Москва полицияcининг юқори мулозими Россия пойтахтида жинсий зўрлаш асосдаги жиноятларнинг аксари марказий осиёлик муҳожирлар томонидан содир этилишини даъво қилди. Аммо мутахассислар бу рақамларга катта шубҳа билан қараш зарурлигини айтади.
Москва ички ишлар вазирлиги жиноий қидирув раҳбарининг муовини Михаил Трубниковнинг айтишича, Москвада зўрлаш ҳоллари бўйича содир этилган жиноятларнинг “75 фоизи келгиндилар томонидан амалга оширилади.”
“Ушбу жиноятларни содир этган келгиндиларнинг 90 фоизи Марказий Осиёнинг Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ватандошларига тўғри келади,” деб айтди Трубников.
Унга кўра, статистика бўйича ўтган йилга солиштирганда Москва минтақасида жиноий зўрлашга оид жиноятлар миқдори камайган.
Унинг айтишича, аёлларни зўрлаш жиноятларига, асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоан ватандошлари қўл уришади.
Бироқ кузатувчилар одатдагидек бу гал ҳам муҳожирлар жиноятларига оид келтирилган рақамлар аниқ асосланмаганини таъкидлашади.
Санкт-Петербургдаги Европа Университети профессори, мигрантлар масалалари бўйича тадқиқотчи Сергей Абашин Озодлик билан суҳбатда Москва полицияси юқори мулозими келтирган рақамларни мустақил манбалар томонидан текшириш имконсиз эканини айтди.
“Муаммо шундаки, биз берилган рақамларнинг қанчалик тўлиқлигини билмаймиз. Полиция раҳбари айтаётган 75 фоиз содир этилган жиноят, қайси даврда содир этилгани ва зўрлашга оид жиноятларнинг қанчаси судга оширилгани, судда исботлагани ва ҳукм чиқарилгани номаълум. Келтирилган рақамларга бирор аниқлик йўқ”, дейди Сергей Абашин.
Унинг ишонишича, Москва полицияси раҳбарининг баёноти Россия жамиятида муҳожирларга нисбатан шаклланган муносабатга салбий таъсир кўрсатмайди.
“Полиция мулозимининг сўзлари, албатта, муҳожирларга нисбатан ёвқараш кайфиятни бир оз кучайтиради. Лекин бундай муносабат, вақт ўтиши билан, матбуотдаги шов-шувлар тўлқини пасайгандан сўнг, унутилади. У аксилмуҳожир кайфиятини атайлабдан кучайтиришга уринмоқда, деб ўйламайман. Ўхшаш баёнотлар Москва ҳокимияти раҳабарларидан сўнгги 5-6 йил давомида давомли янграб келмоқда, деди Абашин.
Россияда содир этилаётган жиноятларнинг аксари меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилишига оид баёнотларни Россия Федерал миграция хизматининг собиқ раҳбари Константин Ромодановский бир неча бор рад этганди.
Ўз навбатда Россия расмийлари Москвада муҳожирлар томонидан содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар миқдори сўнги йилларда кўпайганини айтишади.