Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:52

Қотиллик эвазига тўй, 3500 долларлик чақалоқ ва милицияни сўккан хонанда тавбаси


Қашқадарёлик аёл чақалоғини 3500 долларга сотаётганда ушланди. “Тез ёрдам”га қўнғироқларнинг 5 фоизи – ёлғон. Милицияни сўккан хонанда қилмишига тавба қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Қотил она-болани ўлдириш эвазига қўлга киритган пулига тўй қилди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида она ва болани чавақлаб, уйдаги мол-мулкни ўғирлаб кетган жиноятчи номи аниқланди (“Даракчи”, 10 декабрь). Жиноят 2014 йил 26 сенятбрда содир этилган. Асли Андижон вилоятида туғилган, Янгийўлда тирикчилик қилиб юрган Шоҳруҳ Абдураҳмонов уйланиш учун жиноят йўли билан пул топишга аҳд қилган ва қўшниси Жалолиддин Тўйчиевнинг уйига ўғирликка тушган. Ж.Тўйчиев уй олиш учун пул йиғаётгани жиноятчига аввалдан маълум бўлган. Ш. Абдураҳмонов пулни ўмаришдан аввал уй бекаси Нигора Тўйчиева ҳамда унинг қизчаси Зилолани чавақлаб ўлдирган. Ўғирланган пулни эса дабдабали тўйга сарфлаган. Жиноят фош этилиб, она ва бола ҳаётига зомин бўлган йигит 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қашқадарёлик аёл чақалоғини 3500 долларга сотаётганда ушланди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида чақалоғини 3500 долларга сотаётган она қўлга олинди (“Ҳуқуқ оламида”, 10 декабрь). Суриштирув жараёнида исми ошкор этилмаган аёл Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшагани аниқланган. Енгил ҳаётга ўрганган аёл никоҳсиз фарзанд орттириб, уни Китоб туманидаги уйида дунёга келтирган. Сўнг туман тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникаси педиатрига 180 минг сўм, бўлим мудирига 100 доллар пора бериб, туғилганлик ҳақида сохта маълумотнома қилдирган. Аёл Тошкентда фарзандини пуллаётганда ҳуқуқ идоралари вакиллари томонидан ушланган.

Тошкентда “тез ёрдам”га бўлаётган қўнғироқларнинг 5 фоизи – ёлғон чақирув

Тошкентда тез ёрдам хизматига мурожаатларнинг 5 фоизини ёлғон чақирувлар ташкил этади. Бу ҳақда Тошкент “Тез тиббий ёрдам” станцияси бош шифокори ўринбосари Эльвира Ерманова маҳаллий матбуотга маълум қилган. Қайд этилишича, аввал ёлғон чақирувлар жуда кўп эди. Рақамни аниқловчи телефонлар ўрнатилгач, ёлғон чақирувга ҳавасмандлар камайди. Тиббиёт ходимлари чақирилган жойга бекордан-бекорга бориб келса, бу ҳақда ички ишлар ходимларига хабар берилади. Қоидабузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексниг 199-моддасига биноан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан уч баробаригача жарима солинади.

“Ўзтрансгаз” ҳамда Урганч магистрал газ қувурлари бошқармаси мансабдорлари газни талон-тарож қилган

“Ўзтрансгаз” компанияси, Урганч магистрал газ қувурлари бошқармаси, “Ҳазораспавтогаз” ҳамда “Автогазтаъминот” фирмалари мансабдорлари табиий газни талон-тарож қилгани аниқланди. “Бозор ва истеъмолчи” газетаси жорий йил 23-сонида ёзишича, “Хазоразпавтогазтаъминот” жамияти раҳбари Р. Тўхтаев 78 миллион сўмлик газни талон-тарож қилган. Р. Тўхтаев тегишли жазога тортилгани маълум қилинган. Жиноий ишнинг бошқа иштирокчиларига доир тафсилотлар ошкор этилмаган.

Милицияни сўккан хонанда қилмишига тавба қилди

Қамоқдан чиққан хонанда Абдулла Қурбонов илк бор матбуотга интервью берди. Бир неча йил аввал ички ишлар ходимларини сўкиб, “порахўр” деб атагани акс этган видеоролик тарқаши ортидан хонанда озодликдан маҳрум этилган эди. “Даракчи” нашри саволларига жавоб қайтарган Абдулла Қурбонов осойишталик посбонларини ноўрин гап-сўзлар билан хафа қилганидан таассуф билдирган. “Кечани кеча, кундузни кундуз демай, бизнинг хавфсизлигимиз учун ҳушёр туришибди... Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Жазони ўташ муассасасида ўтган уч йил давомида ўзимдан ўтгани фақат ўзимга аён”, деган хонанда. Абдулла Қурбонов энди қатиқни ҳам пуфлаб ичаётганини айтган.

Сирдарёда бемор ўқитувчининг иш ҳақи коммунал тўловларга ушлаб қолинди

Сирдарё вилояти Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси М. Каримованинг маоши коммунал тўловларга мажбурий ушлаб қолинди (“Адолат кўзгуси”, 10 декабрь). 22 йилдан бери ўқитувчилик қилаётган М. Каримова қўли ва елка суяги синиб, икки ярим ой давомида даволанган. Коллеж маъмурияти эса ўқитувчига касаллик варақаси бўйича тўланадиган пулдан электр энергияси ва газ тўлови учун мажбурий ушлаб қолган. Ушбу ҳолатга муносабат билдирган Сирдарё вилояти Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси раҳбари Б. Акбаров ходимнинг розилигисиз унинг иш ҳақидан коммунал тўловларга ушлаб қолиш қонунга зид эканини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG