Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:46

Тожикистонда энг сўнгги мадрасалар ҳам ёпилди


Хўжанддаги "Имом Аъзам" мадрасаси.
Хўжанддаги "Имом Аъзам" мадрасаси.

Тожикистонда бундан буён мадраса деган сўз тарих қаъридан жой олади. Ҳукуматнинг ёшларни “экстремизмдан ҳимоя қилиш" режаси асосида мамлакатнинг Сўғд вилоятида қолган энг сўнгги мадрасалар ҳам ёпилди. Экспертлар мадраслар ёпилиши ортидан диний таълим Совет даврида бўлгани каби яширин равишда берилаверишини айтмоқдалар.

Тожикистонда расман фаолият юритган 19 мадраса фаолияти бундан уч йил аввал тақиқланган эди. Бироқ шунга қарамай, Сўғд вилоятидаги бир нечта мадраса Тожикистон Маориф ва фан вазирлигидан фаолият юритишга рухсат сўраб ариза киритгани ортидан таълим беришда давом этаётганди.

Сўғд вилоят ҳокимияти расмийси Суҳроб Рустамзоданинг билдиришича, “Маориф ва фан вазирлиги таълим сифати замонавий талабларга жавоб бермагани туфайли мадрасалар фаолиятини давом эттиришга рухсат беришдан тийилди”. Шу муносабат билан энг сўнгги мадрасалар ҳам расман ёпилди.

Суҳроб Рустамзоданинг айтишишча, бундан буён диний таълим фақат битта ўқув юрида - Тожикистон Ислом институти қошидаги гимназияда олиниши мумкин.

Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси собиқ раҳбари Саид Ахмадов Озодлик радиоси тожик хизматига мамлакатда мадрасларни ёпиш жараёни 7 йил аввал бошлангани ҳақида гапириб берди.

Унга кўра, ўша пайтда ёшларни экстремистик мафкурадан ҳимоя қилиш мақсадида мадрасалар сонни қисқартириш ҳақидагина гап бўлган. Унга кўра, мадрасалардаги ўқитиш жараёни ўтган асрлардан бери ўзгармагани, замонавийлашмагани оқибатида вазият мадрасаларни ёпиш даражасига етиб келди.

Саид Ахмадовнинг айтишича, мадрасалар ёпилганидан сўнг унда ўқиётган толиби илмлар давлат тассаруфидаги бошқа ўқув юртларига кўчирилади. Масалан, Душанбедаги Абу Ханифа мадрасаси толиблари педагогика техникумларига жойлаштирилган.

Шу билан бир қаторда, Тожикистонда давлат рухсатисиз диний таълим бериш ҳам қонун тақиқланган. Ноқонуний равишда диний таълим берган шахслар 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундан ташқари президент Эмомали Раҳмон кўрсатмаси билан Покистон, Афғонистон ва Миср мадрасаларида ўқиётган 3054 нафар тожикистонликнинг 2895 нафари ватанига қайтарилган. Бироқ улар кўп ўтмай Россияга кетиб, у ердан яна ўзлари ўқиётган мадрасаларга етиб борган.

Тожикистон ҳукумати мадрасаларнинг ёпилишини динга қаршилик сифатида қабул қилмаслик кераклигини, бу чора ёшлар ўртасида экстремистик кайфиятларнинг олдини олиш мақсадида қўлланилганини айтиб келади. Бироқ диндорлар мадрасаларнинг ёпилишини динга қарши зарба сифатида баҳоламоқда.

Душанбе расмийларига кўра, диндорларнинг бундай айбловлари асосиздир, чунки ҳукумат ислом асосларини ўргатишни ўрта таълим мактаблари зиммасига юкламоқда.

Жорий йилдан бошлаб ўрта мактабларнинг 9-синфида “Дин тарихи” предмети ўқитила бошланади. Бу предметнинг номи дастлаб “Исломий таълим”, деб номланган ва у бир неча йил аввал мактабларда ўқитила бошлаши режалаштирилган эди. Бироқ “Исломий таълим” дарслиги чоп этилганидан сўнг Маориф ва Фан вазирлиги мазкур предметнинг мактаб дастурига киритилишига кескин қаршилик қилган. Шундан сўнг дарслик “Дин тарихи” сифатида қайта ишлаб чиқилган.

Олий ўқув юртларида эса жорий йилдан бошлаб “Диншунослик” фани ўқитила бошланади.

Бироқ экспертлар бундай чоралар ёшларнинг диний таълим олиш интилишини тўлиқ қондира олмайди ва Қуръонни ўрганиш яширин равишда давом этаверади, деб ҳисобламоқдалар. Экспертларнинг айтишларича, мадрасаларнинг ёпилиши экстремистик кайфиятлар тарқалишининг олдини ололмайди, аксинча бундай кайфиятнинг кенгроқ тарқалишига сабаб бўлади.

“Мадрасалар ва уларда ўқиётганлар ҳукумат назоратида эди, энди эса талабалар чаламулла ҳолатда кўчага улоқтирилди”, дейди эксперт Саид Ахмадов.

XS
SM
MD
LG