Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:43

140 минг одам Жаҳон банкидан Ўзбекистонга кредит бермасликни талаб қилди


Жаҳон банки логотипи.
Жаҳон банки логотипи.

Халқаро ҳуқуқ фаоллари, касаба уюшмалари ва бизнес соҳаси вакилларидан иборат Cotton Campaign коалицияси 9 март куни Вашингтонда Жаҳон банки президенти Жим Кимга Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига кредит беришни тўхтатиб туриш талаби билан петиция топширди. Петицияни бутун дунё бўйлаб 140 минг одам имзолаган.

140 минг одам Жаҳон банкидан Ўзбекистонга кредит бермасликни талаб қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00
Бевосита линк

Cotton Campaign коалицияси Жаҳон банки президенти Жим Кимга топширган петицияда Ўзбекистон пахтачилик соҳасида аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сиёсатини ўзгартирмагунига қадар Тошкент ҳукуматига қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун кредитларни бермай туриш илтимос қилинган.

Петицияда коалиция 2015 йилда мажбурий меҳнатни мониторинг қилиш жараёнида Ўзбекистонда камида бир миллион одам пахта теримига ўз ихтиёрига қарши равишда жалб қилингани аниқлангани айтилади. Коалиция бу борада ҳукумат расмий кўрсатмалари, интервьюлар, ҳисоботлар, аудио ва видео ёзувлардан иборат ҳужжатларга эга эканини таъкидлаган.

Халқаро меҳнат ташкилоти 2015 йилги пахта мавсумини бевосита кузатиш давомида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбуран пахтага чиқараëтганини тасдиқласа¸ Жаҳон банки Тошкентнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш иддаоси билан тақдим этган дастурларига ажратилган 500 миллион долларлик кредитни тўхтатиши керак эди. Аммо ХМТ бундай хулоса чиқармагани ва Жаҳон банки ярим миллиард доллар қарзни берадиган бўлгани тўғрисида Озодлик радиоси ўтган йилнинг 18 декабрь куни хабар қилган.

Февраль ойида ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари ҳам Жаҳон банкининг бундай қароридан норозилик билдириб, Жаҳон банкининг Мустақил назорат кенгашига Ўзбекистонда мажбурий меҳнат мавжудлиги борасидаги фактлар юзасидан текширув ўтказиш талаби билан мурожаат қилган. Мурожаатга имзо чекканлардан бири Малоҳат Эшонқулова гапиради:

- Инсон ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистонга келганда нима учун ҳалқаро ташкилотлар кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб олаётгани биз учун жумбоқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича энг заиф мамлакат. Бу ерда мажбурий меҳнат, сиёсий маҳбусларни қийноққа солиш ва диктатура ўта ривожланган. Бу ўринда биз Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлдик. Шунинг учун биз ўз норозилигимизни қайсидир бир кўринишда билдиришимиз керак эди ва бу ишни амалга оширдик, -деди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Жаҳон банки фақат Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳукумат расмийлари кузатуви ва назоратида олган ҳужжатларига таянган ҳолда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат сиёсати борлигини тан олишни истамаётганини таъкидлайди. Унинг айтишича, бу билан Жаҳон банки ўзи белгилаган тартиб-қоидаларни ўзи бузмоқда.

- Жаҳон банкининг қоидаларига асосан, банк лойиҳаларини амалга оширишда мажбурий меҳнат қўлланилмаслиги лозим. Аммо Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнат мавжуд ва бу ҳолат банкнинг қоидаларига зид келади. Бироқ Жаҳон банки, балки катта миқдордаги кредитлардан олинадиган устама фоиз даромади ортидан қувиб, бу ҳолатни тан олишни истамаётгандир. Ҳар ҳолда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларида Жаҳон банкининг ҳаракатлари мана шундай таасурот қолдирмоқда, -деди Елена Урлаева.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки томонидан имзоланган 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки январь ойида Ўзбекистонга 3,5 -4 миллиард долларлик кредит беришини билдирган.

Бу Жаҳон банки Ўзбекистонга бераётган энг катта кредит бўлиб ҳисобланади. 2012-2015 йиллардаги ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки Ўзбекистонга 1 миллиард 973 миллион доллар қарз берган эди.

XS
SM
MD
LG