Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:26

Тахиатош ИЭС ишчиларидан "ўлсам айб ўзимда", деган тилхат олинмоқда


Қорақалпоғистондаги "Тахиатош иссиқлик электр станцияси" ишчиларидан "бахтсиз ҳодисалар юз берган тақдирда жавобгарликни тўлиқ ўз зиммамга оламан", деган мазмундаги тилхат- кафолат хати олинмоқда. Озодликка келган шикоятда даъво қилинишича, маъмурият моддий ёрдам ва товон пули тўлаш мажбуриятини зиммасидан соқит қилмоқчи, аммо маъмурият буни ишчилар хавфсизлигини ҳимоя қилиш, деб изоҳламоқда.

"Тахиатош иссиқлик электр станцияси" (ТИЭС) ишчилари номидан йўлланган шикоятда, жумладан, шундай дейилади:

"Бу кафолат хати мазмуни қисқача айтганда, иш вақтида бирор кор-ҳол бўлса, ўзим жавобгарман, ўзим айбдорман, станциядан ҳеч нарса талаб қилмайман ва шунга ўхшаган бўлмағур гаплар. Ҳар бир давлатда меҳнат кодекси бор, шу ерда ишчини ҳақ-ҳуқуқлари белгилаб берилган. Булар жинними, қонун нимага керак, деб ўзимга савол бериб, жавоб тополмаяпман".

Шикоятда даъво қилинишича, кафолат хатини ёздиришдан мақсад ТИЭСдаги ускуналарнинг аксарияти эскиргани ва кейинги пайтларда ишчилар иш вақтида жароҳатланаётгани, бахтсиз ҳодисага учраётганлар сони ортаётганидир.

Шикоят ортидан Озодлик билан суҳбатлашган станция ишчиси яқинларидан бири ИЭС раҳбарияти бундай ишчиларга моддий ёрдам ва товон пули беришга қийналаётганини айтди:

"Ҳар куни битта ҳодиса бўлади, бу станцияда. Кимнидир ток уради, кимнидир нимадир босиб қолади, кимдир куяди. Булар кейин даволаниш учун моддий ёрдам сўраса: "Ўзинг техника безопасностига амал қилмагансан", деб моддий ёрдам бермаяпти. Ҳозир энди ҳаммасини ўзининг зиммасига юклаб қўйишяпти-да", деди бу манба мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Тахиатош ИЭС раҳбарияти ишчилардан кафолат хати олинаётганини тасдиқлади. Станция мулозимларидан бирининг айтишича, сўнгги 2 ҳафтадан буён кафолат хатлари олинмоқда ва бундан кўзланган асосий мақсад ишчилар орасида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва ҳушёрликни оширишдир.

Ишчилар арзида айтилганидек, "Станция маъмурияти бу билан моддий ёрдам ва товон пулини тўлаш мажбуриятидан қутулмоқчими?" деган саволга бу мулозим аниқ жавоб бермади.

ТИЭСнинг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири кафолат хати йиғиш ҳақидаги топшириқ марказдан - "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятидан келганини айтди. "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти раҳбарияти ва хусусан, айни масалага масъул бош назоратчиси Зоир Атаев, деб тақдим қилинган мулозимдан эса бу борада ҳозирча бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар Вазирлар Маҳкамаси 1997 йилда тасдиқлаган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинган.

Низомга кўра, иш вақтида бахтсиз ҳодиса содир бўлган тақдирда Н-1 формаси тўлдирилади ва ҳодиса сабаблари ўрганилади. Сўнгра 15 иш куни ичида жабрланган ишчига моддий ёрдам ёки товон пули тўлаш ёхуд тўламаслик ҳақида қарор берилади.

Тахиатош ИЭС Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлаб берувчи асосий манбадир. Станция 1956 йилдан буён ишлаб келади. Ундаги жиҳозлар ва қозон, турбина агрегатларининг анча эскиргани расмий манбаларда ҳам қайд этилган.

2015 йилда "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти 2015-2020 йиллар орасида бу станцияни модернизация қилиши, бунинг учун қарийб 700 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қийматга эга бўлган лойиҳа ҳозирланганини маълум қилган эди.

Бу маблағнинг 300 миллиони Осиё тараққиёт банки, қолган қисми эса Ўзбекистон Таъмир ва тараққиёт жамғармаси ҳамда "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти томонидан қопланиши айтилган.

Модернизациядан сўнг бу станциянинг бир йиллик қуввати 3 миллиард 185 миллион кВт соатдан 5 миллиард 400 миллион кВт соатга ошиши айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG