Ўтган ҳафта Тошкентда қаттиқ қўриқланадиган давлат резиденцияси ҳудудида фаҳш билан шуғулланган прокуратура, МХХ ва бошқа тузилмалар ходимлари қўлга олингани айтилмоқда. Бу ҳақда хабар тарқатган Узметроном нашрига кўра, Ички ишлар вазирлигига яқин жойлашган “Туркистон” (собиқ “Шелковичная”) мажмуасига Миллий Хавфсизлик Хизмати уюштирган махсус рейд натижасида жами 32 киши ушланган. Озодлик манбаси бу хабарни тасдиқлаб, мазкур рейдни МХХ раҳбарияти тарафидан президент маъмурияти бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровга қарши ҳаракат, дея атади.
Узметроном эълон қилган хабарда давлат тасарруфидаги “Туркистон” (собиқ “Шелковичная”) резеденциясига Миллий Хавфсизлик Хизматига доир ниқобли гуруҳ рейд уюштирган. Махсус амалиёт натижасида Тошкент марказида, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда президентнинг Оқсарой қароргоҳига яқин жойлашган мажмуа ҳудудидаги коттежларда фоҳишалар билан айшу ишрат қилаётган прокуратура, МХХ ва бошқа идоралар ходимлари қўлга олинган. Жами қўлга олинган 32 киши Ички ишлар вазирлигига олиб борилган, дейди ҳокимият идораларидаги ишончли манбаларига таяниб нашр муҳаррири Сергей Ежков.
“Булар прокуратура ва конторанинг (МХХнинг, демоқчи-таҳр.) ўрта миёна даражадаги одамлари бўлган. Улар ўз хизмат ваколатларидан фойдаланган ҳолда резиденцияга кириб, айшу ишрат қилишган. Лекин бу ёпиқ объект ҳисобланади. Гап Рашидовнинг собиқ резиденцияси ҳақида кетяпти, унинг олдида “Шелковичная” (ҳозирги “Туркистон”) меҳмонхонаси бор. Мажмуанинг ўзи эса баланд девор ортида, қарағайзор ичида Рашидовнинг собиқ резиденцияси бор, ичида коттежлар бор. Рейд ўша ерда бўлиб ўтган”, дейди Ежков.
Узметроном мақоласида “Туркистон” мажмуаси ҳудудида уй қамоғига олинган юқори даражали амалдорларни сақлаш учун махсус коттежлар қурилгани ёзилади.
Рейд нишони Зелимхон Ҳайдаров
Нашр хабарида Оқсарой қароргоҳига яқин жойлашган мазкур мажмуанинг президент маъмурияти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров ваколатлари доирасида экани инобатга олинса, ниқобли гуруҳ ёрдамида амалга оширилган махсус амалиётнинг асл нишони ҳам президентнинг кўп йиллик сафдоши бўлиши мумкинлигига шама ҳам қилинади.
Озодликнинг Ўзбекистон ҳокимият идораларига яқин манбаси шанбага ўтар кечаси Тошкентнинг Юнус Ражабий кўчасида жойлашган “Туркистон” давлат резиденцияси ҳудудида рейд амалга оширилганини тасдиқлади. Бу манба ҳам амалиётдан асл мақсад “Зелимхоннинг мавқеига зарба бериш” бўлган, дея иддао қилди.
“Зелимхон Ҳайдаров билан МХХ раиси Рустам Иноятовнинг муносабатлари эскитдан яхши бўлмаган. Лекин, айниқса, сўнгги бир йил ичида иккаласи қирпичоқ бўлишяпти. Улар бир неча масалада чиқиша олмаган. Энг сўнгги зиддият кадрлар масаласида чиқди. Ўтган йили Зелимхон ўз одамини юқори амалга тайинлатмоқчи бўлганида, Иноятов қайтариб юборган. Зелимхон ҳам бўш келмасдан, жуда нуфузли канали орқали Иноятовга босим ўтказиб, ўз одамининг юқори лавозимга тайинланишига эришди. Шундан кейин иккаласининг ўртасида қарама-қаршилик янада кескинлашди. “Туркистон”да бундай айшу ишратлар доим бўлиб келган, ўзи МХХчиларнинг паккасику бу резиденция. Шу пайтгача ҳеч ким индамасдан келди, бирданига кимгадир керак бўлиб қолди бу нарса. Чунки резиденция Зелимхоннинг ваколатида”, дея иддао қилди Озодлик манбаси.
Коттежлардан бирида уй қамоғидаги Гулнора сақланмоқда
Зелимхон Ҳайдаров билан Рустам Иноятов ўртасида зиддият кучайгани тўғрисидаги иддаоларни бошқа бир манба ҳам тасдиқлади. Ўзбекистон куч ишлатар идораларидаги бу манба баланд девор билан ўралган “Туркистон” давлат резиденцияси ҳудудида уй қамоғига олинган юқори даражали собиқ амалдорларни сақлаш учун махсус коттежлар қурилгани тўғрисидаги иддаоларни тасдиқлади.
“Бу коттежлардан бирида икки йилдан бери президентнинг қизи Гулнора Каримова сақланмоқда. Яқингача МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг манзили ҳам шу коттежлардан бири эди”, дейди Озодлик манбаси.
Ҳокимият йўлакларидаги гап-сўзлардан яхши хабардор Узметроном нашри қаттиқ қўриқланадиган давлат резиденцияси ҳудудида “гуруҳли фаҳшбозлик”нинг аниқлангани Зелимхон Ҳайдаровнинг ўз лавозимидан кетишига олиб келмаса-да, унинг мавқеига, қолаверса ҳокимиятнинг турли қатламларидаги одамларига жиддий путур етказишига олиб келишини тахмин қилади.
70 ёшли Зелимхон Ҳайдаров собиқ совет даврида Ўзбекистон ССР Компартияси аппаратида Ислом Каримов билан бирга ишлган ва иккаласи ўртасидаги муносабатлар бир неча ўн йиллик тарихга эга. 1993 йилда Ўзбекистон президенти маъмурияти бошлиғи этиб тайинланган Ҳайдаров орадан ўтган 23 йил ичида мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бирига айлангани айтилади.
“Туркистон” резиденцияси Тошкентнинг қоқ марказида Оқсарой ва Ички ишлар вазирлигидан бир хил масофада жойлашган.