Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:52

Бешариқда пенсия, бола нафақаси ва ойликлар кечикмоқда


Пенсия учун навбат. Наманган вилояти.
Пенсия учун навбат. Наманган вилояти.

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида аҳолига пенсия ва болалар нафақаси бериш бир неча ойга кечикяпти. Озодлик манбаларининг айтишича, ҳатто ишчиларнинг пластик карточкаларига ҳам пул тушмаяпти. Фақат маош ва пенсия билан кун кўрувчи аҳолининг аҳволи оғирлашаётгани айтилмоқда.

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида пенсия ва болалар нафақа пулларининг кечикаётгани тўғрисида бешариқлик пенсионерлардан бири Озодликка хабар берди:

“Фарғона вилоятида пенсия ва болалар нафақаси билан таъминлаш оғир бўлиб қолди. Айниқса Бешариқ туманида аҳвол жуда ёмон. Бугун биринчи декабрь бўлишига қарамасдан ўтган ойдаги пенсия ва нафақалар ҳали ҳам пластикка тушгани йўқ. Бунинг устига яқинларимиз хориждан пул юборса уни ҳам беришмаяпти. Ахир бу қанақа аҳвол? Биз нимага тирикчилик қилайлик?”, деб ёзади пенсионер.

Исми сир қолишини сўраган Бешариқдаги тўқимачилик корхонаси ишчиларидан бирининг айтишича, уларнинг ойлик маошлари ҳам уч ойдан буён берилмаяпти:

“-Ҳа, бу жуда тўғри гап. Нафақат пенсия ва нафақалар, балки ишчиларнинг ойлик маошлари ҳам икки-уч ойга кечикиб кетяпти. Пул йўқ деб ойликларни бермаяпти. Пенсионерларнинг пенсиялари пластикка ўтқазилган бўлса ҳам пул тушмаяпти. Декабрь бошланган бўлсада, лекин ҳали ноябрнинг пенсияларини беришмади. Арз қилиб прокурорга борсак у ҳам тан олмаяпти”, - деди ишчилардан бири.

Бешариқлик маҳалла фаолларидан бири Одилжоннинг айтишича, ойлик ва пенсияга қараб қолган одамларнинг аҳволи анча оғирлашган:

“Энди топган топяпти ҳам. Лекин куни фақат ойликка, пенсияга ва нафақага қараб қолган одамларга қийин бўляпти. Пластикка ойлик ёки пенсия тушган тақдирда ҳам уни нақд қилиш учун 15-20 фоизидан кечишга тўғри келяпти. Бунинг устига ҳатто Бешариқ марказида ҳам газ йўқ, қишлоқларнику қўйиб турайлик. Ҳокимиятдагиларнинг эса аҳоли билан иши бўлмаяпти”, деди маҳалла фаоли.

Бешариқ тумани ҳокимлигидан бу ҳолатларга муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молияланадиган ташкилот ва корхоналарда иш ҳақининг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда. Мустақил иқтисодчилар бу ҳолатни мамлакат иқтисодида жиддий қийинчиликлар, хусусан нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳламоқда.

Жорий йилнинг апрель ойида Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботда мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боисбанкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG