Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:12

Самарқандда ИШИДга одам ёллашда айбланган 5 киши қамалди


Суриядаги ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон.
Суриядаги ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди “Исломий давлат” террор гуруҳига алоқадорликда айбланган 5 киши, жумладан, бир аёлни 10 йилдан 13 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Судланувчилардан икки нафари ИШИДга одам ёллашда, уч нафари эса жиҳодга кетишни режалаганликда айбдор деб топилди.

Бекчитаев бошчилигидаги гуруҳ

Маҳкама жараёнида аниқланишича, ушбу гуруҳ ташкилотчиларидан бири самарқандлик 23 яшар Икром Абдусатторов қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва одамларни Москва орқали Сурияга жўнатишга бош-қош бўлган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар, жумладан, Podrobno.uz сайти Самарқанд вилоят судига таяниб хабар қилди.

Маълум бўлишича, ёлланган одамлар “Москва- Сочи- Истанбул- Сурия” йўналиши бўйича жиҳодга жўнатилган.

Самарқандда Сурияга одам ёллашга асосан, 55 яшар Руслан Бекчитаев бошчилик қилгани аниқланган. Аввал уч марта судлангани айтилаётган Бекчитаев жума намозларидан сўнг ҳамюртларини йиғиб, уларни жиҳодга ундаб, ИШИД сафига қўшилишга чақириб келгани айтилади суд ҳукмида.

Бекчитаев воситачилигида жиҳодга кетишни истовчилар Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам “Исломий давлат” жангарилари билан алоқа ўрнатиб келгани аниқланган.

Гуруҳ аъзолари Ўзбекистон ва Россия махсус хизмати ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар натижасида қўлга олинган.

Podrobno.uz сайтининг Самарқанд судидаги манбага таяниб ёзишича, гуруҳ аъзолари Москвада нафақат самарқандликлар балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан ҳам одамларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланиб келишган. Фақат гуруҳ жами нечта кишини жиҳодга жўнатгани очиқланмаган.

Ўзбек МХХси қўлга олинган гуруҳ аъзолари уйидан экстремистик адабиётларни топишган. Гуруҳ аъзоларининг Интернет ёзишмаларида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда исломий давлат барпо қилиш режалангани акс этгани айтилаяпти.

Бекчитаев ва Абдусатторовдан ташқари яна уч киши ҳибсга олинган. Самарқандлик Элбек Ризаев, Шамшир Мусаев ва Дилором Ёрқулова Сурияга кетаётган пайти Сочи аэропортида қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган.

Суд беш кишининг ҳаммасини ИШИДга алоқадорликда айбдор деб топиб, уларга ўн йилдан ўн уч йилгача қамоқ жазоси тайинлаган.

5 ойда ИШИД билан боғлиқ 4 маҳкама

Бу кейинги беш ой ичида ИШИД билан боғлиқ Ўзбекистондаги тўртинчи маҳкама (Озодликка маълум бўлган)дир.

Ўтган ой Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди “Исломий давлат” террор гуруҳи сафига қўшилиш учун Сурияга кетмоқчи бўлган 7 шахсни беш йилдан тўққиз йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Мамаюсуф Маҳмудов бошчилигидаги ушбу гуруҳ аъзолари Россияга ишлашга бориб, Одноклассники тармоғи орқали ишидчилар билан алоқа ўрнатиш ва жиҳодга кетишни режалаганликда айбланди.

Июнь ойи бошида Самарқанд вилояти суди Сурияга кетиб “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қўшилишни режалагани айтилаётган 6 шахсни олти йилдан тўққиз йилгача бўлган муддатларга озодликдан махрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.Пайариқ туманидан бўлган беш эркак ва бир аёл вилоятда радикал исломий ғояларни тарғиб қилиш билан шуғулланганликда айбдор деб топилди. Улар “Исломий давлат” экстремист гуруҳи сафларига қўшилиш учун Сурияга кетишга уринган пайтда қўлга олинган.

Апрель ойида Наманган шаҳридаги академик лицей ўқувчиси ҳам ИШИДга қўшилишга уринишда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган. Наманган вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, ушбу ўсмир Одноклассники орқали “Исломий давлат” жангарилари билан алоқа ўрнатган.

Қамалган ишидчилар сони кун сайин кўпаймоқда

Турли тахминларга кўра¸ ҳозирда Сурия ва Ироқдаги турли жиҳодчи гуруҳлар сафида 500 дан 3000 минг нафарга қадар ўзбекистонлик бор. Улар аксарининг Россияда турли ижтимоий тармоқлар воситасида жиҳодчиликка ëллангани айтилади.

Жорий йил бошидан буён Россия ва Туркияда Сурияга кетмоқчи бўлган ўнлаб ўзбекистонликлар ҳибсга олинди. Май ойида АҚШда ИШИДга алоқадорликда айбланаётган олтинчи ўзбекистонлик қўлга олинди

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ сўнгги 8 ой ичида ИШИДга алоқадорлик айби билан 200 дан ошиқ одам ҳибсга олинган ва уларнинг қамоққа олинишига айнан компьютер ва мобил телефонидан экстремистик мазмундаги диний материаллар топилгани асос бўлган.

XS
SM
MD
LG