Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Ўзбекистон -Қирғизистон ўртасидаги Унгартепа-Ункуртоғ жанжали авж ола бошлади


Унгартепа-Ункуртоғ.
Унгартепа-Ункуртоғ.

Интернет тармоқларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган Унгартепа-Ункуртоғ стратегик ҳудуди қирғиз ҳукумати томонидан 2006 йилдаёқ Ўзбекистонга тегишли экани тан олинган ҳужжатнинг пайдо бўлиши ортидан Қирғизистонда босилаёзган сиёсий жанжал яна авж ола бошлади. Мазкур стратегик аҳамиятга эга тепалик юзасидан жанжал Бишкекда март ойи охирларида бошланган эди.

Тошкент Унгартепа, Бишкек Ункуртоғ деб атовчи тепаликда Ўзбекистоннинг телефон сигналларини узатувчи, Қирғизистонинг эса телерадиотўлқинларини ретрансляция қилувчи станциялар мавжуд. Бу тепаликдан бутун Фарғона водийсига таралувчи сигналларни назорат қилиш имконияти мавжуд.

2011 ва 2013 йилларда Ўзбекистон мазкур ҳудудда ўз назоратини ўрнатишга ҳаракат қилган, аммо бунга эриша олмаган эди. 2013 йилнинг 22 сентябрида Ўзбекистон чегарачилари вертолётда телерадио сигналларини тарқатувчи станция ҳудудига кириб келган. Кейинроқ уларни қирғиз томони ортга қайтарган.

Интернетда сўнгги бир неча кун ичида Унгартепа-Ункуртоғ ҳудуди 2006 йилдаёқ Қирғизистон томонидан Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олингани тўғрисидаги ҳужжатлар нусҳалари пайдо бўлди. Мазкур ҳужжатларга ишонилса, собиқ президент Қурмонбек Бакиев 2006 йилнинг 23 сентябрида Тошкент билан чегара масаласида имзоланган протоколда Унгартепа-Ункуртоғ Ўзбекистон ҳудуди эканини тан олиши қайд этилган. Протоколда мазкур ҳудуднинг номи Унгартепа, деб ёзилган.

Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг ўша пайтдаги раиси Саламат Аламанов ҳақиқатан ҳам мана шундай ҳужжат имзоланганини тасдиқлади.

- Бир киши ҳужжатга қўл қўйган бўлса, бутун масъулиятни ўша шахсга юклаб қўйиш нотўғри булади. Чунки бу ҳужжатга қўл қўйилгунига қадар туман, вилоят ва республика бўйича ер, картография мутахасислари бу масалани ҳужжатлар орқали ўрганиб, бу борада ўз хулосаларини тақдим этишган. Президент ёки бош вазир ўзи хоҳлагандай қилиб, бу ишни амалга ошира олмайди. 1955 йилдаги ҳужжатларда Ункуртоғ Ўзбекистон ҳудуди экани аниқ қайд этилган. Агар Қирғизисон мутахасислари бунинг аксини исботловчи ҳужжатни топиша олса, унда бошқача гап бўлиши мумкин, - деди Саламат Аламанов.

Унгартепа-Ункуртоғ масаласи Қирғизистонда 18 март куни Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техникак ва аскар киритганидан сўнг икки давлат ўртасидаги вазият анча кескинлашгган пайтда кўтарилган эди.

Ўшанда Қирғизистоннинг Карвон туман шаҳар кенгаши ҳукуматдан стратегик аҳамиятга молик тепаликдан қирғиз станцияларини бошқа жойга кўчириш ҳақида кўрсатма келгани, кўрсатмада бу ҳудуд Ўзбекистонники экани қайд этилганини ошкор этиб, катта жанжал кўтарган эди.

Мазкур воқеа парламентда ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинган, аммо ҳукумат ўз кўрсатмасида Ункуртоғ Ўзбекистонга тегишли эканини тан олмаган. Парламент эса бу кўрсатма юзасидан текширув ўтказишни бош прокуратурага топширган. Бош прокуратура 20 апрелгача текширувни якунлаб, жамоатчиликка ҳисобот бериши лозим.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича мутасаддиси Қурбанбай Искандеров Бишкек Унгартепа-Ункуртоғнинг Ўзбекистон ери эканини тан олмаслиги ва бу ер икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолаётган 58 ҳудуддан бири эканини айтиб чиқди.

Бироқ қирғиз парламентидаги мухолифатчи “Республика –Ата Журт” фракцияси ҳукуматнинг бу борада қабул қилган ҳужжатларини текшириш юзасидан мустақил тергов бошлади.

18 март куни Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритганидан сўнг икки давлат ўртасидаги бунгача ҳам илиқ бўлмаган муносабатлар кескинлашуви ортидан Бишкек расмийлари Ўзбекистонга оид бир қатор қарорларни қабул қилди.

Масалан, 30 март куни“Ўртатўқай” (Ўзбекистонда Косонсой, деб аталади) ва Каркидон сув омборлари, Катта Наманган, Чуст, Норин, Сўх-Шохимардон, Лаган, Савай каналларини Ўзбекистон ихтиёридан Қирғизистонга қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.

4 апрель куни эса Қирғизистон бош вазири Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга тегишли 4та пансионатни миллийлаштириш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

XS
SM
MD
LG