Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Халқ банки тўланмаган нафақа пулларини ўз ходимларидан ундирмоқчи


Халқ банкининг Фарғона вилоят бошқармаси.
Халқ банкининг Фарғона вилоят бошқармаси.

Халқ банки Фарғона вилоят, Қўштепа тумани филиалининг 9 ходими битган ва нусхаси Озодликка келиб тушган аризада улар ишлаётган муассасада “ўтказилаётган текширувларга ойдинлик киритилиб, масаланинг адолатли ҳал этилишига”умид билдирилган.

Халқ банки Қўштепа филиали масъул ходими Озодлик саволига жавобан ариза ёзган ходимлар ишдан бўшатилганини, улар устидан суд жараёни давом этаётганини билдирди.

Озодликка 3 февраль куни етиб келган шикоят хати анча олдин ёзилганга ўхшайди, чунки шикоятчилар хатда ишдан бўшатилганлари, устларидан судлов бораётгани тўғрисида ёзмаган.

Шикоят мазмуни

Афтидан мамлакатдаги юқори ташкилотларга адолат қилишларини сўраб ёзилган аризани имзолаган 9 киши асосий мақсадини хат бошида мана бундай изҳор қилган:

“Текширув давомида аниқланаётган 2014-йил ноябрь, декабрь ойларидаги фуқароларга тўланмаган нафақа пулларини бизнинг зиммамизга далилсиз ва асоссиз юклатилаётганлиги нохақ эканлиги, бу камомад, 2012-йилдан 2014-йил мобайнида келиб чиққанлигини тушинтириш мақсадида қуйидагиларни маълум қиламиз”.

Банк ходимларининг аризаси катта ва унинг мазмунини банклар фаолиятидан йироқ бўлган одам тушуниши қийин.

Шундай бўлсада, шикоят хатидан яна бир парчани бироз қисқартириб келтирамиз:

“Камомаднинг келиб чиқиш сабаблари Молия бўлими томонидан молиялашган нафақа тўловлари тўлиқ равишда тарқатиш ҳисоб рақамига олинмасдан <…> омбор камомади, яъни, 10102-ҳисоб рақамдаги кассада мавжуд бўлмаган суммани қоплаш учун бизнинг иштирокимизсиз нақд пул ҳисобида (нақд пул шаклида чиқим қилишга рухсат бўлмасада) чиқим қилиб юборилиб, касса хужжатлари сохталаштирилган ва бизлар банк кассасидан ҳеч қандай нақд пул олмаганмиз. Нафақа пулларини нақд пул шаклида тарқатмаганмиз. Натижада ойлар давомида нафақа пулларини тарқатиш кечиктирилишига ва қарздорлик кўпайишига сабаб бўлган”.

Қўштепалик аризачиларнинг хатида ўзбек прокурорлари катта қизиқиш билан ўрганишлари лозим бўлган гаплар кўп – унда банк соҳасидаги коррупция устидаги парданинг бир чети кўтарилган. Сиз тингловчи учун эса, мана бу гап қизиқ бўлиши мумкин:

Шикоят сатрлари орасига яширинган муҳим гап:

“Республика ДТ Халқ банки бошқаруви томонидан 2014-йил июль ойида банк шахобчалари беркитилиб, барча нафақа пуллари 100 % онлайн пластик картасига ўтказилсин деб буйруқ чиққан ва вилоят, туманларга ҳам ушбу буйруқ келган...”

Аризачилар аллақачон ишдан бўшатилган

Озодлик мухбири Давлат тижорат Халқ банки Фарғона вилоят, Қўштепа тумани филиали Кредитлаш бўлимининг исм-фамилиясини айтишни истамаган мутахассисига аризани имзолаган 9 ходимнинг фамилияларини бирма-бир ўқиб берди.

Мутахассис аризачиларнинг барчасини таниди ва улар “ишдан бўшатилган”ини хабар қилди.

“Улар ишдан бўшатилган, устларидан жиноят иши қўзғатилган, суд жараёни кетаяпти”, деди банк ходими.

- 2014 йил ноябрь-декабрь ойларида фуқароларга тўланмаган нафақа пуллари шу кишилардан, яъни аризада фамилиялари келтирилганлардан талаб қилингани ростми?

- Ҳа шундай бўлган, деди Давлат тижорат Халқ банки Фарғона вилоят, Қўштепа тумани филиали Кредитлаш бўлими мутахассиси.

Мустақил матахассис фикри

Қўштепалик аризачилардан келган хатни банк-кредит масалалари бўйича мутахассис Тошбекка юбордик ва у хат билан танишиб чиқди.

Тошбек, хатда фақат битта томоннинг фикри акс этгани, боз устига мазкур жанжал материаллари билан шахсан таниш эмаслиги учун шикоятчиларнинг ҳақ-ноҳақлиги тўғрисида фикр билдиришдан тийилди.

Бироқ у хатда тасвирланган қонунбузарликларнинг Ўзбекистондаги банклар учун характерли эканлигини яширмади.

- Вилоятларда бундай ҳолатлар кўп учраб туради. Раҳбарлар лавозимга келиш, мўмай давромад ишлаб олиш мақсадида қинғир ишларга қўл уриши жуда кенг тарқалган. Лекин аризадаги ҳолат жуда аянчлидир. Чунки бу банкда ўз камомадини ёпиш учун қўрқмасдан пенсия пулларини ишлатиб юборган экан, бу оғир жиноят ҳисобланади, деди банк-кредит масалалари бўйича мутахассис.

Пенсиялар кечикиши сурункали касалликка айланган

Қўштепалик собиқ “банкирлар” аризасида гап “2014-йил ноябрь, декабрь ойларидаги фуқароларга тўланмаган нафақа пуллари” устида борган.

Агар Қўштепада нафақа пуллари тўланмагани хатда жиноят билан изоҳланса, нафақа таъминотидаги ўша йилги бошқа узилишларни нима билан изоҳлаш мумкин:

Мана 2013-2014 йиллардаги баъзи сарлавҳаларимиз:

"Пенсия пули берилмаётганидан шикоят қилганлар кўпайди",

"Марказий банк нақд пул тақчиллигини инкор қилди; ойлик ва пенсиялар кечикиши кўпаймоқда",

"Нақд сўм тақчиллиги энг муҳтож қатламни пулсиз қолдирмоқда",

"Қашқадарёлик пенсионерлар вақти нақд пул кутиб ўтмоқда".

XS
SM
MD
LG