Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:26

МХХ ва аксилтеррорчилар “Ўрикзор”дан диний адабиëт қидирмоқда


Uzbekistan -- Uzbek police officers stand guard near a polling station in Tashkent, March 29, 2015
Uzbekistan -- Uzbek police officers stand guard near a polling station in Tashkent, March 29, 2015

Тошкентнинг қатор маҳаллалари¸ хусусан¸ Учтепа туманида жойлашган “Ўрикзор” маҳалласида шаҳар МХХ ва ИИБнинг Террорчиликка қарши кураш бошқармаси вакиллари уйма-уй кириб¸ диний адабиëтларни “кўздан кечирмоқда”. Уйидан хорижда нашр этилган диний китоблар¸ хусусан Қуръон чиққан хонадон эгалари махсус суҳбат учун расмий идораларга олиб кетилмоқда.

“Ўрикзор” кўчаларидаги формалилар кўпайди

Тошкентнинг айни номдаги йирик улгуржи бозори қаршисида жойлашган “Ўрикзор” маҳалласида яшовчилардан бири ўзи гувоҳ бўлган воқеани Озодликка ҳикоя қилиб берди:

-Қўшнимникига келишди. Дарвозани жиринглатишди. Иккита милиция формаси кийган¸ иккита формасиз эркак турган экан. Йўлакка киришди. Хонадон эгасининг “Хизмат акалар?” деган саволига биз Тошкент шаҳар МХХ данмиз¸ деб битта формасизи ҳужжат кўрсатди. ММХ да ишлашини тасдиқловчи ҳужжат экан. Кейин хонадон эгасидан “Уйингизда Қуръон борми?” деб сўрашди. “Ҳа”¸ дегандан кейин¸ “Олиб чиқинг” дейишди. Олиб чиққандан кейин¸ уни варақлаб биринчи ва охирги варақларини текширишди. “Бу ўзимида чиққан экан¸ бунга рухсат бор”¸ дейишди. Кейин “Ëтоқхонангизни кўрсак бўладими?” деб сўрашди. Ëтоққа кириб¸ уй эгасидан бу ерни очинг¸ токчани кўрсатинг қилиб¸ қараб чиқишди. Ўзлари ҳеч нарсага тегишмади. Кейин подвалингизни кўрсатинг¸ дейишди. Униям кўрсатишди. Бунақа текшириш нима учун қилинаëтганини айтишмади¸ ҳеч қанақа ордер кўрсатишмади. Уйидан ҳеч нарса чиқмаганидан кейин¸ бу текширишни ҳужжатлаштирмасдан¸ чиқиб кетишди¸ дейди Озодликка ўрикзорликлардан бири.

Ушбу маҳаллада яшовчилардан яна бири ўз шахси сир қолиш шарти билан жорий ҳафта “Ўрикзор” маҳалласини “мелиса” босганини айтади.

“Икки кун олдин уйимнинг олдида тўпланган 30 мелисани ўзим санадим. Маҳалладагилар қўрқиб кетди. Маҳалламизда 1500 тача хонадон бор¸ шундан ҳар иккитадан битта уйга кирди десам¸ хато бўлмас. Кирганлар тинтув учун бирор санкция ëки қарор кўрсатишмаган. Нима қидиришаëтгани¸ нимага айни шу хонадондан қидиришаëтганини ҳам айтишмаган. Одамлар ҳам МХХчиман деб мелиса билан келгандан қўрқиб¸ ҳужжат талаб ҳам қилмаган. Гап-сўзларга қараганда¸ бизнинг маҳалламизда ишидчиларга алоқадорларни қидиришаяпти экан. Кимнинг уйидан четда чиққан арабча Қуръон чиқса¸ эгасини сўроқ-жавобга олиб кетишаяпти экан. Олиб кетилганлар уйига қайтибди¸ деб эшитдим”¸ дейди ўрикзорликлардан бири.

Бу суҳбатдош¸ рейд давомида “кўздан кечирилган” хонадонларнинг қайси асос билан танланганини тушуниш қийинлигини айтади:

“Маҳалламизда ўранганлар бор¸ лекин кўп эмас. Фақат ўранганларникига кирди¸ деб ҳам бўлмайди. Чунки институтда дарс берадиган¸диндор бўлмаган қўшниникига ҳам киришди. Биттаси “Нима асосда текширмоқчисизлар?”¸ деган экан¸ Тошкент шаҳар ҳокими ва МХХнинг тегишли қарори бор¸ депти. “Кўрсак бўладими¸ шу қарорни” деса¸ ўзича бир нарасалар ўқиб берибди¸ лекин қўлига ҳеч қанақа қарор бермапти. Уйи тинтилганларга ҳам на бир қарор¸ на бир баëннома беришмапти. Одамлар қўрқувда. Кимлардир¸ маҳалладан иккита аëл Сурияга бориб келган экан¸ шунга дейишаяпти. Ўтган ҳафта маҳалламиздан эски бир Москвич машинаси ўғирланган. Бунақа бой маҳаллада шунча қиммат машина туриб¸ нега айнан эски Москвични ўғирлашди¸ ўғирлаганлар уни портлатиш учун ишлатмоқчи шекилли¸ деган ваҳима тарқабди. Кимдир бу рейд ана шу ваҳима билан боғлиқ дейди. Лекин ҳеч ким аниқ билмайди”¸ дейди ўрикзорлик манба.

“Ўрикзор” маҳалласи жойлашган Учтепа туман ҳокимлигига яқин манба¸кейинги кунлар давомидаМХХ ва ИИВ нинг Террорчиликка қарши кураш бўлинмаси Ўрикзорда рейд ўтказганини тасдиқлади ва уни шаҳар ҳокими тавсияси билан ўтказилаëтган диний экстремизмга қарши навбатдаги оммавий тадбир сифатида талқин этди.

“Тадбир давомида айримлардан Хайрулла Ҳамидовнинг ваъзлари ëзилган дисклар мусодара қилинди. Биттасининг компютер процессори терроризм болалари томонидан текширишга олиб кетилди. Нима чиққанини бизга айтишмади. Ўранган хотин-қизлар радикал диндор эмас¸ шунчаки модницалар экан. Ҳозирча тадбир давомида қамалганлар йўқ”¸ деди Озодликнинг расмий тизимлардаги манбаси.

Рейд¸ тинтув¸ кўздан кечириш ëки оммавий тадбир?

Озодлик “Ўрикзор” маҳалласида яшовчилар тасвирлаган воқеага ҳуқуқий жиҳатдан баҳо беришни сўраб ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловга мурожаат қилди. Ҳуқуқшунос¸ гувоҳлар ҳикоясидан бу жараëннинг легал жиҳатдан айнан қандай таснифланиши мавҳум қолаëтганини айтади:

-Ўзбекистон конституцияси ва қонунчилигида кўра¸ уй-жой дахлсизлиги¸ шахс дахлсизлиги деган нормалар бор. Бу нормаларга кўра¸ бирор тизим жиддий асос ва тегишли ҳужжатсиз одамларни уйига кириб¸ оммавий тинтув-текширув ўтказа олмайди. Шубҳали ва гумонланувчи деб кўрилган шахснинг уйини кўздан кечирадими¸ текширадими ëки унда тинтув ўтказишидан қатъий назар¸ процессуал қонунчиликдан келиб чиқилса¸ суднинг айнан шу шахс манзили кўрсатилган ажрими¸ суриштирув органининг қарори бўлиши шарт. Лекин “Ўрикзор”даги воқеалар¸ гувоҳлар ҳикоясидан келиб чиқилса¸ процессуал қонунчиликка тушмайди. Шунинг учун бунақа оммавий тинтув ëки кўздан кечиришнинг қайси асосда ўтказилаëтгани¸ қайси қонунчиликка кўра қилинаëтганини шарҳлаш қийин¸ дейди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ ўтган йилнинг сўнгги ойларида Тошкент шаҳри ва вилоятида ишидга алоқадорлик айби билан 200 дан ошиқ одам ҳибсга олинган ва уларнинг қамоққа олинишига айнан компютер ва мобил телефонидан экстремистик мазмундаги диний материаллар топилгани асос бўлган.

XS
SM
MD
LG