ноябрь куни матбуотга интервью берган Telenor корпорацияси муваққат директори Фрэнк Дангирд коррупция можароси учун масъулият VimpelCom шўъбаси зиммасида дея ишорат бериб ўтди:

"Ҳозир VimpelCom ширкатининг фаолияти тергов қилинмоқда ва Telenor бу терговда гувоҳ сифатида ҳамкорлик қиляпти. VimpelCom ширкатининг иддао қилинган коррупцион амалларидан Telenor раҳбариятининг хабари бўлганмиди ёки йўқми, деган саволлар кўтарилмоқда", деди Фрэнк Дангирд.

Айни пайтда у "ширкат директорлар кенгаши билан Баксаас ўртасида ўзаро келишувга эришилганидан мамнунлигини" ҳам билдирди.

Telenor ширкатининг Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора берганликда гумон этилаётган VimpelCom компаниясида 33 фоизлик улуши бор.

Коррупцион жанжал ўтган ҳафта VimpelCom собиқ бош директори Жо Лундернинг Осло аэропортида ҳибсга олинишига сабаб бўлди.

Ўтган ҳафтада VimpelCom (Beeline савдо белгиси) ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ равишда ўтказилиши мумкин бўлган суд жараёнлари учун 900 миллион доллар маблағни заҳирада ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Ширкат расмий сайтида айтилишича, бундай қарор АҚШ Адлия департаменти ва Голландия прокурорлари томонидан олиб борилаётган терговнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилинган.

Бундан аввалроқ Тelenor Group телекоммуникация ширкати VimpelComнинг Ўзбекистон мобиль бозорига кириш учун пора берганига оид айбловларни мустақил тергов қилиш учун адвокатлик ширкатини ёллаганини билдирган эди.

2 ноябрь куни Норвегия Телерадикорпорациясига интервью берган Telenor Group телекоммуникация ширкати бош менежери Сигве Брекке Vimpelcomнинг Ўзбекистондаги фаолияти мустақил равишда тергов қилинишини айтган:

"Telenor ширкатига бўлган ишончга шубҳа тушиши мени қайғуга солмоқда. Шу боис, бирор ҳужжат ёки ҳаракат текширувдан четда қолмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчиман. Telenor ширкати 2005 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистонда бўлган VimpelCom ишини қандай юритганини аниқ билмоқчиман", деди Норвегиялик журналистлар билан суҳбатда Брекке.

54 фоизи Норвегия ҳукуматига тегишли телеком ширкати Ўзбекистонда фаолият юритувчи Beeline мобил операторининг эгаси VimpelCom компаниясидаги 33 фоизлик улушини сотишини ҳам билдирган. Бу улушлар сотувга қўйилдими ёки йўқми - ҳозирча номаълум қолмоқда.

VimpelСom 220 миллиондан ортиқ мижозга хизмат қилувчи дунёдаги еттинчи йирик телеком ширкати ҳисобланади. Унинг асосий ҳиссадорлари россиялик миллиардер Михаил Фридманга тегишли "Альфа групп" ҳамда Норвегиянинг Telenor компанияларидир.

Telenor ширкати Vimpelcomдаги 33 фоизлик улуш учун 15 миллиард Норвегия кронаси (тахминан 1,8 миллиард АҚШ доллари) тўлаган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу улушнинг бугунги бозор нархи 20 миллиард норвег кронасига (тахминан 2,4 миллиард АҚШ доллари) тенгдир.

VimpelСom Ўзбекистон бозорига 2005 йилда кириб келган.

XS
SM
MD
LG